Ўзбекистон | 11:18 / 25.07.2024
5748
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорнинг мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилади

Бизнес-омбудсман Шуманай тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдикерим Бекбергеновга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокими ўринбосари жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман хабар берди.

Маълум қилинишича, туман ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдикерим Бекбергенов «Тадбиркор виртуал офиси» орқали «YKN» МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари томонидан йўлланган мурожаатни бир ойдан ортиқ вақт ўтгандан кейин кўриб чиққан.  

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ва қарор қабул қилиш тартиби тасдиқланган. Унга кўра, мурожаатларни кўриб чиқишдан сўнг давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳар бир ариза ва шикоят бўйича қарор қабул қилади. Бу ҳақда мурожаатчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар етказади. 

Қонуннинг 28-моддасида эса ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқиши белгилаб қўйилган.

Мансабдор шахс юқоридаги ҳаракати орқали «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талабларини бузиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун унга нисбатан Бизнес-омбудсман девони томонидан маъмурий баённома тузилди.

Мавзуга оид