Албания собиқ президенти коррупцияда гумонланиб қўлга олинди
Собиқ президент Илир Метанинг адвокати ушбу ишни сиёсий деб атади ва ўз ҳимояси остидаги шахс айбловларни рад этганини таъкидлади.

Фото: AP
Албания собиқ президенти (2017-2022 йиллар) Илир Мета ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Генц Йокутай маълум қилди, деб ёзади NOA. Унинг сўзларига кўра, собиқ президент «йўлнинг ўртасида ўғирлаб кетилган».
Йокутайнинг аниқлик киритишича, Мета учта банд бўйича айбланмоқда: коррупция, пул ювиш ва ошкор этмаслик. Адвокатнинг сўзларига кўра, мазкур иш бўйича собиқ президент 5 йил муддатга қамалиши мумкин. «Метанинг позицияси аниқ… у вазиятга аниқлик киритишга тайёр», — дейди Йокутай.
Адвокат ушбу ишни сиёсий деб атади ва ўз ҳимояси остидаги шахс айбловларни рад этганини таъкидлади.
55 ёшли Илир Мета 1999 йилдан 2002 йилга қадар Албания бош вазири, 2002-2003 ҳамда 2009-2010 йилларда ташқи ишлар вазири бўлган. Шунингдек, турли йиллар давомида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт, савдо ва энергетика вазирлари лавозимларида фаолият юритган. 2004 йилда у кейинчалик номи «Озодлик партияси»га ўзгарган Социалистик ҳаракатга асос солиб, уни бошқарган.
1996 йилда Метанинг коммунистик режим давридаги албан махсус хизматлари (Сигурими) фаолиятига алоқадорлиги текширилган. У вазиятдан хабардор бўлганликда гумонланган, бироқ айбдор деб топилмаган. 2022 йил ёзда Сигурими архивларини ўрганиш билан шуғулланган комиссия юқори мартабали амалдорнинг махсус хизмат фаолиятига алоқадорлигини исботловчи далиллар топилганини маълум қилганди. Ўша йилининг ўзида Албания ҳукумати Сигурими билан ҳамкорлик қилишда гумонланган юқори мартабали шахсларга нисбатан текширувлар бошлашни қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, Мета сиёсий карераси давомида бир неча бор коррупция билан боғлиқ можароларга аралашиб қолган. Хусусан, 2011 йилда Top Channel каналида бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Метанинг ўша вақтдаги энергетика вазири Дритан Прифти билан суҳбати видеосини эълон қилган. Кадрларда Мета Прифтини ГЭС қурилиши бўйича тендерда ғолибликни пул эвазига ўзи айтган компанияга беришни сўрагани тасвирланган. Сиёсатчи, ушбу материаллар сиёсий рақиблари томонидан уюштирилганини маълум қилган, аммо шунга қарамай истеъфо берган. Кейинроқ эса унинг ўзи энергетика вазирига айланган.
Мазкур иш бўйича прокуратура Метани икки йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ва 10 минг доллар жарима тўлашини сўраган, бироқ Албания Олий суди 2012 йилда ундан коррупция бўйича айбловларни олиб ташлаган.
Мавзуга оид

23:06 / 07.05.2025
Албания Трампнинг куёвига тегишли курорт қурилишини маъқуллади

20:52 / 31.01.2025
Ўзбекистоннинг Албаниядаги биринчи элчиси тайинланди

21:15 / 22.12.2024
Албанияда 14 ёшли ўсмирнинг ўлими сабаб TikTokʼдан фойдаланиш тақиқланади

19:54 / 15.10.2024