Ўзбекистон | 21:26 / 16.02.2025
3561
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда икки ярим ойда 327 млрд сўмлик газдан ноқонуний фодаланилди

Бунча ҳажмдаги газ метан заправкалар 10 кун давомида узлуксиз ишлашига етади. Ёки у билан 266 мингта хонадонни қишки даврда бир ой таъминлаш мумкин.

Фото: Ҳудудгазтаъминот

Ўзбекистонда икки ярим ойда 133 миллион 84,9 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги.

«Ўзэнергоинспекция»нинг берган маълумотига кўра, 2024 йил 1 декабрдан жорий йил 15 февралгача табиий газдан ноқонуний фойдаланишга оид 167 та ҳолат аниқланган. Бу орқали 82 миллион 158,9 минг метр куб табиий газдан асоссиз фойдаланилиб, давлат манфаатларига 210 миллиард 428,2 миллион сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг берган маълумотига кўра, жамият масъул ходимлари томонидан мазкур даврда 6472 та ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича 50 миллион 890 минг метр куб табиий газ учун 117 миллиард 300 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Бундан ташқари, шу вақт оралиғида 4942 дона маиший газ баллонида 77,8 тонна (36 минг куб метрга тенг) ҳажмдаги суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинган.

«Ҳисобот даврида ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 133 миллион 84,9 минг метр куб бўлиб, бу миқдордаги табиий газ 266 минг 170 та хонадоннинг қишки даврдаги бир ойлик меъёрий базасига тенгдир. Қолаверса, агар ушбу газ ресурсларидан оқилона фойдаланилганида, метан заправкалар 10 кун давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга бўларди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид