Ўзбекистон | 20:00 / 17.02.2025
17133
12 дақиқада ўқилади

“Психохимик”нинг оилавий авантюраси. “Gold terapi”га алданганлар нималарни бошдан кечирди?

Реклама – кучли қурол, у тузоқ бўлиши ҳам мумкин. Шундай тузоққа илинган бир қанча бемор ватандошлар соғайиш илинжида гиёҳвандга айланишларига бир бахя қолди. “Gold Terapi” номи остида фаолият юритувчи, ўзини “профессор” деб атовчи шахсга ишониб, даҳшатли оғриқ ва руҳий қийноқларга дучор бўлганлар Kun.uz'га бошдан кечирганларини гапириб берди.

Улар оилавий мафия экан”

Биринчи қаҳрамонимиз – 2021 йилда паркинсон ташхиси қўйилган эркак.

Касаллик ривожланиб бораётганини сездим. 2024 йил бошларида YouTube'даги Chotki.tv каналида интервюни кўрдим. Унда Хайрулла Касимов деган йигит “Gold terapi” клиникасидан эканини, 17 минг долларга Америкадан аппарат олиб келганини ва у орқали мияга тўлқин жўнатиб, “перезагрузка” қилиш орқали ҳамма касалларни даволашини айтди. Кўп касалликларни, паркинсонни ҳам даволайди бу аппарат, деди.

Мен бунга ишондим ва дарров алоқага чиқдим. “Gold terapi” клиникасида Рихситилла деган йигит телефонга жавоб берди. Бу Хайрулланинг укаси экан. “Профессор Хайрулла Қосимов билан гаплашасиз. У сизни онлайн кўриб ташхис қўяди”, деди.

Одамнинг жони оғриб турганда кўзига пул ҳам кўринмас экан. Мен 2000 долларни майдалаб, онлайн консултация учун тўладим. Бу сўмда 24 миллион бўлди. “Gold terapi” офисига бориб тўладим, квитанция беришди.

Шундан кейин Хайрулла Қосимов билан онлайн алоқага чиқдик. Таиландда экан, қисқа ва лўнда қилиб “паркинсонни даволайман, даволамасам гапирмайман, нархи 20 минг доллар бўлади” деди. 40 минут гаплашдик, шундан 35 минутида мен, 5 минутида у гапирди. 20 минг доллар тўладим”.

Маълумот учун: профессор Зарифбой Ибодуллаевга кўра, паркинсон ташхисини тўғри аниқлаш, унинг сабаблари ва мавжуд бошқа касалликларни топиб, даволашни тўғри бошлаш керак. Даволашни фақат малакали шифокор олиб боради. Паркинсон касаллигининг асл сабабини аниқламасдан туриб даволашга киришилмайди.

Кейин Рихситилла алоқага чиқиб, хориж паспортим бор-йўқлигини сўради, тезда Таиландга учиб кетишим кераклигини айтди. Мен учун Таиландга билет олишган, унда мени турист сифатида расмийлаштиришган. “2024 йилнинг август ойида аэропортда Рихситилла билан учрашдик. Ёнида онаси ҳам бор экан. Онасининг айтишича, унда жигар циррози бўлган ва ўғли уни даволаб тузатган экан.

Таиландга бордик, паспортим Рихситилланинг қўлида, уларнинг орқасидан юрдим. Бегоналар кириши тақиқланган ҳудуддан виллани ижарага олиб ўтирган экан. Менгаям хона беришди. Эртасига бирдан яна бир укаси Убайдулла билан кириб келишди. Улар оилавий мафия экан: онаси билан Рихситилла ишончга киради, Убайдулла у ерда кутиб олади, Хайрулла амалга оширади. Пулни Ўзбекистонда олишади.

Укаси билан кириб келишди-да: “мана буни ҳидлаб юборинг”, деди. Дори-дармонсиз даволашга ваъда берганини эслатсам, “ҳидланг, ҳидланг”, деб бурнимга нимадир ҳидлатишди, кейин нимадир ичиришди. Ўзи касалликдан чарчаганман, қувватим йўқ – ўзимдан кетдим, жуда оғирлашиб қолдим. Кейинчалик билсам, бу аяуаска деган психотроп модда экан. Таиландда наркотик мумкин экан, шунинг учун улар у ерга боришган экан”.

Маълумот ўрнида: Аяуаска (Ayahuasca) – тропик ўрмонларда ўсадиган ўсимликлардан тайёрланган гиёҳванд ичимлик. Бу ичимлик кучли таъсир этувчи психотроп ҳисобланади. Таркибида алколоидлар, психотроп моддалар бор ва уни ичганда онгнинг ўзгариши, кучли визуал таъсирга тушиш, руҳиятда кескин ўзгариш кузатилади. Ҳатто ўлим ёки ақлдан озиш даражасига олиб келиши мумкин.

Аяуаска кучли психотроп таъсир кўрсатади. Баъзи одамларда унинг истеъмоли нохуш таъсирлар, масалан, хавотир, галлюцинациялар, қўрқув ёки депрессив ҳолатларини келтириб чиқаради. Ундан одатда шаманлар фойдаланишган. Улар буни бошқа дунё билан алоқа қилиш, башорат қилиш дея ифодалашган.

Қаҳрамонимизнинг сўзларига кўра, уни бир ҳафта давомида шу ичимлик билан “сийлашган”. Овқатланиш мумкин эмас деб оч ва қаровсиз қолдиришган, оқибатда унинг аҳволи баттар оғирлашган. Охирги кун ниҳоят унга таом берилиб, уларнинг саҳифаси учун интервю беришини айтишган. Бемор наркотик ичимлик таъсирида интервю берганини айтди.

Камерада съёмка қилишди. Бошимга оддий бир аппаратни кийгизиб қўйди, ҳозир программа ўзгаради деб. Умуман таъсир қилгани йўқ бу. Дориларсиз даволайман дегандинг, Тошкентда пулни олиб, бу ерга олиб келиб менинг аҳволимни оғирлаштиряпсан, бунинг оқибатига ким жавоб беради, десам: “ҳаммаси зўр бўлади”, деди. Орадан бир ҳафта вақт ўтди, у ерда мени кўтариб олиб юришди. Интервю беришимни сўрашди, даволанмаганим учун нима деб интервю бераман десам, гапни роса айлантирди. Билиб қўй, ақл-ҳушим жойидамас, интервю беришимга сабаб – сизлардан тезроқ қутулиш, дедим”.

Бундай кўплаб интервюларни сиз уларнинг Instagram ва YouTube саҳифаларида кўрган бўлишингиз мумкин. Бу саҳифалар доимий назорат қилинади ва негатив фикрлар мунтазам ўчириб борилади. Фақат ижобий фикрларнинг борлиги кузатувчини ишонишга ундайди.

Танангизда шунақа нарса бўладики, ундан қутулиш учун ҳамма нарсага тайёр бўласиз”

Иккинчи қаҳрамонимиз – аёл киши. Ўзининг психологик ҳолатини, саломатлигини яхшилаш учун шу клиникани реклама қилган хонанда Самандар Ҳамроқулов ва YouTube'даги Chotki.tv каналига ишониб, у ерга мурожаат қилган. Консултация учун 24 млн сўм, даволаниш учун дастлаб 16 минг доллар тўлаган.

Бу беморниям юқоридаги усулда бир ҳафта “даволашган” ва галлюцинация ҳолатидаги бемордан интервю олишган. Аммо уйга қайтгандан кейин уни нималар кутаётганини билмас эди. Унда энди кучли абстиненция, яъни кучли таъсирга дорини ичиш тўхтаганидан кейинги “ломка” бошланади.

Қайтганимдан 15 кун ўтиб танамда нимадир бўляпти, тушунмайман. Шунақа қўрқинчли нарса – қўрқувми, ваҳимами, билмайман. Йиғлаб телефон қилсам, 3 ойдан 6 ойгача шунақа бўлади, дейишди. Ваҳоланки, бунақа бўлишини айтишмаганди. Танамда шунақа даҳшатли нимадир бўляптики, қўрқиб кетганимдан миямга “уларга шогирд тушиб, менга ичирган ўша ичимлиги қандай тайёрланишини ўргансам, балки ўтиб кетар, шунда ўзимга ёрдам берарман” деган фикр келди.

Чунки танангизда шунақа нарса бўлади, ундан қутулиш учун ҳамма нарсага тайёр бўласиз. Шундан қутулиш учун яна шогирдликка ёзилдим. 15 минг доллар тўладим. Терапиясида ўша ичимликни беради, уни ичган одам транс ҳолатига тушади. Ҳар хил саволлар берилади, онг остига таъсир қилинади. Шу билан “даволаш” тугайди. Ҳозир ҳамма шогирдлари шунақа ишлашади. Мен одамларни алдай олмайман, ўзимда натижа бўлмаяпти, қандай қилиб одамларни алдайман, мен ишламайман, деб пулимдан кечиб чиқиб кетдим”.

Ҳатто жонимга қасд қилишгача борганман”

Охирги пайтларда “пулга очилиш, молиявий очилиш” деган иллюзион ғояларни сингдириш авж олди. Хайрулла Қосимов ҳам навбатдаги қаҳрамонимизга ҳар ой 10 минг доллар топишини ваъда қилади. Унинг саҳифаларида шундай рекламаларни кўрган аёл бунга чиппа-чин ишонади ва 100 миллион сўм қарз кўтариб, уларга тўлайди.

Самандар Ҳамроқуловнинг интервюсини кўрдим, унда моддияти очилгани, касалликлардан халос бўлгани айтилган эди. Менда танамда ҳеч қандай касаллик йўқ эди, мақсадим фақат моддий томондан очилиш эди.

Онлайн консултация учун 3 млн 300 минг тўладим. Ундан кейин 4 та муолажа ўтказишни 100 миллион сўм дейишди. Бу пулни 21 кун ичида тўламасам, 2 бараварга ошар экан. Навбат, одамлар кўплигини, тезроқ ҳаракат қилишим кераклигини айтишди. Таниш-билишлардан қарз олиб, бордим. Қоронғи хонада жуда катта ваъдалар берди, ойига 10 минг доллар топасиз деб.

Кичкина идишда нимадир ичиришди, савол-жавоб қилишди. Оддий саволлар, менга умуман қизиқ бўлмади. Фақатгина ўйлантирган нарса – мен нима ичдим? Қўрқиб кетдим.

Муолажалардан кейин яхши юрдим, хурсанд бўлиб. 15 кун, 1 ойлардан кейин менда стресс, қўрқув, ваҳимага тушиб қолиш бошланди. Таъм сезмай қолдим. Ваҳоланки мен умуман касаллик билан мурожаат қилмаганман. Умримда бунақа оғриқ борлигини билмаганман, танамда ўтган нарсани сўз билан таърифлай олмайман. Умидларим сўниб кетди, ишончим йўқолди. Менга берган энг катта нарсаси – ваҳима касалини орттирдим. Ҳатто жонимга қасд қилишгача борганман”.

Яхшиман деб интервю берганим учун пулимни қайтармади”

Kun.uz'га Хайрулла Қосимовнинг “муолажалари”ни олган ва юқоридаги ҳолатни бошдан кечирган яна бошқа мурожаатлар ҳам келиб тушган.

Қонимда вирус аниқланган эди. Хайрулла Қосимов 100 фоиз кафолат берди тузалишимга. Жами 15 минг доллар тўладим. Таиландда менгаям нимадир ичириб, интервю олишди. Оқибатда касалим баттар зўрайиб кетди”.

Мен невроздан қутулиш учун мурожаат қилганман. Орада ўтга ўхшаган нарсани ичиришди. Жами 17 минг доллар тўладим, лекин бирор натижа кўрмадим. Бошида агар соғаймасам пулим қайтарилишини айтганди Хайрулла. Лекин фойда кўрмаганимни айтсам, сиз яхшиман деб интервю бергансиз, деб пулни қайтармади”.

Жабрланганлар орасида вафот этганлар ҳам бўлиши мумкин

Хўш, Хайрулла Қосимов ким? Нега одамлар унинг битта консултацияси учун 24 млн, даволаши учун 20 минг долларлаб тўлашяпти?

Ўзини профессор, табиб, филантроп, психохимик, Gold terapi асосчиси деб эълон қилган Хайрулла Қосимовнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари унинг ҳашаматли ҳаёти, бойликка машаққатсиз эришиш йўлида нима қилиш кераклиги ҳақидаги сафсаталари билан тўла.

Ҳам иқтисодий, ҳам тиббий, ҳам ижтимоий муаммоларни биттада ечиш гарантиясини берадиган “профессор”нинг саҳифасидаги имло хатолардан кўз қамашади.

Клиника админстраторлари эса Қосимовнинг ҳатто қайси таълим даргоҳида ўқиб келганини ҳам билмайди. Унинг ҳатто олий таълим олгани ҳам сўроқ остида. Чунки унда диплом эмас, аллақандай сертификат бор холос.

Мурожаатчиларнинг барчаси Самандар Ҳамроқулов ва YouTube'даги Chotki.tv каналининг рекламаси сабаб уларга ишониб боришганини айтишяпти. Канал маъмурларининг айтишларича, улар ҳам Қосимовнинг сеҳрли даволаш усулидан бехабар. Яна бир маъмур ўша интервю ўчирилганини, ўчиришга сабаб эса Қосимовнинг беморидан тушган шикоят сабаб бўлганини айтди.

Мурожаатчиларга кўра, уларнинг бу ноодатий даволаш усулидан жабрланганлар сони талайгина, аммо турли сабабларга кўра улар ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилишдан истиҳолада. Жабрланганлар орасида вафот этганлар ҳам борлиги айтиляпти. Одамларнинг ички ишлар идораларига, юқори ташкилотларга ёзган шикоятлари жавобсиз қолдирилаётгани эса тушунарсиз ҳолат.

Ариза ёздим, лекин бу ерда гап бошқа нарсада экан. Улар масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) экан. Тадбиркор қиёфасидаги фирибгарлар. Шу пайтгача ёзяпман, порталга, Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимига мурожаат қиляпман. Чора кўрилмаяпти. Аёлим ҳам ариза ёзди, мен ўзим уйдан чиқа олмайман.

Мен Ўзбекистонда қонунга ишонмасам, прокурорга ишонмасам, ички ишларга ишонмасам, унда чет элга кўчиб кетайми?” – дейди мурожаатчилардан бири.

Kun.uz Хайрулла Қосимов билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо унинг хориждалиги сабаб боғлана олмади. Афсуски, унинг рекламалари ҳамон давом этмоқда, ҳалигача ишонаётганлар топилса ҳам ажаб эмас.

Бирор ташкилот буларни ўрганадими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид