Жаҳон | 23:03 / 07.02.2025
4119
5 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Трампга пейжер совға қилди. Ливандаги операцияга ишора ўлароқ

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШга бир неча кунлик сафар қилди. У дўсти Трамп билан учрашувни интизор бўлиб кутаётганди. Бу ташриф Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими амал қилаётган вақтга тўғри келди. Афсуски, учрашувда айтилган гаплар Ғазо ҳали-бери тинчимайди деган хулосага келишга ундайди...

Биз бу учрашувдаги кичик, лекин муҳим бир деталга тўхталамиз. Исроил бош вазири Нетаняҳу америкалик дўстига иккита пейжер совға қилди. Битта оддий ва битта олтин билан безатилганидан. Учрашувдан кейин Нетаняҳунинг вакиллари олтин билан безатилган пейжер суратини тарқатди. Унинг остига «Энг ажойиб дўстимиз Доналд Трампга бош вазир Бинямин Нетаняҳудан» деб ёзилган. Пейжерда эса «Press with both hands» (икки қўл билан босинг) деган ёзув чиқиб турибди.

«Бу ажойиб операция бўлганди»

Нетаняҳу Трампга нега пейжер совға қилгани тушунарли: Биби шу орқали ўтган йил 17 сентябрдаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши ўтказилган пейжер операциясига ишора қилган. Ўшанда Исроил махсус хизмати Моссад «Ҳизбуллоҳ» жангчилари қўлидаги минглаб пейжерларни масофадан туриб кодли смс юбориб портлатиб юборганди. Оқибатда камида 37 киши ҳалок бўлади, улар орасида болалар ҳам бор. Уч мингдан ортиқ одам яраланади.

Биби бу совға билан Трампни ажаблантира олган. Дўстидан совғани олаётганда Трамп «Бу ажойиб операция бўлганди» деб айтган. Ўз навбатида АҚШ президенти исроиллик дўстига икковларининг биргаликда тушган суратларини совға қилган. Унинг остига «Буюк етакчи Бибига» деб ёзилган. Учрашув давомида Нетаняҳу Трампни Оқ уйда ишлаган президентлар орасида Исроилнинг энг яқин дўсти деб атади. Трамп Халқаро жиноят суди Ғазодаги тинч аҳолини қиришда айблаб ҳибсга олишга ордер берган дўстини оғзидан бол томиб алқади. Дарвоқе, кейинроқ дўстига қарши ордер бергани учун Ҳаага судига санкция ҳам киритди.

Бу қандайдир ишорами?

Шу ўринда Бинямин Нетаняҳу Трампга бекорга пейжер совға қилмади деган хаёл кўпчиликни тинч қўймаётган бўлса керак. Майли, у америкалик жўрасига мақтангиси келди дейлик, лекин буни ҳаммага ошкор қилиб нима керак? Исроил томони совғага жуда урғу бераётганига қараганда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши ўша тилларда достон операциясида АҚШ ҳам ёрдам берганига шама қилаётгандек.

«Бурилиш нуқтаси»

Трампга совға қилинган олтин пейжер суратини эълон қилган Исроил бош вазир маъмурияти маслаҳатчиси Дмитрий Генделман пейжер операциясини урушдаги бурилиш нуқтаси деб атаган: «пейжер уруш тақдирини ўзгартирган, террористик ташкилотнинг руҳиятини синдириш йўлида бурилиш нуқтаси бўлган операция бўйича Исроил бош вазирининг муҳим қарори рамзидир», деган исроиллик мулозим.

Ёмон сигнал

Бу ҳолатдан қуйидагича хулоса қилиш мумкин. Тўғри, Нетаняҳу Трампга пейжер совға қилгани дунёда ҳеч нимани ўзгартирмайди. Лекин аслида бу жуда ёмон сигнал. Америка ва Исроил бутун дунёга «Ҳа ўша пейжер операциясини биз қилдик, мана, бунга шама қиладиган совғалар ҳам улашяпмиз. Хўш, нима қила оласизлар?» демоқчи. Лекин жаноблар, ўша сиз портлатган пейжерлар урушга умуман алоқаси бўлмаган одамлар қўлида бўлиб қолиши ҳам мумкин эди-ку? Шундай бўлди ҳам: серияли портлашлар вақтида оддий одамлар ҳам ўлиб кетди, улар орасида болалар ҳам бор эди.

Катта давлатлар кейинчалик мақтаниб юриш учун бегуноҳ одамлар ҳаётини бунчалик хатарга қўйиши керак эмас. Хўп, сизнинг дастурчиларингиз шунчалик зўр экан, уларни одамларни портлатишга эмас, яхши ишларга ўргатинг. Чегараларингизни қўриқлашни осонлаштирадиган техникалар яратинг. Агар нўноқ чегарачиларингиз 7 октябрда ҲАМАС киришига йўл қўймаганида, ҳозир минглаб оддий одамлар ўлиб кетмаган бўларди.

Ҳа, азизлар, жуда ёмон даврда яшаяпмиз. Бутун бошли давлат раҳбарлари минглаб одамларни ўлдиргани, одамлар қўлидаги гаджетларни портлатиб юбора олиши билан мақтанмоқда. Бунинг номини сиёсат эмас, ҳаддан ошиш дейишади...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид