Жамият | 10:16 / 09.02.2025
2931
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги божхона постида 2 млн рублдан ошиқ пулларни яшириб олиб чиқаётганлар фош этилди

Суриштирувда икки йўловчи бошқа шахсга тегишли бӯлган хорижий валюталарни маълум бир ҳақ эвазига олиб чиқмоқчи бўлгани аниқланган.

Фото: Божхона қўмитаси

Тошкент вилоятида жойлашган “Фарҳод” чегара божхона пости орқали 2 млн рублдан ошиқ пулларни яшириб олиб чиқаётганлар фош этилган. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, қўшни давлатга чиқиб кетаётган икки нафар йўловчи божхона назоратидан ўтаётган вақтида ўз ҳатти-ҳаракатлари билан божхона ходимларининг эътиборини тортган.

Шундан сўнг шубҳали ҳаракатлар қилган йўловчилар белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилган. Кўрик давомида фуқаронинг чўнтагида оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда декларацияланмаган 1 млн 460 минг, иккинчи йўловчида 730 минг Россия рубли борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид