Жаҳон | 09:10 / 20.11.2024
3521
3 дақиқада ўқилади

ГФР канцлерининг G20 саммити якуний баёнотидан кўнгли тўлмади

Бразилияда бўлиб ўтган G20 саммитининг якуний декларациясида Россиянинг Украинага қарши уруш учун жавобгарлиги аниқлаштирилмади, деди Олаф Шолц.

Фото: Eric Lee/The New York Times/AP/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц G20 саммитининг якуний декларациясида Россиянинг Украинага қарши уруш учун жавобгарлиги кўрсатилмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. Германия ҳукумати раҳбари 19 ноябр, сешанба куни Рио-де-Жанейрода айтишича, Россия минг кун давомида қўшни давлатни шафқатсизларча бомбардимон қилмоқда.

«Минг кун, бу даврда одамлар кўр-кўрона улуғворлик хаёллари, ўз мамлакатини куч билан кенгайтириш нияти туфайли азоб чекиши керак бўляпти», деб таъкидлади немис сиёсатчиси. Шолц иқтисоди энг ривожланган ва ривожланаётган 20 та давлат вакиллари Москва масъулияти ҳақида аниқ сўз топа олмаганидан шикоят қилди.

Шу билан бирга, Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари Киевга узоқ масофали TAURUS қанотли ракеталарини етказиб беришга яна бир бор қарши чиқди. Украина томонини бундай қуроллар билан таъминлаш кўп сабабларга кўра хато бўлади, деб тушунтирди канцлер. Ушбу қуролларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, немис томони нишонни назорат қилиш билан шуғулланишдан бошқа танловга эга эмас, аммо бундай қадам «мен тўғри деб ҳисобламайдиган иштирок даражасини» англатади, дея қўшимча қилди Шолц.

Риодаги G20 саммитида очарчиликка қарши иттифоқ 

Рио-де-Жанейродаги G20 саммитида очарчилик ва қашшоқликка қарши глобал алянс тузилиши режалаштирилганди. Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва 18 ноябр куни тадбирни очар экан: «Очарчилик ва қашшоқлик танқислик ёки табиий ҳодисалар натижаси эмас», деди. Унинг фикрича, бу инсониятнинг катта қисми манфаатларини истисно қилувчи сиёсий қарорлар натижасидир.

Очарчилик «инсониятни шарманда қиладиган доғдир», дея қўшимча қилди Бразилия президенти. Бу ташаббус Бразилиянинг G20'да раислиги асосий мавзуларидан биридир. Унинг доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш ва тегишли чора-тадбирларни мувофиқлаштириш кутилган.

«Бу бизнинг асосий меросимиз бўлади», деди Лула да Силва. У очарчилик ва қашшоқликка қарши кураш дунё тинчлигини ўрнатишнинг зарурий шарти эканини таъкидлади. Америкалараро тараққиёт банки ташаббусга 25 миллиард доллар ваъда қилган.

Мавзуга оид