Ўзбекистон | 18:44 / 24.02.2025
3272
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда интернет фирибгарларининг асосий қурбонлари ёшлар бўлмоқда

Самарқандда интернет фирибгарларининг асосий қурбонлари 17-35 ёш оралидаги ёшлар экан. Буни матбуот анжуманида Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов таъкидлаб ўтди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Умуман олганда, 2024 йил давомида Самарқанд вилоятида 9402 жиноят содир этилган. Бу 2023 йил (5441 та жиноят) га солиштирилганда 3961 тага ёки 72,8 фоизга ошган.

Р.Маматовнинг айтишича, умумий жиноятлар улушида учдан бир қисмидан кўпроғи ёки 36,3 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ташкил этган ва шунинг ҳисобига умумий жиноятлар сони ҳам кескин ошган.

Ўз-ўзидан тушунарлики, бу интернет орқали амалга оширилган ўғриликлар ва фирибгарликлар билан боғлиқ жиноятлардир.

Вилоят ИИБга кибержиноятлар тўғрисида 2021 йилда жами 980 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, 2024 йил якунига келиб ушбу мазмундаги мурожаатлар сони 4758 тага етиб, ариза ва мурожаатлар сони 5 бараварга ошган (2022 йилда 2213 та, 2023 йилда 3519 та мурожаат бўлган).

Бундай жиноятлар ҳудудлар кесимида энг кўп Самарқанд шаҳрида рўй берган — 40 фоиз. Шунингдек, яна 30 фоизи Самарқанд, Ургут, Паст Дарғом туманлари ва Каттақўрғон шаҳрига, яна 30 фоизи қолган туманлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Фирибгарлар асосан ёши катта, қария инсонларни алдашади, деган тушунча бор. Лекин бу алдамчи фикр. Интернет орқали чув тушаётган қурбонларнинг 50 фоизи 17-35 ёш оралиғидаги ёшлар экан. 36-45 ёш оралиғидаги жабрланувчилар 30 фоизни, 46 ва ундан катта ёшдагилар 20 фоизни ташкил этар экан.

Интернетдаги фирибгарлик жиноятлари 60 фоиз ҳолатда Телеграм мессенжери ва турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган вирусли иловалар ва сохта ҳаволалар орқали оширилар экан. 20 фоиз ҳолатда телефон қўнғироқ орқали чув тушириш юз беради. Сохта биржага инвестиция киритишга чорлаш 15 фоиз, мерос юбориш билан алдаш 5 фоиз ҳолатларда рўй берган.

Бундай жиноятлар учун кенг йўл очаётган муаммо ва камчиликлар сифатида қўйидагилар санаб ўтилди:

  • Фуқароларнинг ахборот технологиялар соҳасида етарли билим ва кўникмаларига эга эмаслиги, банк картасидан хавфсиз фойдаланиш ва молиявий саводхонлиги йўқлиги;
  • Ўғирланган пулларни чет элга чиқиб кетишининг олдини олиш (музлатиш) учун банклар билан ҳамкорликда аниқ бир механизм йўқлиги, банкларда «антифрод» тизими ишламаслиги;
  • Банк пластик карталари тўғрисидаги маълумотларни интернет ижтимоий тармоқлари орқали учинчи шахсга сотиш ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали шахсий аккаунтлар очиб бериш;
  • Чет элга чиқиб кетган пулларни қайтариш масаласи (халқаро ҳамкорлик йўқлиги);
  • Тижорат банклари томонидан фуқароларга шахсий банк карталарини топшириш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланишлари ҳақида тушунчалар берилмаслиги ҳамда тўлов тизми иловалари орқали фуқароларга огоҳлантирувчи билдиришномалар юборилмаслиги;
  • Ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотлардан фойдаланиш бўйича фуқароларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари оқибатида турли хилдаги таҳдидларга учрашлари.

Раҳмат Маматов бундай жиноятарнинг олдини олиш учун оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боришда ҳиссаси катта бўлиши, ички ишлар органларининг бу борада яқин ҳамкорликка эҳтиёжи борлигини айтиб ўтди. Чунки бундай жиноят ижрочиларини аниқлаш, пулларни эгаларига қайтариш амалда жуда қийин. Чунки аксар ҳолларда жиноят бошида турганлар хорижий давлатда бўлишади.

Содир этиш схемасига кўра кибержиноятлар асосан пластик карталардан ечиб олинган пуллар Россия, Украина, Қозоғистон, БАА, Туркия ҳамда Африка давлатлари орқали аввал АҚШ долларига, кейин эса биткоинга айлантириб олинади ва изи йўқотилади.

Бу борадаги саволларга жавоб берар экан, полковник Р.Маматов шунингдек, фуқароларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, банклар ва турли идоралар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётганига урғу берди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид