Тошкент вилоятидаги қамоқхоналарда сақланаётган 2 нафар маҳкум вафот этди
14 феврал куни Олмалиқдаги жазони ижро этиш муассасасида 21 ёшли йигит «миокард инфаркти»дан вафот этгани маълум қилинди. Марҳумнинг онаси ва ҳуқуқ фаоллари унинг танасида қийноқ излари борлигини айтиб, расмий версияга ишонмаяпти. 16 феврал куни эса Товоқсойдаги қамоқхонада бошқа бир маҳкум девор босиб қолгани ортидан шифохонада вафот этди. Омбудсман ва Тошкент махсус прокуратураси ҳолатларни ўрганмоқда.
15 феврал куни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 ёшли маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди.
Бу ҳақда хабар берган Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов маҳкумнинг онаси Нигора Қамбаровага таяниб айтишича, у ўғли Муҳаммадқодир билан 26-28 январ кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлган.
«Муҳаммадқодир спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби, болалигидан мазкур спорт тури билан шуғулланган. Бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган, унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган. 3 йилга қамалган ёлғиз ўғлим августда манзил колонияга чиқиши керак эди», деган маҳкумнинг онаси.
Колония маъмурияти 14 феврал куни Муҳаммадқодирда миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этганини айтган. Нигора Қамбарова эса ўғлининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини айтган.
«Бизда шубҳа туғдирган ҳозирча ягона жиҳат – колония маъмуриятининг маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаганлигидир. Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермагани мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!» – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Ҳолат юзасидан муносабат билдирган Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Олмалиқ шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, фуқаро «миокард инфаркти»дан вафот этган.
«Ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари Тошкент махсус прокуратураси томонидан олиб борилмоқда», — дейилади прокуратура баёнотида.
ИИВ муассасасида сақланаётган 21 ёшли йигитнинг вафот этиши ҳолатини Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман ҳам назоратга олиб, ўрганаётганини маълум қилди.
«Ҳозирда мазкур ҳолат Омбудсман ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Омбудсман томонидан мурожаат юборилди. Омбудсман терговга қадар текширув давомида мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди», — дейилади расмий баёнотда.
Орадан бир неча кун ўтиб, яна Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонасида ишлаётган маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этгани маълум бўлди.
Бош прокуратурага кўра, Мустафа Турсунбоев 11 феврал куни бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида устига девор қулаган. У дарҳол шифохонага етказилган, лекин тиббий муолажаларга қарамасдан, 5 кун ўтиб — 16 феврал куни шифохонада вафот этган.
Ҳолат бўйича «меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Терговни Тошкент махсус прокуратураси олиб бормоқда.
Омбудсманнинг маълум қилишича, ушбу ҳолатда маҳкум колония ҳудудидаги эски ошхона биносида ободонлаштириш ишларига жалб этилган бўлган.
«Деворни бузиш жараёнида эҳтиётсизлик сабабли унинг бир қисми маҳкум устига қулаган, натижада у оғир тан жароҳати олган. Маҳкумга кўп сонли травма, бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, травматик шок каби ташхислар қўйилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 феврал куни соат 17:00 да вафот этган», дейилади Омбудсман баёнотида.
Товоқсойдаги ҳолатда маҳкумнинг яқинлари воқеадан хабардан бўлган, хусусан, марҳумнинг отаси Бўстонлиқдаги шифохонада 5 кун давомида ўғлининг ёнида бўлган.
Омбудсманга кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ходимлар хатти-ҳаракатига баҳо бериш бўйича ҳам хизмат текшируви тайинланган.
Мавзуга оид

17:28 / 18.02.2025
Олмалиқдаги колонияда 21 ёшли маҳкум вафот этди

15:22 / 18.02.2025
Товоқсойда маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этди

12:20 / 15.02.2025
АҚШда 104 ёшли аёл туғилган кунини қамоқхонада нишонлашни истади

17:27 / 12.02.2025