Ўзбекистон | 16:50 / 18.02.2025
665
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 37 туп дарахтни кесиб кетган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Чилонзор тумани Бўрижар канали бўйидаги манзарали, мевали ва бошқа турдаги дарахтлар нобуд қилинди. Дарахтларни кесиб кетган 3 киши аниқланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Табиатга етказилган зарар миқдори 207 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Бўрижар канали бўйидаги дарахтларни кесиб кетган шахслар топилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Чилонзор туман экология бўлими бошлиғи Шукрулло Абдураҳмонов маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда ҳуқуқбузарларни жиноий жавогарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

“Ушбу ноқонуний ҳаракатни амалга оширган фуқаролар аниқланди. Ҳозирда тергов жараёнлари олиб борилмоқда. Улар жами 37 туп дарахтни таг қисмидан кесиб кетишган. Табиатга зарар миқдори 207 млн сўмни ташкил қилади”, дейди Шукрулло Абдураҳмонов.

Канал бўйидан дарахтлар кесиб кетилаётганлигини Kun.uz’га ҳудудда яшовчи фуқаро билдирганди. Унга кўра, бу ҳолат бир кунда содир бўлмаган, ҳуқуқбузарлар вақти-вақти билан тунда келиб, 2-3 тадан дарахтни кесиб кетаверган.

Экилган дарахтлар ҳаммаси мевали эди, ўтган-қайтган ер эди. Кечаси келиб кесиб кетишяпти. Кимлигини билмайман. Бир ҳафтадан бери давом этяпти. Бугун арча йиқилганидан кейин чидолмадим. Кейин экологияга мурожаат қилдим, аризани қабул қилдим деди, бу ерда камералар бор, кимлигини аниқласа бўлади. Катта оқ тут, олма, ўрик дарахтлари бор эди. Ҳаммасини кесиб, пастга олиб тушириб ташлашган, қўшнимда камера бор, ундан чиқмади, улар бошқа томондан келган деб айтди. Ҳеч кимдан сўрагани йўқ, бу жой давлатга тегишли”, деган эди шу ерда яшовчи Зокир Сиддиқов.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг Kun.uz’га тасдиқлашича, дарахтларни кесганларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзгатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Мавзуга оид