Жамият | 19:40 / 19.02.2025
22396
7 дақиқада ўқилади

Осон шартларда квартира: Тошкентда “новостройка”ни қурувчидан олиб беришда воситачи фирма устидан тергов бошланди

Тошкент шаҳридаги “Credit House” ҳамда “In Fin Strоy Invest” МЧЖ мансабдорларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қурувчи фирмалардан уй олиб, узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харидорларга сотиб келган ушбу воситачи фирмалар одамларнинг тўлов пулини ўзлаштирган бўлиши мумкин. Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчилар ҳам уйдан, ҳам пулидан айрилиб қолишдан хавотирдалигини билдиришмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Credit House” ва “In Fin Strоy Invest” МЧЖ мансабдорлари терговга тортилди. Kun.uz’га мурожаат қилган бир гуруҳ жабрланувчилар муаммо кўлами жуда катта эканини айтмоқда.

Биз 2024 йил 8 феврал куни “Credit House” билан ўзаро олди-сотди асосида шартнома туздик. Биринчи тўловга 100 млн сўм тўладик. График бўйича айтилган суммани шу ойгача ҳеч қолдирмасдан тўлаб келдик. Уй битаётганини кўриш мақсадида объектга борганимизда қурилиш фирмаси раҳбари “Credit House” билан низо келиб чиққанини ва суд бўлаётганини айтди. Сабабини сўрасак, график бўйича фирмага пул тўламаган экан. Яъни инвестицион шартномага амал қилишмаган.

Ўзимиз тўлаган пулни қурувчи фирмага ўтказиб беришсин, ортиқчаси керак эмас. Биз кейин улар билан ишлаб кетиш тарафдоримиз, буларга ишонч қолмади”, дейди мурожаатчилардан бири Мадалибек Ҳакимов.

“Credit House” масъуллари харидорларга масала ҳал этилишини, фақат бироз муддат кераклигини билдириб, ваъда бермоқда. Аммо ушбу фирмага тўлаган пули қурилиш фирмасига “етиб бормаган” жабрланувчилар бу ваъдаларга ишонмаяпти.

Жумладан, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридан келган жабрланувчи бошланғич тўловни кредит олиб тўлаганини маълум қилди.

Зарафшон шаҳридан келдим. 2024 йил 9 июл куни шартнома имзолагандик. Бошланғич тўловга 80 млн сўм кредит олиб қўйгандим. Ҳозир унгаям 4 млн сўмдан тўлаб юрибман. Шартнома шартларини бузишди. 129 ойга 3 млн 531 мингдан кетиши керак эди.

Ҳозир қурилиш фирмаси куз ойида битади, ипотека қилиб берамиз деяпти. Лекин шундай бўлса, белгиланган суммадан ошиб кетади. Шу пайтгача 105 млн сўм тўладим, шуни қайтарсин, чарчадик”, дейди навоийлик ўқитувчи Абдували Нарзиев.

Kun.uz ҳолат бўйича “Credit House” раҳбари Клара Толиповадан изоҳ олди. Унинг таъкидлашича, муаммонинг келиб чиқишига фирма иккиламчи бозорга вақтли ўтгани сабаб бўлган.

Ўзи муаммонинг келиб чиқишига биз иккиламчи бозорга сал вақтли ўтиб қўйганимиз сабаб бўлди. Адашмасам, ноябр ойларида бу бозор учун шартнома қилиб бошладик. Шу пайтгача 100 та олди-сотди шартнома қилган бўлсак, шундан 40 таси уйида ўтирибди, яъни мижозларга пул 100 фоиз тўлаб берилган.

Банк кредит ажратиши керак эди. Лекин қайсидир сабабларга кўра у кечикди, сабаби менга номаълум. Ҳозир бу муаммони ҳал этиш учун 2 ҳафтадан бери ҳисоб-китоб қилиб боряпмиз.

30 январ куни бу муаммо борлигини билдик. Аҳоли кўтарилганидан кейин бизни “РОВД”га олиб кетишди. Бир сутка у ерда гумонланувчи сифатида ўтирдик, ҳужжатлар ва балансларимиз текширишди. Ўзим ҳам ҳисобимизни қараб кўрдим, ундан пул ечилмаган, фирибгарлик қилинмаган. Банк кредит ажратмагани, иккиламчи бозорга вақтлироқ ўтганимиз учун шу муаммолар келиб чиққан”, дейди МЧЖ раҳбари.

Клара Толипова қурувчи фирмаларга пул ўтказилмагани сабабларига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, бундай эътирозлар тўғри, шундай ҳолатлар бўлган. Аммо пул ўтказилмаганига объект билан боғлиқ сабаблар бор.

Толипова фирманинг молиявий ҳолати ҳақида ҳам таъкидлаб ўтди:

Биз ҳисоб-китобларни олиб борганимизда, келажакда “Credit House”га кириши кутилаётган маблағлар миқдори 20 млн доллар сифатида белгиланди. Бизга ҳар ойда ойлик тўловларнинг ўзидан 3-4 млрд сўм тушади. Ушбу пулдан 1 млрд сўмига “Credit House”нинг кредитини ёпадиган бўлсам, қолган 2 млрд сўмни офис ижараси, солиқлар ва қурувчи фирмаларга ўтказиш имкониятимиз бор”, дейди у.

“In Fin Strоy Invest” МЧЖ раҳбари Ғайрат Миркамолов эса вазият бўйича аниқ бир гап айта олмади.

Очиқ манбаларга кўра маиший товарлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “Credit House” МЧЖ 2018 йил декабр ойида давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг 50 фоиз улушига “In Fin Strоy Invest” МЧЖ эгалик қилади.

“In Fin Strоy Invest” МЧЖ 2020 йил сентябр ойида давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг 100 фоизлик улуши “Invest Consult System” МЧЖга тегишли.

“Invest Consult System” МЧЖ эса 2017 йил октябр ойида давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Робия Галямова ҳисобланади.

Схема қандай ишлаган?

Kun.uz ўрганган ҳужжатлардан кўринишича, фуқаро Шоира Раҳимова “World Baraka Business” қурилиш фирмасидан 2 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан 90 га яқин хонадон учун инвестиция (улуш киритиш асосида уй-жой қуриш) шартномаси тузган. Жисмоний шахс, яъни Шоира Раҳимова номига тузилган шартномалар “In Fin Strоy Invest” МЧЖ номидан фуқароларга маълум бир устама қўйган ҳолда 10 йилга бўлиб тўлаш шарти билан сотилган.

Харидорлар бошланғич бадални ҳамда ойлик тўловни “In Fin Strоy Invest” МЧЖга тўлаб келишган. Бироқ МЧЖ қурилиш фирмасига тўловни амалга оширмаган.

Kun.uz’даги маълумотларга кўра, “Credit House” ҳамда “In Fin Strоy Invest” МЧЖларнинг муаммоси фақатгина “World Baraka Business” қурилиш фирмаси билан боғлиқ эмас: муаммо анча каттароқ ва жабрланганлар сони кўпроқ. Гап миллиардлар ҳақида бормоқда. Агар “Credit House” мансабдорлари харидорлар пулини ўзлаштиргани тасдиқланса, бу Ўзбекистон тарихида нафақат уй-жой билан боғлиқ энг йирик фирибгарлик, балки молиявий пирамида ҳолатларидан бирига айланиши мумкин.

Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.

Мавзуга оид