Ўзбекистон | 11:53
6591
4 дақиқада ўқилади

Озодликдан маҳрум қилинган 20 минг киши, 4 баробарга ошган талон-торожлар – жиноятчилик статистикаси

2024 йил Ўзбекистондаги жиноят судларида 61 минг киши судланди, 723 киши оқланди. Республика бўйлаб ҳар куни камида битта одам ўлдириш, ҳар 2 кунда бир марта номусга тегиш жиноятига доир ишлар кўрилмоқда. Сўнгги 4 йилда талон-торож қилиш билан боғлиқ ишлар эса 1,5 мингдан 6 минггача ошган. Kun.uz 2024 йилда ЖИБ биринчи инстанция судлари томонидан кўрилган ишлар юзасидан Олий суд эълон қилган рақамлар таҳлилини тақдим этмоқда.

Фото: Bloomberg / Getty Images

Олий суд 2024 йил давомида биринчи инстанция судлари томонидан жиноят ишларининг кўриб чиқилишига доир статистикани очиқлади.

Маълумотларга кўра, жиноят судларида кўрилаётган ишлар ва қатнашчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Хусусан, 2020 йилда 30 282 та жиноят иши кўрилган ва унда 38 мингдан ортиқ шахс қатнашган. 2024 йил судларда кўрилган жиноий ишлар сони эса 61 мингдан ошган, уларда қарийб 78 минг киши қатнашган.

2024 йилда ҳудудлар миқёсида Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятларида энг кўп жиноят ишлари кўрилган. Бу 3 та ҳудуд жиноятчилик кўлами бўйича бошқалардан яққол ажралиб турибди, олдинги 5 йилда ҳам жиноятчилик бўйича “пешқадам” бўлган. Шу турдаги энг кам ишлар эса Хоразм, Сирдарё ва Навоий вилоятлари ЖИБ судларида кўрилган (аҳоли сони энг кам ҳудудлар).

Шахсларнинг судланганлик ҳолати – жазо тайинланиб ҳукм чиқарилган ҳамда шартли ҳукм қилинган шахслар сони 2020 йилдан буён 2,2 баробарга – 28 минг кишидан 61 минггача ошган. Оқланганлар динамикаси эса 2023 йилгача ошиб борган – 1244 киши. 2024 йилда эса камайган – 723 кишига оқлов ҳукми чиқарилган.

2024 йилда ЖИБ биринчи инстанция судларида кўрилган ишларнинг 5 фоизи ўта оғир, 29 фоизи оғир жиноятлардир. Қолган 66 фоиз ишлар эса ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киради.

Олий суд келтирган статистикага кўра, сўнгги 5 йилликда ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар сони ошиб бормоқда.

Масалан, одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар сони 2023 йилда 358 тадан 2024 йилда 402 тага ошган. Номусга тегиш жинояти 2023 йилда 234 тадан 2024 йилда 272 тага ошган.

Бу рақамлар – Ўзбекистон бўйлаб ҳар куни камида битта қотиллик, ҳар 2 кунда бир марта номусга тегиш жиноятига доир иш кўрилаётганини/содир қилинаётганини англатади.

Бундан ташқари, статистика 2020-2024 йилларда қасддан баданга тан жароҳати етказиш, босқинчилик, безорилик, ўғрилик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар сони ҳам 2-3 баробардан ошганини кўрсатмоқда.

Хусусан, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони 2020 йилда 3941 тадан 2024 йилда 8373 тага ошган. Худди шу даврда ўғрилик жинояти 4403 тадан 8321 тага ошган. Талон-торож қилиш жинояти юзасидан ишларда эса энг катта ўсиш кузатилган – 1528 тадан 6046 тага ошган.

2024 йилда судланган шахсларнинг – 54 370 нафарини эркаклар, 7132 нафарини аёллар ташкил қилмоқда. Шу жумладан, мазкур муддатда 2214 нафар вояга етмаган ёшлар судланган.

Жиноят қонунчилигига асосан, 2024 йилда ЖИБ биринчи инстанция судлари томонидан айбдор деб топилган фуқароларга 8 турдаги жазолар қўлланган – жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш, умрбод озодликдан маҳрум қилиш ва шартли ҳукм. Энг кўп қўлланган жазолар – озодликдан маҳрум қилиш (20 655), ахлоқ тузатиш ишлари (17 390) ва озодликни чеклаш (14 644).

Статистикага эътибор қилинса, 2020 йилдан буён озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни қўллаш амалиёти жиноятлар сонига мос равишда ўсиб келмоқда. Хусусан, 2020 йилда 7,1 минг киши озодликдан маҳрум қилинган бўлса, 2024 йилга келиб 20 минг кишидан ошган. Ўтган йилда озодликдан маҳрум қилинган 20 655 кишидан 1500 нафарини аёллар ташкил қилади.

Ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоларини 2020-2024 йилларда қўллаш амалиёти

Сўнгги 5 йилда умрбод озодликдан маҳрум қилинган шахслар сони 17 нафарни ташкил қилмоқда. Ушбу муддатда энг оғир жазо энг кўп қўлланган йил 2023 йил бўлган: 5 киши умрбод озодликдан маҳрум этилган.

Мавзуга оид