Жаҳон | 17:11 / 24.02.2025
8218
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Афғонистон «Ҳайратон-Ҳирот» темирйўли қурилиши бўйича келишувга эришди

Таъкидланишича, лойиҳани техник-иқтисодий асослаш якунланганидан кейин 10 кун ичида қурилишни бошлаш режа қилинган.

Фото: amu.tv

«Толибон» бош вазир ўринбосари Абдулғани Бародар 23 феврал куни Ўзбекистон билан «Ҳайратон-Ҳирот» темирйўли лойиҳаси бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Ўзбекистон томони техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш учун ўз гуруҳини жўнатади, деб хабар берди Amu TV.

Ўзбекистонга икки кунлик ташрифидан сўнг Бародар журналистларга қурилишни техник-иқтисодий асослаш якунланганидан кейин 10 кун ичида бошлаш режалаштирилаётганини айтган. Таъкидланишича, лойиҳани дастлабки техник баҳолаш харажатлари Ўзбекистон томонидан қопланади.

Темирйўл лойиҳаси Ўзбекистон билан чегарадош муҳим порт шаҳри бўлган Ҳайратондан Мозори Шариф орқали Афғонистон ғарбидаги Ҳиротгача бўлган мавжуд йўналишни кенгайтиришни назарда тутади.

2010 йилда лойиҳанинг биринчи босқичида Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида Ҳайратон ва Мозори Шарифни боғловчи 75 километрлик темирйўл линияси қурилди. Ушбу йўналиш Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлашнинг асосий элементига айланди.

Режалаштирилган кенгайтириш Мозори Шарифни бир қанча вилоятлар орқали Ҳирот билан боғлашни кўзда тутади. Лойиҳа Марказий Осиёни Яқин Шарқ билан боғловчи стратегик аҳамиятга эга транспорт йўлагини яратиши, бу эса ўз навбатида минтақавий савдо-иқтисодий интеграцияни рағбатлантириши кутилмоқда.

Ташриф доирасида «Толибон» делегацияси Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари Жамшид Хўжаев билан учрашувлар ўтказди. Асосий муҳокамалар савдо, энергетика, авиация, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмага тегишли бўлди.

Биродар сўзларига кўра, Ўзбекистондан Афғонистондаги Дашти Алвонга 500 киловолтлик электр энергиясини ўтказиш бўйича лойиҳа қийматининг 252 миллион доллардан 222 миллион долларга туширилгани муҳим ютуқлардан бири бўлган.

Биродар, шунингдек, Ўзбекистон ёз ойларида Афғонистонга электр энергияси экспортини ошириш ва шу билан бирга тарифларни камайтиришга келишиб олганини айтди.

Таъкидланишича, эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришга қўйилган чекловларни бекор қилади ва икки давлатнинг йирик шаҳарларида тўртта савдо маркази очади.

Мавзуга оид