Иқтисодиёт | 15:30 / 04.10.2024
2908
5 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 11 йўналишдаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит кўринишидаги 800 млн долларлик молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Бу маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларидан пастроқ фоиз ставкалари ва узоқ муддатларда тақдим этилади.

Фото: AP

Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Бу ислоҳотлар мамлакатнинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган.

“Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган ҳукуматнинг таркибий ислоҳот дастури ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги, темирйўл ва энергетика соҳаларида самарадорликни ошириш, давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатнинг атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга тайёрлигини ошириш бўйича кейинги чора-тадбирларни ўз ичига олади”, - дейилади расмий хабарда.

Жаҳон банкига кўра, ушбу 800 млн долларлик маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларидан пастроқ фоиз ставкалари ва узоқ муддатларда тақдим этилади.

“Бу Ўзбекистонга муҳим молиявий ресурсларни тежашга ёрдам беради ва бу маблағлардан долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фойдаланилади”, - дейилади ЖБ хабарида.

Жаҳон банкининг молиялаштириш пакети қуйидаги соҳаларда аниқ натижаларга эришишни назарда тутади:

1. Ижтимоий ҳимоя тизими: фуқароларнинг айрим тоифалари учун ишсизлик, касаллик ва туғуруқ бўйича нафақалар қамровини кенгайтириш;

2. Гендер зўравонликка қарши кураш: маиший ва жинсий зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;

3. Фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш: ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш. Уларнинг қонунчиликка киритилиши фермерларни янада самарали деҳқончилик усулларига сармоя киритишга ундайди. Бу, ўз навбатида қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширади;

4. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш: инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунчиликни ишлаб чиқиш. Шунингдек, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, катта ҳажмдаги хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб қилиш учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади;

5. Давлат молиясини бошқариш: фискал рисклар тўғрисида ҳисобот бериш механизмларини ишлаб чиқиш ва давлат харидларини бошқаришни такомиллаштириш. Ушбу чора-тадбирлар бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва самарадорликни оширади;

6. Иқлим ўзгаришига қарши кураш: Иқлим ўзгаришига ҳисса қўшадиган атмосферага чиқадиган чиқиндиларини камайтиришни рағбатлантирадиган қонунчилик нормаларини ишлаб чиқиш. У, шунингдек, иқтисодиётнинг энергияни кўп талаб қиладиган тармоқларида энергия самарадорлигини рағбатлантиришга қаратилган;

7. Сув ресурсларини бошқариш: сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув етказиб берувчилар ҳамда фойдаланувчилар масъулиятини кучайтириш бўйича институционал-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш. Бу чора-тадбирлар соҳага давлат сармоясини жалб қилиш ва қўшни давлатлар билан келишилган ҳолда трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш имконини беради;

8. Атроф-муҳит ва иқлимга таъсирни баҳолаш: ҳокимият органларининг иқлим ўзгариши, атроф-муҳит омиллари ва ҳаво ифлосланишининг иқтисодиётнинг турли тармоқларига, шунингдек, одамлар саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини баҳолаш бўйича салоҳиятини ривожлантириш. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жумладан, ҳаво, тупроқ, ерусти ва ерости сувлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги салоҳиятини ривожлантиришга ҳам тегишли;

9. Иқлим барқарорлигига сармоя киритиш: хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилаётган экологик тоза лойиҳаларга давлат инвестициялари улушини ошириш. Бундай ёндашув мамлакатда тобора камайиб бораётган табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш имконини беради;

10. Темирйўл соҳаси: Темирйўл тармоғининг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, темирйўл инфратузилмасини модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва соҳада ҳавога чиқиндиларни камайтириш учун қонунчилик базасини такомиллаштириш;

11. Энергетика соҳаси: тармоқ самарадорлигини ошириш ва уни модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида энергия тариф тизимини ислоҳ қилиш. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини тарифларнинг ошиши оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий чора-тадбирларни амалга ошириш. Қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришда хусусий сектор иштирокини ошириш учун ҳуқуқий ва институционал базани такомиллаштириш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Жаҳон банки Орол денгизини сақлашнинг иккинчи босқичида иштирок этиши хабар қилинганди. Жаҳон банки вакиллари Орол денгизини сақлаб қолиш лойиҳасининг биринчи босқичи муваффақиятли ўтганини таъкидлаганди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди