Жаҳон | 18:21 / 08.11.2024
1876
2 дақиқада ўқилади

Гватемалада собиқ Бош штаб бошлиғи учун қарийб 3 минг йил қамоқ жазоси сўралди

92 ёшли генералга қарши етти ойдан бери давом этаётган суд жараёнларида ҳарбий ҳужжатлар, экспертларнинг суд-тиббий хулосалари ва омон қолганларнинг кўрсатмалари кўриб чиқилди.

Фото: AP

Гватемала прокуратураси фуқаролик уруши вақтидаги қирғинлари учун мамлакат Қуролли Кучлари Бош штабининг собиқ бошлиғи генерал Бенедикто Лукас Гарцияни 2860 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради, деб хабар беради La Republica.

5 апрел куни бошланган якуний суд жараёнида прокурор Мерседес Моралес суддан Гарцияни геноцид бўйича айбдор деб топиб, уни 30 йилга қамоққа ҳукм этишни сўраган эди. Шунингдек, у генерални инсониятга қарши жиноятлари учун яна 30 йилга ҳамда 70 кишининг йўқолишига алоқадор бўлгани учун 2800 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Бу каби жазо муддатлари сўралганига қарамай, Гватемала қонунларига кўра, мамлакат фуқароси узоғи билан фақат 50 йилга қамалиши мумкин.

«Айбланувчининг мақсади уруш пайтида [ҳарбийлар] «ички душман» деб ҳисоблаган Майя иксил халқини йўқ қилиш бўлгани аниқланди», — дейди прокурор армия штабининг собиқ бошлиғи ҳақида.

92 ёшли генерал акаси Ромео Лукас Гарция президент бўлган даврда — 1978-1982 йиллар давомида партизанларни қўллаб-қувватлашда айбланган 1,2 мингдан ортиқ туб аҳолининг қириб юборилишига алоқадорликда судланмоқда.

Етти ойдан бери давом этаётган суд жараёнларида ҳарбий ҳужжатлар, экспертларнинг суд-тиббий хулосалари ва омон қолганларнинг кўрсатмалари кўриб чиқилди. Суд кейинги ҳафта ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Мавзуга оид