Жаҳон | 14:46 / 21.02.2025
3922
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик сайёҳлар Японияга бориб қор кураш учун путёвка сотиб олмоқда

Сайёҳлик агентликлари даромад қилишнинг янги йўлини ўйлаб топди. Хитой жанубида яшовчилар учун белкуракда қор тозалаш ниҳоятда қизиқарли машғулот саналади.

Фото: SCMP

Хитойда янги сайёҳлик йўналиши — Японияга бориб, белкурак билан қор тозалаш оммалашмоқда. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Япония сайёҳлик агентликлари янги йил арафасида хорижлик сайёҳлар учун махсус дастурларни ишга туширди. Улар қиш атмосферасини чуқур ҳис қилиш учун кўчаларни қордан тозалашни таклиф қилмоқда.

Агентликлар Япониянинг Ҳоккайдо оролидаги Саппоро шаҳрида қор тозалаш учун сайёҳлик турларини сотиб, даромад қилиш йўлини ўйлаб топди. У ерда йилнинг учдан бир қисмида ҳарорат нолдан паст бўлиб, қор уюмларининг баландлиги беш метргача етади. Сайёҳларга белкурак билан ишлашдан ташқари, қор тозаловчи машинада юриш имконияти ҳам таклиф этилади. Турлар январ ойидан март ойининг охиригача амалда бўлади. Нархи бир кишидан олти кишигача бўлган гуруҳ учун 1600 долларни ташкил этади.

Январ ойи охиридан февралгача бўлган даврда Хитой чегарасини тахминан 7,7 миллион киши кесиб ўтган, хитойликларнинг катта қисми Японияга йўл олган. Ўтган йилга нисбатан ушбу мамлакатга саёҳатлар сони икки бараварга ошган.

Хитойнинг жанубий қисмида истиқомат қилувчиларнинг таъкидлашича, қор тозалаш улар учун қизиқарли машғулот, чунки бу янги тажриба ҳисобланади. Сайёҳларнинг аксарияти умрида бундай кўп қорни кўрмаган, айниқса уни белкурак билан тозаламаган.

Аввалроқ Хитойда “қорли қишлоқ” номи билан танилган курорт раҳбарияти сайёҳларни йўқотмаслик учун сунъий қор ясагани маълум бўлганди. Янги йилни қишки муҳитда нишонламоқчи бўлган хитойликлар қишлоққа келганида, пахта ва полимер кукунидан ясалган сунъий қор уюмларига дуч келган.

Мавзуга оид