Жамият | 15:52 / 15.02.2025
18333
4 дақиқада ўқилади

Камаз тагидан бутун чиққан, кичик жуссали катта инсон – риштонлик Шерқўзи ҳикояси

Шерқўзи Отабоев жуда кичкина туғилган. 40 ёшни қоралаган қаҳрамонимиз ғишт ишлаб чиқариш заводида ишлайди. Бўйи 1,30 см, турмуш ўртоғининг ҳам бўйи ўзига мос: 1,20 см. “Кенжа ўғлим жуда кичик бўлгани учун телпак ичида катта қилдик”, – дейди Шерқўзининг онаси Кимсаной опа Отабоева.

“Риштон туманининг Оқ ер қишлоғида яшаймиз. Ўғлим жуда кичкина туғилган. Бизнинг авлодда бўйи паст йўқ эди. Кейинчалик бўйи қанақа ўсар экан деб роса ўйланганман. Докторга кўрсатсам, “болани бўйи кичкина, пенсияга чиқартириб қўямиз”, дейишди. Лекин дадаси бунга рози бўлмади.

Кимсаной Отабоева, Шерқўзининг онаси

Ўғлим кичик бўлгани учун телпак ичида катта қилганмиз. Ўғлимга мос келин топилди. Худога шукур. Келиним Раънохоннинг бўйи ҳам Шерқўзига мос. Улар бахтли оилалардан бири”, – дейди Шерқўзининг онаси Кимсаной Отабоева.

“Ҳали она қорнида эканимда онам қаттиқ стрессга тушганида ҳомилага таъсир қилган экан. Шу сабаб бўйим ўсмаган. Оилада катта фарзандман. 2010 йилда совчи бўлиб боришди. Шерқўзи акам билан кўришдик. Бир-биримизга маъқул тушдик. Уларни биринчи марта кўрганимда Аллоҳнинг ишларига лол қолдим. Бўйимиз бир-биримизга жуда мос эди.

Раънохон Отабоева, Шерқўзининг турмуш ўртоғи

Тўйимиз бўлди, фарзандли бўлдик. 2011 йилда Ферузбек ўғлимиз туғилди. Ўғлимиз ҳам ўзимиз каби кичкина туғилган. Ҳозирда 6-синфда ўқийди.

Оилавий кўчага, бозорга чиқсак ҳамма бизга ҳайрон бўлиб қарайди. Кимлардир ҳавас қилади.

Мен келин бўлиб келганимдан кейин, тандирлари баланд экан. Тандирга бўйим етмагани учун уни бузиб бўйимга мослаб кичик тандирча ясаб беришди. Бўйим етади ҳозир, бемалол ёпаман нонларни.

Орзу-ниятларимиз ота-оналаримизни Ҳажга жўнатиш, машиналар олиш, халқ хизматида бўлиш”, – дейди Шерқўзининг турмуш ўртоғи Раънохон Отабоева.

“Совчиликка борганимизда отаси қизини берармикан деган ўй бўлган. Ҳатто ўша куни кечаси билан ухлолмай чиққанман.

Шерқўзи Отабоев

Мана ҳаммаси яхшилик билан тугади. Тўй ҳам бўлди. Фарзандли бўлдик. Мактаб пайтида севган қизларим бўйим пастлиги учун ҳам яхши муносабатда бўлишмас эди. Айримлар “пакана” деб устимдан куларди. Бугунга келиб ўз ишим, оилам бор. Рўзғоримизни тебратиб юрибмиз”, – дейди Шерқўзи Отабоев.

“Ўғлим Шерқўзи 1 кг 700 гр туғилган. Бўйи эса шу кичик телефондай эди. Тез ёрдам машинаси етиб келмай кўчада дунёга келган. Ёшлигида ниҳоятда шўх бўлган. Ўғли ҳам ўзига ўхшаган жуда шўх ҳозир.

Абдулла Отабоев, Шерқўзининг отаси

4-5 яшар вақтида, катта асфалт кўчага қўшнимиз янчгани сомонини олиб чиқиб ёйиб қўйган экан. Шерқўзи шу сомон тагига кириб ётиб олган. Шағал олиб ўтаётган катта камаз машинаси буни кўрмай устидан ўтиб кетган.

Яхшиямки, Шерқўзи икки ғилдирак орасида қолиб жони омон қолган”, – дейди Шерқўзининг отаси Абдулла Отабоев.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид