Ўзбекистон | 12:14 / 04.03.2025
17684
3 дақиқада ўқилади

Санъаткорларга «у ёки бу динни тарғиб қилмаслик» бўйича тушунтириш олиб борилди

Маданият вазирлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва диний қўмита вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда хонандаларга «Санъаткор одоби», диний сиёсат концепцияси каби ҳужжатлар тушунтирилган. Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов санъаткорларни дабдабабозлик, шоҳона ҳаётни кўз-кўз қилмасликка чақирган.

Фото: Маданият вазирлиги

3 март куни Маданият вазирлигида Ўзбекистондаги концерт-томоша фаолиятида олиб борилаётган маданий-маърифий ишлар ҳамда «Санъаткор одоби» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, диний қўмита матбуот котиби Илҳом Маъруфов, «Ўзбекконцерт» раҳбарияти ва хонандалар қатнашган.

Йиғилишда ўзбек санъаткорларининг маънавий-маданий фаолияти, «Санъаткор одоб-ахлоқи», «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси» мазмуни, шунингдек санъаткорларнинг концерт-томоша фаолияти учун лицензия талаб ва шартлари ҳамда муаллифлик ҳуқуқи каби масалалар муҳокама қилинган. Мажлисда шунингдек, «Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони ва бир қанча низомлар юзасидан тушунтириш берилган.

«Йиғилиш давомида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга оширишда санъаткорларнинг мажбурий талабларга риоя қилиши ҳамда асосий лицензия талабларида ижрочиларнинг «концерт-томоша соҳасида у ёки бу динни тарғиб қилмаслик» масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши, бошқа давлатларда бўлганида ўз мамлакат шаънини эъзозлаши одоб-ахлоқ, маданият, ўзбекона қадриятларни унутмаслик ҳақида сўз борди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов — миллий урф-одатлар, қадриятлар ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, дабдабабозлик, шоҳона ҳаётни кўз-кўз қилмаслик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик, жамоат жойларида, атрофдагилар эътиборини тортувчи ортиқча салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳақида таъкидлаб ўтган.

«Шу билан бирга куй-қўшиқларнинг мазмунига эътибор қаратиш, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ўз ижодлари давомида ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни кўпайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлишлари айтиб ўтилди», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид