Болалар учун кундузги парвариш хизмати ташкил қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг "Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 мартдан бошлаб кундузги парвариш хизмати йўналишида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш жорий этилади.
Болаларни кундузги парвариш хизматлари якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар томонидан кўрсатилиши мумкин. Бунда уларнинг давлат шериклари Қорақалпоғистон, вилоятлар ва пойтахтдаги Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги бўлинмалари ҳисобланиши белгиланган.
Кундузги парвариш хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик шартномалари Агентликнинг "Болаларга кундузги парвариш хизматлари бошқаруви" ахборот модулида электрон тарзда тузилади ва томонларнинг электрон рақамли имзолари билан тасдиқланади.
"Инсон" аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларининг тегишли тарзда бажарилиши устидан назорат амалга оширади.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яратиш мақсадида 2025 йил 1 мартдан пилот тартибида "Андижон вилоят аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш маркази" давлат муассасаси ташкил этилади.
Хусусий шерикка компенсация қуйидаги шартлар бажарилганда тўланади:
- гуруҳга камида 4 нафар бола қабул қилинганда;
- "Кундузги парвариш хизматини бошқариш" ахборот модулига кундузги парвариш хизмати доирасида ташкил этилган ҳар бир гуруҳга қабул қилинган болалар тўғрисидаги маълумотлар киритилганда.
Бунда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кундузги парвариш хизматидан бир кун фойдаланганлик учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:
- 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун БҲМнинг 25 фоизи;
- 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун БҲМнинг 27 фоизи.
Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус учун субсидия миқдори 1,1 оширувчи коэффициент қўллаш орқали белгиланади.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ҳар бир ногирон боласи учун субсидиянинг умумий миқдоридан 30 фоиз миқдорида қўшимча маблағ тўланади.
Кундузги парвариш хизмати ташкил этилган жойдан 3 км радиусдан ортиқ масофада яшовчи болаларнинг келиб-кетиши учун хусусий шерик томонидан транспорт хизмати йўлга қўйилганда, тарбияланувчининг мазкур хизматга амалда қатнашган кунлари сонидан келиб чиқиб, бир ой учун БҲМнинг 75 фоизигача миқдорида компенсация тўланади.
Мавзуга оид

15:29 / 27.05.2025
1 июндан ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилади

16:42 / 03.03.2025
Японияда қарияларга ғамхўрлик қилувчи робот яратилди

13:22 / 03.03.2025
Хизматлар соҳасига 3 млн киши жалб қилинади

13:51 / 28.02.2025