Жаҳон | 20:21 / 14.07.2025
1936
3 дақиқада ўқилади

Сурияда бадавийлар ва друзлар ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

Ас-Сувайда вилоятида юз берган жангларда шаҳар миномётлардан ўққа тутилгани, ўнлаб одамлар яралангани, кўчалар ҳувиллаб қолгани, шифохоналар «ўнлаб ярадорлар» билан тўлгани таъкидланмоқда.

Фото: ANF

Сурия жанубидаги Ас-Сувайда вилоятида сунний бадавий қабилалари ва друз жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда камида 89 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Ливаннинг Naharnet нашрига таяниб The Insider.

Жанглар икки кундан бери давом этмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида 46 друз, 4 нафар тинч аҳоли, 18 нафар бадавий жангари ва ҳарбий кийимдаги 7 нафар номаълум киши бор.

Можаро 13 июл куни бадавий қуролли гуруҳлари Дамашққа олиб борувчи йўлда сабзавот сотувчи друзни ўғирлаб кетганидан бошланган. Шундан кейин, друзлар жавоб тариқасида бошқа бадавийни ўғирлаган. Гарчи гаровга олинганлар кейинроқ қўйиб юборилган бўлса-да, 14 июл куни Ас-Сувайда шаҳри ташқарисида жанглар давом этган. Уйлар миномётлардан ўққа тутилган, ўнлаб одамлар яраланган. Сувайда кўчалари ҳувиллаб қолган, вилоят ғарбий қисмидаги тўқнашувлар ва қишлоқларнинг ўққа тутилиши оқибатида шифохоналар «ўнлаб ярадорлар» билан тўлган.

Можаронинг кучайишига жавобан, Исроил кучлари Суриядаги друзлар аҳолисини ҳимоя қилиш ниятини эълон қилиб, Сувайдада «бир нечта танкларга» зарба берган. Мамлакатда 152 мингга яқин друз, жумладан Исроил томонидан босиб олинган Жўлан тепаликларида 24 мингга яқин друз яшайди.

Сурия ҳарбийлари ва ички ишлар вазирлиги ҳудудга қўшинлар киритилгани, тинч аҳоли учун хавфсиз йўлаклар яратилгани ҳақида эълон қилди ва жангларни «тез ва қатъий» якунлашга ваъда берди.

Ички ишлар вазири Анас Хаттоб шундай деди: «Давлат, ҳарбий ва хавфсизлик институтларининг йўқлиги Сувайдада давом этаётган кескинликнинг асосий сабабидир».

2025 йил март ойида алавийларга қарши зўравонликнинг кучайиши ва 1700 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган ва друзлар маҳаллаларига уюштирилган ҳужумлар 14 йиллик фуқаролар уруши давом этаётган мамлакатда янги Сурия ҳукуматининг озчиликларни ҳимоя қилиш қобилиятига жамоатчиликнинг ишончини пасайтирди.

Шу йил март ойида Суриянинг янги ҳукумати кучлари собиқ президент Башар Асад режимига оид диний озчилик – алавийларни оммавий қирғин қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди