Иқтисодиёт | 20:38 / 23.01.2025
2617
2 дақиқада ўқилади

Ривожланаётган бозорлар бу сафарги глобал инқироздан анча яхши ўтгани айтилди

“Эслаб кўринг, авваллари АҚШ Федерал захираси фоиз ставкаларини 450 базавий пунктга оширса, пандемия рўй берса, энергия нархлари кескин ошиб кетса, ривожланаётган бозорларда ҳозиргидан анча кўпроқ саросима кузатиларди. Охирги йилларда бунақа бўлгани йўқ”, деди Халқаро валюта жамғармаси директор ўринбосари Гита Гопинат. У Давосдаги нутқида бунга қандай қилиб эришилганини айтди.

Фото: weforum.org

Охирги бир неча йил дунё учун анча алғов-далғовли йиллар бўлган бўлса ҳам, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти бу сафарги глобал шокларга нисбатан анча бардошли бўлиб чиқди. Шу кунларда Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори ўринбосари Гита Гопинат шу ҳақда сўз юритди.

“Бир ижобий ҳолатга эътибор қаратишни истардим. Ривожланаётган бозорлар охирги бир неча йилни анча яхши ўтказди. Эслаб кўринг, авваллари АҚШ Федерал захираси фоиз ставкаларини 450 базавий пунктга оширса, пандемия рўй берса, энергия нархлари кескин ошиб кетса, ривожланаётган бозорларда ҳозиргидан анча кўпроқ саросима кузатиларди. Биз буни яхши эслаймиз, чунки Халқаро валюта жамғармасида шу иш билан шуғулланамиз. Эсимда, кўплаб мажлислар ўтказиларди: биз ўтириб, эҳтимолий нохуш сценарийларни тузардик. Охирги йилларда шу нарса бўлгани йўқ.

Бунга узоқ муддатли инвестициялар эвазига эришилди. 1990-йиллардан бошлаб, эҳтиёткорлик билан, оқилона пул-кредит сиёсатини юритишга ўтиш, молиявий секторни тартибга солиш, чет эл валютасидаги қарзларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетмаслигига эътибор берила бошланди. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг салбий таъсирларга чидамлилигини оширди. Бу – жуда яхши намуна”, – деди Халқаро валюта жамғармаси расмийси.

Мавзуга оид