Ўзбекистон | 19:03 / 18.01.2025
24245
3 дақиқада ўқилади

“Чорсу” меҳмонхонасини бузиш бошланди. Бунга қанча вақт кетади?

1982 йил қурилиб, қарийб 20 йил фойдаланилган, аммо 2000 йилдан сўнг қаровсиз ҳолга келиб қолган “Чорсу” меҳмонхонаси бузилмоқда. Kun.uz мухбири объект ҳудудида бўлиб, бузиш сабаблари, у қанча вақт давом этиши, қурилиш чиқиндилари қаерга олиб борилиши ҳақида лойиҳага алоқадор масъулдан изоҳ олди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Техник экспертизага кўра, бинонинг темир-бетон конструкциялари ёғингарчилик ва атроф-муҳит таъсири туфайли жиддий деформацияга учраган ва қисман бузилган. Арматура стерженлари 20 фоизгача ўз майдонини йўқотган ва коррозияга учраган. 14-қават ва ундан юқори бўлган барча устунлар ҳисоб-китоб талабларига жавоб бермайди. Шунга биноан, меҳмонхонани реконструкция қилиш мумкин эмас.

Бузиш жараёнлари қанча вақт давом этади?

“Бугунги кунда собиқ “Чорсу” меҳмонхонасини бузиш жараёнлари бошланган. Ушбу меҳмонхонани қайта таъмирлаш кўзда тутилган эди, лекин талабларга жавоб бермаслигини инобатга олган ҳолда қайта таъмирлаш ишлари тўхтатилган. Ҳозир бу ерда тайёргарлик ишлари кетяпти, яъни махсус техника бинога кириши учун жой тайёрланмоқда. Тайёрлик ишлари якунланиб, бузиш ишлари бошлангандан сўнг, тахминан 5-6 ой муддат талаб қилади”, - дейди “ГрандПР” МЧЖ менежери Шуҳрат Ҳалолов.

Унинг Kun.uz’га билдиришича, ҳудудда ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари Тошкент шаҳри четидаги иккита белгиланган ҳудудга олиб борилмоқда (у интервюдан ташқари “Майский” ва Янги Ўзбекистон ҳудудларини айтди, аммо кейинчалик фикрини тасдиқламади).

Шунингдек, жамият вакили шаҳар экологиясига етадиган зарарни юмшатиш учун сув сепган ҳолда чанг зарраларининг атмосферага чиқиши камайтирилишини айтди.

Маълумот ўрнида, собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси ўрнида 29 қаватли янги меҳмонхона, 14 қаватли бизнес марказ ва бошқа турар жой мажмуаси бўлиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябр ойида Чорсу майдонини реконструкция қилиш бўйича охирги лойиҳа тақдим этилди. Унга кўра, қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиб, 2029 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 170 миллион АҚШ долларидан ошади. Меҳмонхона 2020 йилда аукцион орқали Бирлашган Араб Амирликларидаги “Ittihad International Investment” компаниясига сотилган, ҳозирда ушбу объектни ўзбек ва хорижий инвесторлар консорциуми томонидан қайта сотиб олиш бўйича келишув юритилмоқда.

Мавзуга оид