Жаҳон | 12:12 / 25.02.2025
1389
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Сурияга қарши санкцияларни юмшатди

Европа Иттифоқи Башар Асад режими қулагандан кейин «инклюзив сиёсий ўтиш»ни қўллаб-қувватлаш мақсадида энергия, транспорт ва молиявий операциялар соҳаларида Сурияга қарши санкцияларни юмшатишга қарор қилди.

Фото: AFP / LOUAI BESHARA

Европа Иттифоқи Кенгаши Башар Асад режими қулагандан кейин «Европа Иттифоқининг Сурияда инклюзив сиёсий ўтишни қўллаб-қувватлаш ва унинг тез иқтисодий тикланиши, қайта қуриш ва барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари» доирасида Сурияга қарши санкцияларни юмшатишга қарор қилди. Бу ҳақда 24 феврал, душанба куни унинг расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилган.

Хусусан, юмшатиш энергетика ва транспорт соҳалари билан боғлиқ молиявий ва банк операцияларига, шунингдек, «гуманитар мақсадлар ва реконструкция қилишга» таъсир қилади. Беш ташкилот ҳам санкциялар рўйхатидан чиқариб ташланади: тўртта банк ва Syrian Airlines авиакомпанияси. Бундан ташқари, Сурияга ҳашаматли товарларни экспорт қилишни тақиқлаш бўйича истисно жорий этилади.

«Бугунги қарорга мувофиқ, Кенгаш ўз ишини давом эттиради ва кейинги иқтисодий санкцияларни тўхтатиб туриш имкониятларини баҳолайди. Шунингдек, бундай тўхтатиб туришнинг ўринли бўлишини таъминлаш учун мамлакатдаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этади», — дейилади баёнотда.

AFP хабар беришича, Сурия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Европа Иттифоқининг санкцияларни юмшатиш қарорини олқишлаган.

Кая Каллас: Чекловлар янгиланиши мумкин

2025 йил январ ойи охирида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Сурияга қарши санкциялар режимининг келажакда юмшатилишини изоҳлар экан, Дамашқдаги янги ҳокимият «нотўғри қадамлар қўйса» Европа Иттифоқи томонидан чекловлар янгиланиши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у Дамашқдаги Европа Иттифоқи ваколатхонаси ишининг қайта тикланиши мумкинлигини эълон қилди.

Dpa ахборот агентлигининг ёзишича, Европа Иттифоқи санкцияларни юмшатиш орқали Суриянинг янги расмийларига демократияни барпо этиш учун рағбат бермоқчи. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи бунинг натижасида суриялик қочқинларнинг бир қисми ўз ватанига қайтишига умид қилмоқда.

Мавзуга оид