Ўзбекистон | 19:58 / 12.02.2025
2457
8 дақиқада ўқилади

Лифтлардаги бахтсиз ҳодисалар: сабаблар ва ечимлар маълум қилинди

Май ойида “Хавфсиз лифт” платформаси ишга туширилиши кутилмоқда. QR-код орқали лифт ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин бўлади. Лифтларнинг эгаси, хусусан БСКлар ва сервис ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар шу платформа орқали рақамлаштирилади. Тегишли қонунчиликка халқаро тажрибани жорий этиш кўзда тутилмоқда.

3 феврал куни Тошкентдаги Riviera савдо марказида фаррош аёл лифт шахтасида тош босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган эди. Афсуски, техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги ва бошқа турли ҳолатлар сабабли лифтлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар учраб турибди.

Расмийлар берган маълумотларга кўра, ҳозирда республикада 2 мингдан ортиқ таъмирталаб лифт мавжуд. Улар босқичма-босқич янгиланяпти. Бироқ айрим ҳолларда янги ишлаб чиқарилаётган лифтларда ҳам носозлик кузатилмоқда.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси 6 феврал куни Яшнобод туманидаги “Texnopark” МЧЖга қарашли лифтларнинг мувофиқлигини баҳолашдан ўтказиш лабораториясига пресс-тур ташкил этди. Масъулларга кўра, бу ерда янги лифтлар 48 та маркердан фойдаланган ҳолда синовдан ўтказилади. Мажмуада, шунингдек, лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқариш заводи ҳам фаолият юритмоқда.

Riviera'даги ҳодисани ишчи гуруҳ ўрганмоқда

Пресс-турда қатнашган Kun.uz мухбири Саноат хавфсизлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Аҳаджон Исоқжоновдан Riviera'даги бахтсиз ҳодиса ҳақида сўради.

Савдо марказининг бахтсиз ҳодиса юз берган лифтига “Элеватор” корхонаси хизмат кўрсатиб келган, бу бўйича биздан рухсат олган. Тозалашга жалб этилган аёл у ерда фаррош бўлиб ишлар экан. Тозалаш жараёнида лифт ревизия циклига ўтказилиши, яъни тўхтатиб турилиши керак, шу циклга ўтказилмаган. Лифт ишлаб турган. Техника хавфсизлигига риоя қилинмагани оқибатида шундай бахтсиз ҳодиса юз берган”, – дейди Исоқжонов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда ҳолат бўйича махсус комиссия тузилган. Ишчи гуруҳ таркиби Саноат хавфсизлиги қўмитаси ва Бандлик вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, суғурта компанияси, Riviera савдо мажмуаси ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат.

Айрим БСКлар лифтларни сервис компанияларига топширмаяпти”

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутахассиси Ҳусниддин Шодиев Kun.uz билан суҳбатда лифтлардаги нохуш ҳолатларнинг сабабларига тўхталди.

Қурувчилар лифтларни ишга туширишдан олдин, янги қурилган уйлар ёки алмаштирилган лифтлар бўладими, ҳаммасини бошқарув сервис компанияларига тўлиқ ҳужжатлари билан топшириши керак. БСК эса шартнома лифтни қабул қилиб олгач, мажбурий равишда эксплуатация қилувчи ташкилот билан шартнома қилиши керак.

Ўша жараёнда совуққонлик қилиб, сервис компаниялари билан шартнома тузмасдан фойдаланиб келинаётган лифтларда муаммолар келиб чиқиши ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим ҳолатларда БСК аҳолидан мажбурий бадалларни ўз вақтида олмаганидан кейин, уларга хизмат кўрсатувчи компанияларга шартнома бўйича маблағ ўтказиб берилмайди. БСК томонидан тўлов қилиш 1-2 ойлаб чўзилганидан кейин шартномалар бекор қилиняпти ёки вақтинчаликка тўхтатиб туриш ҳолатлари кўп учраяпти.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан май ойига қадар “Хавфсиз лифт” платформаси ишлаб чиқилиб, жорий қилинади. Бу ҳозир жараёнда. Бунда барча лифт ускуналари фойдаланишга қабул қилингандан сўнг платформага киритилади. Платформада лифтнинг эгаси ким, у умумий мол-мулк бўлганда қайси БСКга қарайди, сервис хизмат кўрсатиш бўйича қайси ташкилот билан шартнома тузилган, эксплуатация жараёнида бир марталик техник шаҳодатлаштириш қачон ўтган, тугашига қанча вақт қолди – ҳамма жараённи онлайн кўриб бориш имконияти яратилади.

Фуқаролар ҳам платформага кириб, мурожаат қилишлари мумкин бўлади”, – дейди Қурилиш вазирлиги мутахассиси Ҳусниддин Шодиев.

Унинг қўшимча қилишича, лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилот ходимлари ҳар сафар лифтга хизмат кўрсатганидан кейин бу ҳақдаги маълумотни расми билан платформага жойлаштиради. Бу маълумот БСКга юборилади, БСК ҳақиқатан ҳам сервис ходими келиб, техник хизмат кўрсатганини тасдиқлайди. Ушбу жараён тарих сифатида платформада сақланиб қолади. Натижада, худди электрон тиббий дафтарчадек, ўша лифтнинг маълумотлари тўлиқ бўлади, дейди вазирлик ходими.

Платформа такомиллаштирилиб, босқичма-босқич республикада мавжуд 11 427 та лифт ускунасининг барчаси қамраб олинади. Кейинги босқичларда ҳар битта лифтга QR-код берилади, бу билан смартфон орқали лифт ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин.

Ҳусниддин Шодиевга кўра, мамлакатдаги 11 мингдан ортиқ лифтларнинг 6 мингтасини мажбурий диспетчерлик марказларига улаш ишлари олиб бориляпти. Бошқарув сервис компанияларининг ўзида диспетчерлик марказлари мавжуд бўлиб, уларга ҳамма лифтлар уланяпти. Янги лифтлар тўғридан тўғри уланиб, кейин фойдаланишга қабул қилинмоқда. Эски лифтлар эса босқичма-босқич улаб келинмоқда. Шунингдек, лифтларга камера ҳам ўрнатиляпти.

Халқаро тажриба жорий этилади”

Саноат хавфсизлиги қўмитасига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 2 146 та кўп квартирали уй қурилган бўлиб, шундан 947 таси ёки 44 фоизига лифтлар ўрнатилган. Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Аҳаджон Исоқжоновнинг айтишича, ҳозирда тегишли қонунчиликка халқаро тажрибани татбиқ қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Халқаро тажрибани ўрганиб, лифтлар тўғрисидаги регламентни халқаро тажрибага мослаштириш ва уйғунлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Тез орада бу техник ҳужжат ва низомлар амалиётга татбиқ қилинади. Ўтган январ ойида Туркия тажрибасини ўрганиб келдик. Техник регламентга кўра, жавобгарликни лифт ишлаб чиқарувчиси ва ўрнатувчиси олади. Бундан ташқари, халқаро тажрибада лифтларни ҳар 12 ойдан кам бўлмаган муддатда даврий синовдан ўтказиш кераклигини кўрдик. Буни хусусий секторга беряпмиз. Улар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан аккредитациядан ўтиб, биздан рухсатнома олгандан кейин, мана шу хизматни йўлга қўяди. Шунингдек, улар лифтларнинг шаҳодат синовлари билан шуғулланади. Буни йилда бир марта мажбурий қилиб киритдик. Халқаро тажрибага асосланган ҳолда, хавфлилик даражасини тўрт турга ажратиб, ҳар бирига турли рангдаги ёрлиқларни ёпиштирамиз”, – дейди Исоқжонов.

Унинг қайд этишича, ҳозирда ҳар бир ҳудудда 20 нафардан лифтларга хизмат кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилмоқда. Айрим ОТМларда лифт муҳандиси йўналиши ҳам очилиши мумкин.

Олий таълим вазирлигига лифт муҳандислиги йўналишини очиш таклифини бердик. Янги техник регламент лифтларнинг синовдан ўтказилишида ихтисослашган ташкилотлар учун талаблар қўяди, яъни аккредитациясидан ўтган ташкилотлар учун биринчи талаб – техник менежернинг олий маълумотли бўлиши ҳамда ҳар бир бригадада 4 нафардан кам бўлмаган техник мутахассис бўлиш талаби қўйилган. Яъни лифтларнинг мувофиқлигини баҳолаш ва даврий кўрикдан ўтказишда шу мутахассислар иштирок этиши лозим”, – дейди Саноат радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

Исоқжоновга кўра, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, лифтларнинг мувофиқлигини баҳолаган мутахассис шу лифтни даврий кўрикдан ўтказишда қатнашмаслиги таклиф этилмоқда. Бундай вазифаларни битта компания бажарса ҳам, ҳар икки жараён бошқа-бошқа ходимга топширилади.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид