Жаҳон | 16:41 / 08.03.2025
15287
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Хитойдан Covid-19 тарқалгани учун 24 миллиард доллар талаб қилди

Суд Хитой «пандемия хавфи ва кўлами тўғрисида дунёни чалғитгани» ва «шахсий ҳимоя воситаларини йиғиш бўйича монополистик амалиётлар билан шуғулланганини» эътироф этди.

Фото: Reuters

Миссури штатининг Шарқий округи суди Хитой ҳукуматини пандемия бошида коронавирус тарқалиши ҳақидаги маълумотларни яширганликда айбдор деб топди. Суд Хитойни 24 миллиард доллардан кўпроқ тўлашга ҳукм қилди, деб ёзди The New York Times.

Даъво Миссури бош прокурори томонидан 2020 йил апрель ойида қўзғатилган. Штат расмийларининг таъкидлашича, Хитой Covid-19 мавжудлиги ва тарқалиши ҳақидаги маълумотларни яширган ва кейин бутун дунёга шахсий ҳимоя воситаларини етказиб беришни тўхтатган. Судья Стивен Лимбо ўз қарорида Хитой «пандемия хавфи ва кўлами тўғрисида дунёни чалғитди» ва «шахсий ҳимоя воситаларини йиғиш бўйича монополистик амалиётлар билан шуғулланди» деб ёзган. Унинг фикрича, бу Қўшма Штатларнинг пандемияга тезкор чора кўришга тўсқинлик қилди ва тиббиёт ходимлари учун етарли жиҳозларни сотиб олишни имконсиз қилди.

Миссури расмийлари Хитой активларини мусодара қилиш орқали жаримани ундиришга ваъда бермоқда. Хитой томони эса судья қарорига рози эмаслигини билдирди.

2019 йил декабрь ойида Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) Уҳанда пневмония авж олгани ҳақида хабар берди. 2020 йил март ойида ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус вируснинг тез тарқалиши туфайли Covid-19 пандемиясини эълон қилди. Охирги маълумотларга кўра, коронавирусдан 7 миллиондан ортиқ одам вафот этган. Унинг оқибатларидан вафот этганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Мавзуга оид