Ўзбекистон | 20:25 / 24.02.2025
2643
2 дақиқада ўқилади

Божхона постларида енгил автомобиль ва автобуслар учун қизил ва яшил йўлаклар жорий қилиниши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни божхона фаолиятини такомиллаштириш ва рақамлаштиришга оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, сўнгги йилларда божхона ҳудудида қайта ишлаш турлари кенгайтирилгани самарасида бу тарзда экспорт қилинган товарлар улуши ўтган йили 1 миллиард доллардан ошган. Бу тизимни янада соддалаштириб, шу йилнинг ўзида экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш мумкин.

Таъкидланишича, қўшни давлатлар билан савдо ва туризм алоқалари кенгайиб бораётгани туфайли чегарадаги йўловчилар ва автотранспорт оқими камида 2 карра ошиши кутилмоқда. Бу қўшимча инфратузилма яратиб, постларда ўтказувчанликни оширишни талаб қилади.

Жумладан, халқаро қатновларни кўпайтириш мақсадида автобусларда ҳам, авиарейслардагидек, йўловчилар ҳақидаги маълумотларни олдиндан олиш тизими кўзда тутилмоқда. Натижада автобуслар чегарадан соддалашган тартибда ўтказилиб, расмийлаштириш вақти 2 баробар қисқаради. Шунингдек, энг йирик божхона постларида енгил автомобиль ва автобуслар учун қизил ва яшил йўлаклар жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Божхона кузатувида сунъий интеллектни кенг қўллаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Жаҳон банки мутахассислари кўмагида “хавф тизими” такомиллаштирилади. Бу тизим молиявий барқарорлик, савдо тарихи каби 122 та мезон бўйича тадбиркорларнинг ишончлилик даражасини баҳолайди. Шунингдек, рентген тасвирлари сунъий интеллект асосида таҳлил қилиниб, хавфли товарлар автоматик аниқланади.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, соҳада халқимиз учун енгилликлар яратиш, тадбиркорлар ва туристларга тезкор хизмат кўрсатиш зарурлигини таъкидлади. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида бунга божхона қонунчилигини тўлиқ мувофиқлаштириш вазифаси қўйилди.

Божхона институти салоҳиятини ошириш, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, таҳлика-таҳлил бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, дуал таълимни кенгайтириб, амалиётни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид