Ўзбекистон | 19:20 / 05.03.2025
21571
4 дақиқада ўқилади

Хушланмаган Temu: Ўзбекистон уни блоклашга қарор қилди

Ўзбекистон Хитойдан арзон товарлар етказиб берувчи Temu платформасига санкция киритди. 20 мартдан бошлаб мамлакатда Temu сайти ва иловаси блокланади. Аҳолига бу платформада буюртма бермаслик, ҳали етиб келмаган товарлар учун тўловни эса қайтариб олиш тавсия этилмоқда.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси эълон қилган бу янгиликка Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил охиридаги қарори асос қилиб олинган. Бу қарор билан, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган хорижий электрон савдо платформаларининг фаолияти тақиқланган. Расмийлар бу тақиқ истеъмолчилар манфаатини кўзлаб жорий этилганини айтмоқда.

Хусусан, Солиқ қўмитасининг 4 март кунги баёнотида айтилишича, Temu платформаси Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсга доир маълумотлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунларга риоя қилмаяпти.

Маркетплейслар соҳаси регулятори – Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг маълум қилишича, Temu ё Ўзбекистонга келиб, шу ерда ўз шуъбасини очиши, ёки солиқ идораларида рўйхатдан ўтиб, ҚҚС тўловчисига айланиши керак. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили ўзбекистонликлар Temu'дан жами 10 млн доллардан ортиқ нархдаги товарларни харид қилишган.

Энг арзон маркетплейс

Temu маркетплейси фавқулодда арзон нархлар билан кўплаб мамлакатлар бозорига катта тезликда кириб борган. Компания нархларни максимал тушириш, харажатларни қисқартириш учун “ишлаб чиқарувчидан тўғри харидорга” тамойили асосида ишлайди. Бу логистика ва омбор харажатларини камайтиради. Бундан ташқари, бозорни эгаллаш мақсадида демпинг – нархларни сунъий равишда пасайтириш стратегияси ҳам қўлланади. Компаниянинг демпинг мақсадидаги инвестициялари йилига бир неча миллиард долларга баҳоланади.

Temu'нинг Ўзбекистонга фаол эътибор қарата бошлаши 2024 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келди. Сентябр бошида бошланган агрессив реклама кампаниясидан атиги бир неча кун ўтиб, 8 сентябрда Temu иловаси мамлакатда энг кўп юклаб олинган дастурга айланди. Бу ютуққа эришишда платформанинг асосий қуроли – жуда арзон нархлар ва ижтимоий тармоқлардаги таргетли рекламалар бўлди.

Temu бор-йўғи 2022 йилда ташкил этилган янги компания бўлса-да, икки йил ичида жаҳон бўйлаб ўнлаб бозорларга кириб улгурган. Ҳар бир янги бозорда у бир хил стратегия қўллайди: реклама ва маркетингга катта маблағ сарфлайди. Масалан, 2023 йилда Temu'нинг глобал реклама харажатлари 2 млрд долларга етган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 6 млрд долларга чиқиши кутилган эди. Бундай улкан сармоя ҳатто ривожланган бозорлар учун ҳам катта миқдор саналади.

Бунгача Индонезия ва Вьетнам ҳам маҳаллий корхоналарни демпингдан ҳимоя қилиш учун Temu фаолиятига тўғридан тўғри чекловлар киритган эди. Туркия эса Temu'нинг кириб келиши маҳаллий Trendyol маркетплейсига катта зарба бўлгани ортидан, хорижий платформалардан онлайн харидларга божларни 60 фоизгача ошириб қўйган. Айни пайтда Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канадада Temu'га қарши қаратилган айбловлар бўйича ҳуқуқий жараёнлар давом этмоқда.

Мавзуга оид