Армен Саркисян ўлими: ўзаро келишмовчиликми ёки Украина операцияси?
3 феврал куни Москвадаги «Алые Паруса» турар жой биносида портлаш содир бўлгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Ҳодиса оқибатида жиноят олами вакили Армен Саркисян ҳалок бўлган. YouTube каналимиздаги навбатдаги видеода ҳодиса нимаси билан аҳамиятли эканига тўхталамиз.
Москвага борганлар яхши билишади, «Алые Паруса» Москва дарёси бўйида қурилган, «Спартак» стадионидан сал нарида жойлашган бу комплекс шаҳардаги энг кўркам турар жой биноларидан. Москва шундоғам қиммат шаҳар, бу бино эса Россия пойтахтидаги кўп қаватли уйлар орасида ҳам энг элитларидан.
Комплекс яхшигина қўриқланади, оддий одам портловчи моддани бемалол олиб кириб портлатолмайди. Мана шундай қимматбаҳо уй подъездида портлаш бўлиб, Россиядаги урушда фаол қатнашаётган криминал авторитет ҳалок бўлдими, демак бу воқеани эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Донбасслик армани
Армен Саркисян асли Арманистонда туғилган, лекин болалигида унинг оиласи Украинанинг Донецк областидаги Ҳорливка шаҳрига кўчиб кетган. 90-йилларда Ҳорливкадаги жиноий тўдаларга қўшилган Армен тадбиркорлик билан шуғулланади. 2000-йилларда эса жиноят оламига таъсир кўрсата оладиган авторитетга айланади. Жиноят оламида Армен Горловский номи билан танилади. У етакчисига айланган жиноий тўдалар спиртли ичимликлар савдоси, такси бизнесини бошқарган. Украин нашрларига кўра Россиядаги жиноий тўдалар билан бирга наркотик савдосига ҳам кирган.
Бу жиноят олами вакили Украинанинг собиқ президенти, 2014 йилги давлат тўнтаришидан кейин Россияга қочган Виктор Януковичга яқин одам деб қаралади. 2010 йил Янукович иккинчи уринишда Украина президентига айлангач, Армен Горловский президентнинг дўсти Юрий Иванюшченко орқали Украина ИИВ раҳбарияти билан алоқа ўрнатади. Кейинчалик Донбассдаги кўмир савдосини назоратга олган. Бу эса жуда катта пулга бошлиқ бўлди дегани. Ахир Донбасс сўзининг кенгайтмаси «Донецкий угольний бассейн» дегани, яъни Донецк кўмир ҳавзаси. Горловскийнинг Донбассда шунчалик таъсир доираси катта бўладики, журналистлар уни маҳаллий кулранг кардинал деб аташади.
Якуновичнинг ағдарилиши билан тугаган Евромайдан воқеалари эса Армен Горловскийни сиёсий даражага олиб чиқади. У Донбассдаги айирмачиларни қўллаб, майданни бостириш учун одам ёллайди. Янукович ағдарилгач, янги ҳукумат Армен Горловскийни қидирувга беради. Ўшандан буён криминал авторитет Россияда ёки Донбасснинг Киев назорат қилмайдиган ҳудудларида яшаб келади.
Армен Саркисян ёки Армен Горловский Россияда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланади. Хусусан, уй қуриб сотади, тамаки савдоси билан шуғулланади. Аммо булар унинг ўлими ҳақида видео қилишимиз учун сабаб бўлолмайди. Кейинроқ у Россия ҳаётида муҳим бир босқичда қатнашади...
Пригожинга рақобатчи қўмондон
Криминал авторитет 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши урушида руслар томонидан туриб жанг қилишни бошлайди. Шунчаки урушмайди, афтидан «Любэ» гуруҳининг «Комбат» деган ултрапатриотик қўшиғидаги «За нами Россия, Москва и Арбат» деган жумлаларидан руҳланган кўринади, «Арбат» деган баталёнга асос солади.
Аввалига баталён этник арманлардан тузилади, шу сабаб уни арман баталёни деб ҳам аташади. Армен Саркисян Кремлга садоқатини исботлашга жиддий киришади. Унга ҳатто Россия қамоқхоналаридан урушга одам ёллаш имкони берилади. Украина разведкасига кўра, бундан мақсад Армен Саркисян бошқарувида Евгений Пригожиннинг «Вагнер»ига рақобатчи гуруҳ тайёрлаш бўлган.
Кремл арман баталёнига ишонч билдириб, уни Мудофаа вазирлиги сафига қабул қилади. Баталённи ҳатто Москвадаги арман черкови дуо қилади. Собиқ жиноятчи Айк Гаспарян Арбатнинг янги қўмондони бўлади. Гуруҳ асосан жиноят олами вакиллари орасида етакчилар танлайди. Талончилик учун саккиз йилга қамалган Гаспарян Вагнер сафига ёлланиб қамоқдан чиққан ва ҳатто Путин томонидан «Жасорат» ордени билан тақдирланади.
2024 йил кузда «Арбат» баталёни Курск мудофаасига жалб қилинади. Ўша вақтда Арманистон Тергов қўмитаси Ростов областидаги «Арбат»га тегишли ҳарбий базада Арманистон бош вазири Никол Пашинянга қарши давлат тўнтариши режалангани ҳақида хабар беради. Бу хабарлар бежизга чиққани йўқ, ахир Пашинян охирги вақтларда Москвадан узоқлашиб бормоқда.
Ким ўлдирди?
Аслида жиноят оламига кирган одам тинчгина ўлмаслиги, қачондир нимадир бўлиб ўлдирилишини гарданига олган бўлади. Жиноят олами вакилини ким қаерда ўлдирганининг аслида бизга умуман қизиғи йўқ, лекин ҳодиса сиёсийлашгани учун бу ҳақда версияларга тўхталишимиз керак.
Тергов версиясига кўра, суиқасд Саркисяннинг бизнеси билан боғлиқ ва «таъсир доираси қайта тақсимланиши» унинг ўлимига сабаб бўлган. Бироқ бу ишни Украина хавфсизлик хизмати қилмаганига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. Ахир Кремл томигача дрон учирган офицерлар Москвада одам портлатишни осонгина уддалайди мантиқан олиб қараганда. Портлаш вақтида Саркисяннинг ёнида Виктор Януковичнинг президентлик вақтидаги қўриқчиси Сергей Шкрябатовский ва 2014 йил уруш бошлангач Россия томонга ўтган Қрим махсус топшириқли кучлар собиқ офицери Олег Касперович ҳам бўлгани суиқасддаги «украин изи» версияси эҳтимолини оширади.
Саркисян урушда бутун бошли баталён билан иштирок этаётган бўлса ҳам, шахсан ўзи фронтда кўриниш бермаган. 2024 йил феврал ойида эса унинг номи баъзи хабарларда пайдо бўлади. Демак роппа-роса бир йил аввал Армен Саркисяннинг қизи Эмилия ва чеченистонлик ММА жангчиси Расул Очаевнинг машинаси тўқнашиб кетади. Кейин, афтидан, қиз ҳозир сенга кўрсатиб қўяман дейди-да, спортчини дадасига айтиб беради.
Кейин Саркисяннинг қўриқчилари ва ММА жангчиси Расул Очаев ўртасида отишма кузатилади. Бу хабар фонида арман криминал авторитети Саркисян чечен элитаси билан зиддиятга борди деган гаплар чиқади. Ахир ўша вақтда Саркисяннинг қизига тегишли машинага тўқнашган Расул Очаев 3,5 йилга қамалганди.
Ҳозирча икки версия ҳам тасдиқлангани йўқ. Бу шунчаки тахминлар холос. Шунингдек, Армен Саркисяннинг қизи минган машина иштирокидаги йўл улов ҳодисаси отанинг тақдирига қандай таъсир қилгани ҳам аниқ эмас. Лекин аниғи шуки биргина авария инсон ҳаётини мана шунча шубҳа-гумонга кўмиб ташлаши мумкин экан. Криминал авторитетни ким ўлдирганини аниқлашни терговчиларга, бошқа катта одамларга қолдирамиз-да, ҳодисадан ўзимизга яраша хулосани чиқариб турайлик: машина ҳайдаётганда эҳтиёт бўлинг, асло тезликни оширманг...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

22:24
Кремль Путин ва Трамп учрашуви эҳтимолини муҳокама қилмоқда – ОАВ

20:25
Россияда қарийб 54 минг қамоқхона нозири етишмаётгани маълум бўлди

18:24
Россия 30 кунлик оташкесимга рози бўлмаса, қўшимча санкцияларга дучор бўлиши мумкин

17:24