Иқтисодиёт | 10:56 / 26.01.2025
10183
3 дақиқада ўқилади

“Давлатлар бўйнидаги қарз хавотирли даражага етди” – Давос форумида муҳокама

Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми эксперт ва иқтисодчилари давлатларнинг қарз даражасини жиддий хавотир билан муҳокама қилди. Дунёда солиқ тўловчилар зиммасидаги ташқи қарз миқдори ҳеч қачон ҳозиргидек кўп бўлмаган. Бу эса ҳукуматларнинг қўлини калта қилади.

Халқаро валюта жамғармаси директори ўринбосари Гита Гопинатнинг сўзларига кўра, вазият биз ўйлагандан ҳам ёмонроқ.

“Оптимистик нохолислик бор, прогнозлаш билан шуғулланувчи муассасалар молиявий инқирозлар ёки пандемия каби фавқулодда вазиятлар, травматик ҳодисаларни ҳисобга олмаган. Орадан йиллар ўтиб, ҳозирги қарзларнинг ҳақиқий миқдори прогноз қилинганидан 10 фоизга юқори ҳам бўлиши мумкин”, дейди Гопинат.

Масалан, АҚШ. Бу давлат қарз масала бўйича “ажойиб” кўрсаткичга эришган. Ўтган йили мудофаа ва ҳарбий харажатлар учун Америка бошқалардан кўра кўпроқ маблағ сарфлаган. Лекин бундан ҳам кўпроғини ўз қарзларининг фоизини тўлашга ишлатган. Кўплаб америкаликлар учун эса бу хавотирли ҳолат. Буюк Британияда ҳам фоиз ставкаларининг кўтарилиши ва солиқ тушумларининг етарли эмаслиги ортидан вазият жиддий.

“Бизга мутлақ бурилиш керак, чунки бу оддий вазият эмас”, дейди ХВЖ директори ўринбосари, америкалик иқтисодчи.

“Бу сиз ўйлагандан ҳам ёмонроқ, дунёда умумий 100 триллион долларга яқин давлат қарзи тўпланган, юқори фоиз ставкалари эса бунча қарзни тўлашни қийинлаштиради, қимматлаштиради”, дея қўшимча қилади Гита Гопинат.

Зимбабве молия вазири Давосдаги панел сессияда сўзга чиқаркан, юқоридаги гапнинг далили сифатида унинг мамлакатида ҳатто фастфуд солиғи ҳам борлигини айтди.

“Агар сиз пицца ёки тез тайёр бўлувчи овқатларни сотиб олсангиз, қўшимча ҳақ тўлайсиз”, дейди у. Чунки Зимбабве ҳозирги вақтда давлат қарзини мураккаб реструктизациялаш, яъни уни қайта кўриб чиқиш ва камайтириш билан банд.

Оғир қарз юклари ҳукуматларнинг қўлини боғлаб қўяди, ижобий, истиқболли лойиҳалар учун аслида шу қарздан кам қисмини реал сарф қила олишларига тўғри келиб қолади.

Чунки фоиз ставкалари ошгани сайин, инвестиция қилиш учун камроқ имконият бўлади. Бу, айниқса, бой бўлмаган давлатлар учун жиддий муаммо.

Бой давлатларда вазият қандай? Япониянинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 200 фоиздан ошди. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети ҳуқуқшунослик факултети профессори Кимберли Клаузинг сўз оларкан, Қўшма Штатларда ҳам вазият оғир эканини урғулади. Давлат қарзининг кўплиги фавқулодда ҳолатлар учун захира камлигини, ҳар қандай салбий зарбалар учун буфер имкониятлар борган сари камлигини англатади.

Лондон фонд биржаси гуруҳи бош директори Девид Швиммернинг фикрича, сиёсатчи ва раҳбарлар давлат қарзи билан боғлиқ вазиятни назоратда ушлолмади, салбий томонга ривожланишга қарши ҳам туролмади.

Мавзуга оид