Жанубий Корея сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлашни кучайтирмоқда
Жанубий Корея ҳукумати сунъий интеллектни давлат ривожланишининг асосий омили деб ҳисоблайди ва соҳа бўйича мутахассисларни тайёрлашга инвестицияларни кўпайтирмоқда.

Фото: Xinhua
Жанубий Корея шаҳарлари сунъий интеллект соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Мамлакатнинг турли жойларида ихтисослаштирилган таълим марказлари ва янги ўқув дастурлари очилмоқда, деб хабар берди The Korea Times.
Сеулда рақамли жиноятларга қарши курашиш учун интернетда тақиқланган контентни кузатиб борувчи сунъий интеллект тизими жорий этилгандан сўнг, бундай контентлар сони кескин камайди. Тизимнинг муваффақияти давлат хизматчиларининг сунъий интеллект технологияларига бўлган қизиқишини оширди: ўтган йили шаҳар хизматчиларининг аввалги йилга нисбатан уч баробар кўпроғи сунъий интеллектдан фойдаланишни ўрганди. Сеул мэри сунъий интеллектни барча соҳаларга: иқтисодиёт, транспорт, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш ва бошқаларга жорий этиш режаларини маълум қилди. Бунинг учун шаҳар ҳокимияти қўшимча ўқув курслари ташкил этмоқда.
Кёнгидо провинцияси 2029 йилгача технология соҳасидаги таълим ташаббусларини амалга ошириш учун 496 миллиард вон (тахминан 341,5 миллион АҚШ доллари) маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар йили 11 000 киши таълим олиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг 6000 нафари сунъий интеллект, катта ҳажмли маълумотлар, ярим ўтказгичлар ва биотехнологиялар бўйича малака оширади.
Жанубий Кореянинг иккинчи йирик шаҳри Пусанда 2022 йилдан бери Рақамли инновациялар академияси фаолият юритади. Ушбу академия 2026 йилгача 10 000 нафар IT-мутахассис тайёрлашни мақсад қилган. Дастур маҳаллий университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари негизида амалга оширилмоқда. У барча тайёргарлик босқичларини, яъни бошланғич даражадан тортиб юқори малакали мутахассислик даражасигача бўлган таълимни ўз ичига олади.
Тегу метропол шаҳри таълим бошқармаси сунъий интеллект технологияларини ўргатиш марказини ташкил этиб, унинг қурилишига 4,5 миллиард вон (3,1 миллион доллар) маблағ сарфлади. Марказда катта ҳажмли маълумотлар, сунъий интеллектни бошқариш, виртуал ва кенгайтирилган реаллик соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Тежонда эса тўртта шаҳар мактаби сунъий интеллектга ихтисослашган таълим муассасаси мақомини олди, яна 20 та мактаб сунъий интеллект дастурлари учун синов майдончаларига айланди.
Соҳадаги муаммолар
Кореялик экспертлар муваффақиятларни эътироф этиш билан бирга, ушбу ташаббусларни амалга оширишдаги муаммоларни ҳам кўрсатиб ўтмоқда. Корея сунъий интеллект таълими ассоциацияси президенти, профессор Мун Хён Намнинг сўзларига кўра, асосий қийинчилик — малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги. Унинг таъкидлашича, кўплаб сунъий интеллект инструкторлари, айниқса катта аудитория билан ишлайдиганлар ўзлари махсус маълумотга эга эмас ва сунъий интеллект воситаларини етарли даражада билмайди.
Профессор Муннинг таъкидлашича, сунъий интеллект соҳасидаги таълим нафақат технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини, балки сунъий интеллект хатоларини қандай тузатиш кераклигини ҳам тушунишни таъминлаши керак. У маҳаллий ҳокимиятларга университетлар ва тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда эксперт-ўқитувчилар жамоасини шакллантиришни, шунингдек, IT-компаниялар билан биргаликда ўқув дастурларини ишлаб чиқишни тавсия қилади.
Кёнги университети ҳуқуқ профессори Чон Ван сунъий интеллектга инвестиция киритиш бўйича миллий ва маҳаллий дастурларни кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди, бироқ аниқ стандартларга бўлган эҳтиёжга ҳам эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди. Профессорнинг фикрича, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий меъёрларини чуқур ўрганиш учун экспертлар гуруҳини ташкил этиш зарур. Бу вазифа, айниқса, Хитойнинг DeepSeek компанияси томонидан яратилган DeepSeek нейрон тармоғи каби янги сунъий интеллект моделлари пайдо бўлиши билан боғлиқ ташвишлар фонида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Мавзуга оид

12:37 / 10.03.2025
Ўзбекистон фуқароси қарийб 5,1 млн долларга Сеулдан квартира сотиб олди

16:52 / 08.03.2025
Жанубий Корея президенти тергов изоляторидан озод этилди

19:13 / 07.03.2025
Тошкент ва Самарқандда ноёб минераллар технопарки ташкил этилиши мумкин

14:07 / 07.03.2025