Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
9 марта қамоқдан қочган ашаддий жиноятчи: “Айёр Ванка” ким эди?
1971 йилда Сочидаги санаторийдан совет иттифоқи қаҳрамонининг кийими, ҳужжатлари ва Олтин юлдуз медалининг нусхаси ўғирлаб кетилади. Пулларга тегилмаганди. Милиция бир йилдан сўнг ўғрини тутади. У 72 ёшли рецивидист чол эди. Жиноятчига ўнинчи марта ҳам қамоқдан қочиш насиб қилдими?

Воқеалар ривожи 1971 йил 29 сентябр кунидан бошланганди. Ўша куни Сочи шаҳар милиция бўлимига Иккинчи жаҳон урушининг афсонавий қаҳрамони, собиқ учувчи Григорий Козлов мурожаат қилади.
У санаторийда дам олаётганида пиджаги ва унинг чўнтагида бўлган Совет иттифоқи қаҳрамони учун бериладиган гувоҳнома, Олтин юлдуз медалининг нусхаси, паспорти, авиачиптаси ҳамда бошқа буюмлари йўқолганини маълум қилади.
Козлов милиция ходимларига ҳақиқий Олтин юлдузни йўқотиб қўйишдан хавотирланиб уйида сақлаши, ўрнига бронзадан аслига ўхшатиб нусхасини тайёрлатиб олганини айтади.
Ўғри учувчининг пулларига тегмаганди. Милиция бундан ўғрини фақат тилла буюмлар қизиқтиради, лекин у ҳақиқий олтин медал билан унинг ясамасини ажрата оладиган даражада тажрибали эмас деган хулосага келади.
Аслида эса ўғри медални сотмоқчи эмасди. Унинг мақсади умуман бошқа бўлган. Ўғри Совет иттифоқи қаҳрамони медали ва гувоҳномасидан фойдаланишни мақсад қилганди.
Ўша пайтларда СССРда совет иттифоқи қаҳрамонлари, айниқса улар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган бўлса, умуман дахлсиз бўлган.
Ўғрилар уларнинг нарсаларини ўғирлашга жазм эта олмаган. Чунки агар қаҳрамонларнинг нарсаси йўқолса ҳамма оёққа турар ва жиноятчи албатта ушланарди.

Бироқ Козловни санаторийда тунаб кетишибди. Бу довюрак ўғри ким бўлса ва у медал, гувоҳнома ҳамда паспортни нега ўмарган бўлса?!
Милиция Козловни тунаган ўғрини қидирар экан, орадан бир ой ўтиб, Сочи шаҳар милициясига яна бир одам мурожаат қилади.
Ўғри бу сафар совет иттифоқи қаҳрамони Петр Рагозиннинг ҳужжатлари ва Олтин юлдуз медалини ўмарганди.
Сочи шаҳар милицияси ўғрини қидирар экан, жиноят-қидирув бўлими 1969 йилда ҳам уруш фахрийларидан бири буюмлари, ҳужжатлари ва медаллари йўқолгани ҳақида хабар берганини эслашади. Ўғри топилмагани учун ўша “дело” ҳали ҳам “осилиб” турганди.
Орадан бир йил ўтгач, Москвада ўғри ушланади. У 72 ёшли қария бўлиб чиқади. Милиция қўлга олинган шахснинг маълумотларини текшириб кўрганда, у СССРдаги энг ашаддий жиноятчилардан бири, ўша пайтгача бир неча бор қамалган Иван Петров бўлиб чиқади.

Иван Петровнинг яшаш манзили текширилганда у ердан КГБ полковнигига тегишли ҳужжатлар, Олий Совет депутати гувоҳномаси, юрист дипломи ва уруш қатнашчисига тегишли медаллар ва гувоҳномалар топилади.
Петров уларнинг барчасини ўғирлаган эди. Хўш, ёши бир жойга бориб қолган қарияга бу нарсалар нега керак бўлганди?
Болаликдан ўғри
Иван Петровнинг болалиги жуда оғир кечган ва шу сабабли у ёшликдан ўғриликни касб қилади. У илк бор 25 ёшида қамалади. Кейин яна кўп марта ўғрилик қилгани учун жазоланади.
У ҳар гал қамоқдан қайтгандан сўнг яна нимадир ўғирлаётиб ёки фирибгарлик қилиб қўлга тушаверади ва қамалаверади. Бунинг устига, у бир неча марта қамоқхонадан ҳам қочади. Уни тутиб олишади ва ортга қайтараверишади.
1934 йилда қўлга тушганида унга хавфли рецидивист бўлгани учун ўлим жазоси берилади. У ҳукмни кутиб ётганида олий жазо 10 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилади.
Ўшанда уни Оқ денгизда жойлашган Соловецк оролидаги даҳшатли қамоқхонага жойлаштиришади. Кўп ўтмай ўғри имконсиз ишни амалга оширади ва ана шу қамоқхонадан ҳам қочишга муваффақ бўлади.
Немислар СССРга бостириб кирганда Иван Петров қамоқхонада эди. 1944 йилда уни жазо баталионга юборишади. Жангларнинг бирида у яраланади ва фронтдан ортга қайтарилади. Урушда қатнашгани учун қамоқдан озод қилинади.

Урушдан кейин яна “эски иши”га қайтади ва яна ўғрилик қила бошлайди. Иван Петров кексайиб қолганидан сўнг ҳам ўғриликни давом эттираверади.
Умумий ҳисобда у 1925 йилдан 1972 йилгача 13 марта қамалади, 9 марта қамоқдан қочади. Судялар унга жами 93 йил қамоқ жазоси беришади. У жиноят оламида “Айёр Ванка” номи билан танилганди.
Иван Петровда одамларни ишонтириш қобилияти жуда кучли бўлган. Ҳар қандай одамни икки оғиз гап билан ўзига ишонтира олган.
Сочида икки уруш фахрийсининг “Олтин юлдуз” медаллари, гувоҳномалари ва паспортларини ўғирлашда ҳам у аввал “қурбон”лари билан танишган. Уларни ёлғонларига ишонтирган ва фурсатдан фойдаланиб нарсаларини ўғирлаганди.
Иван Петров мамлакат бўйлаб “гастрол”ларда юрар экан, ўзи ўғирлаган ҳужжатлардаги маълумотларга қараб исм-шарифини тез-тез ўзгартириб турган.
Бирида Григорий Козлов, бошқа сафар Петр Рагозин, яна бошқасида Авин, Гусков, Абдершин, Кокора ва бошқа исм-шарифлардан фойдаланади. У жами 14 та одамнинг номидан фойдаланади.
Иван Петров ўз ўлжаларини асосан бойроқ одамлар бориб дам оладиган Сочи, Батуми, Ялта ва Гагра шаҳарларида тунайди.
Иван Петров уруш фахрийларидан ўғирланган гувоҳномалар ва бошқа ҳужжатлар билан юргани учун унга барча нарса текин эди.
Шу сабабли у СССРдаги энг зўр меҳмонхоналарда тунаб қолади. Энг яхши санаторийларда ҳордиқ чиқаради. Элит ресторанларда овқатланади ва театр томошаларига боради.

Ўғрининг ушланиши
Иван Петровнинг охирги ўғрилиги муваффақиятсиз тугайди ва у қўлга тушади. 1972 йил баҳорда “Айёр Ванка” Москвадаги магазинларнинг бирига киради ва ўзига кийим танлаётган ўрта ёшлардаги харидор билан гаплашиб қолади.
Харидор ўзига костюм-шим танлаётганди, ўғри унга бир нечта “дўстона маслаҳат” беради. Кийим танлаш борасидаги “тажрибалари” билан ўртоқлашади.
Охирида харидорнинг уст кийимини ечишига ёрдамлашади. Сўнг уни кийимни кийиб кўриш жойига юборади ва нарсаларига қараб туришини айтади.
Харидор танлаган кийимини кийиб кўриш учун кетганда “Айёр Ванка” унинг кийимлари олиб жуфтакни ростлайди. Ўшанда ўғирлаган кийимининг чўнтагида пуллар ва ҳужжатлар борлигига амин эди.
Бахтга қарши харидор нимадандир хавфсирайди ва кийимни кийиб кўрмасданоқ ортга қайтади. У қайтиб келганида кийимлари ва нотаниш “дўст” йўқ эди.
Харидор дарҳол кўчага отилиб чиқади ва югуриб кетаётган ўғрини кўриб қолади. Харидор “Айёр Ванка”дан анча ёш эди ва бир зумда чолга етиб олади. Уни тутгач милиция чақиради.

Милиция бўлимида чолни тинтиб кўришганда унинг ёнидан Григорий Козлов номига берилган совет иттифоқи қаҳрамони гувоҳномаси чиқади.
Сўроқ пайтида у Ленинграддан келганини, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари дўстиникида эканини айтади. Милиция у айтган важларни текшириб кўраётганда ўғри чол сўнгги усулини қўллайди ва “ҳушини йўқотади”.
“Айёр Ванка”ни дарҳол шифохонага олиб кетишади. Шифокорлар унга биринчи ёрдамни кўрсатиб, палатага жойлаштирганда ўғри у ердан қочиб кетади.
Бироқ бу сафар узоққа кета олмайди. Чунки милиция ходимлари уни бўлимга олиб борганда расмга тушириб олганди. Ўша расм туфайли чолни тезда топишади.
Яъни милиция расм ашаддий жиноятчи Иван Петровга тегишли эканини билганди. Бир неча кундан сўнг уни тутиб олишади. Қўлга олишаётганда ўғри қаршилик кўрсатмайди.
Бу сафар унинг ёнидан Иккинчи жаҳон уруши пайтида жазо баталионида хизмат қилган собиқ НКВД ходими, майор Авинга тегишли ҳужжатлар топилади.
Суд, жазо ва 100 ёш
Жабрланувчилар сони кўплиги туфайли бу сафар тергов ва суд жараёни анча чўзилади. Сочида ҳужжатлари ва буюмларини ўғирлатганлар уни бир кўргандаёқ танишади.
Маълум бўлишича, у Сочида ҳам худди Москвада бўлганидай ўлжалари билан “тасодифан” танишган, сўнг уларни кийим дўконига олиб бориб, пиджак ва ҳужжатларни олиб қочиб кетган экан.
Охир-оқибат суд хавфли рецидивист бўлган ўғри чолга 10 йил қамоқ жазоси беради. “Айёр Ванка” бу сафар қамоқхонадан қоча олмайди ва санадан санагача 10 йил қамоқда ўтиради.

У озодликка чиққанда ёши 82 да эди. Қамоқдан чиққач у яна кўп марта ўғрилик қилади. Бироқ ёши 90 га яқинлашиб қолган чолни қамашга журъат қила олишмайди.
Кейинроқ “Айёр Ванка” ўғриликни ташлайди ва тўғри ҳаёт кечиради. Кўп ўтмай СССР тарқаб кетади, милиция деган ном ўзгартирилади. Чол эса ҳамон тирик эди.
“Айёр Ванка” СССР парчалангандан кейин яна 9 йил яшайди ва 2000 йилда роппа-роса 100 ёшида вафот этади. У тарихда СССРдаги энг машҳур ўғрилардан бири сифатида қолган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар
Ўзбекистон | 09:00 / 11.07.2025
-
Аббос Файзуллаев ЦСКА билан иккинчи совринини қўлга киритди
Спорт | 22:15
-
Лавров Шимолий Кореяда Ким Чен Ин билан учрашди
Жаҳон | 21:38
-
Расман: Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинмоқда
Ўзбекистон | 21:33
Мавзуга оид

10:05 / 08.07.2025
Россияда Сталинни оқлаш авж олди. Коммунистик партия Хрушчёвнинг машҳур маърузасини хатога чиқарди

20:45 / 30.06.2025
“Архивлар тўлиқ очилса, руспарастлар тилини тишлаб қолади” — сиёсатшунослар Москванинг “умумий тарих” даъвоси ҳақида

18:50 / 25.06.2025
МДҲ айрим давлатлари тарих дарслигида Россияга нисбатан салбий муносабат бор – Россия таълим вазири

17:20 / 17.06.2025