Жаҳон | 14:59 / 18.01.2025
2520
2 дақиқада ўқилади

Ой Бутунжаҳон ёдгорликлар фонди рўйхатига киритилди

Мутахассислар келгуси тижорий парвозлар оқибатида Ойнинг талон-тарож қилиниши ва бузилиши эҳтимолидан хавотирда.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Бутунжаҳон ёдгорликлар фонди (WMF)нинг 2025 йилги рўйхатига 25 та объект киритилди: улар орасидан илк бор коинотдаги объект — Ой ўрин олди.

2027 йил ўрталарига мўлжалланган NASA'нинг Артемида III миссиясидан кейин Ой сатҳига хусусий саёҳатлар кўпайиши кутилмоқда.

Бу ташрифлар ва ҳукуматлар томонидан молиялаштириладиган бошқа миссиялар WMF учун асосий ташвиш манбайи ҳисобланади. Айниқса, 1970 йилларда Нил Армстронг ва Базз Олдрин Ойда қолдирган ёдгорликларни шикастлаши мумкин бўлган сайёҳлар алоҳида хавотир уйғотмоқда.

“Ой биринчи марта рўйхатга киритилди... Инсониятнинг Ердан ташқаридаги дастлабки қадамларини тасдиқловчи артефактларни тан олиш ва сақлашнинг муҳим заруратини акс эттириш учун шундай қилинди. Ойга телевизион қўнишни тасвирга олган камера, Армстронг ва Олдрин астронавтлари қолдирган эсдалик диск ҳамда бошқа юзлаб нарсалар ушбу мероснинг рамзлари ҳисобланади”, — деб таъкидлади WMF президенти ва бош ижрочи директори Бенедикт де Монлор.

Бу йилги рўйхатда мунтазам вайрон этилаётган Ғазодаги тарихий шаҳар, 2022 йилда ракета ҳужуми оқибатида бузилган Киев ўқитувчилар уйи ҳам бор.

Шунингдек, рўйхатга яқин вақтларда содир бўлган табиий офатлардан кейин тикланаётган жойлар киритилган. Буларга 2023 йил февралда зилзиладан вайрон бўлган Туркиянинг Антакя шаҳри, 2024 йил январда кучли зилзиладан зарар кўрган Япониядаги Ното яримороли киради. Бундан ташқари, Анд тоғларида тош ётқизилган тоғ йўллари тизими, Франциядаги Сорбонна ибодатхонаси, Албаниядаги Дрино дарёси водийсидаги монастирлар ва бошқа объектлар ҳам рўйхатдан жой олган.

Мавзуга оид