Жаҳон | 14:07 / 07.03.2025
13495
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президентини ҳибсга олиш ордери бекор қилинди

Исёнда айбланиб, 15 январдан бери тергов изоляторида сақланаётган Юн Сок Ёл қамоқдан озод этилди.

Фото: Yonhap

Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши туфайли исён кўтаришда айбланган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ҳибсдан озод қилинди, деб хабар берди Yonhap агентлиги.

Сеул марказий суди февралда президентни ҳимоя қилиш бўйича киритилган илтимосномани қаноатлантириб, шундай қарор қабул қилган.

Юн Сок Ёл 2024 йил 3 декабр куни мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиб, бу мамлакатни «Шимолий Корея коммунистик кучлари таҳдиди»дан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтганди. Парламент бир неча соатдан сўнг ҳарбий ҳолатни бекор қилди, Юннинг ўзи эса исёнга ундашда айбланди. Шундан сўнг мамлакат парламенти президентга импичмент эълон қилиш учун овоз берди. Уни Конституциявий суд тасдиқлаши керак, бироқ у ҳозирча қарор чиқармади. Унгача президент расман ўз лавозимида қолади.

Юн Сок Ёл исён иши бўйича сўроққа келмагач, суд уни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бироқ президент хавфсизлик хизматининг қаршилиги туфайли терговчилар Юн Сок Ёлни биринчи уринишдаёқ қўлга ололмаган. Улар буни фақат 15 январ куни амалга оширишга муваффақ бўлишди. 18 январ куни Сеул суди президентни ҳибсга олди.

У шундан буён Сеул жанубида жойлашган Уиванг шаҳридаги тергов изоляторида сақланаётганди. Бу амалдаги, лекин ҳокимиятдан четлатилган давлат раҳбарининг қўлга олинишидаги илк ҳолат бўлганди. Феврал ойи охирида Сеулда унга қарши суд жараёни бошланганди.

Прокурорлар энди у озодликдалигида далилларни йўқ қилишга уриниши ва ишга оид шахслар билан учрашишидан хавотир билдирган.

Агар Юн Сок Ёл айбдор деб топилса, у кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Мавзуга оид