Ўзбекистон | 18:11 / 18.03.2024
7592
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда бир қанча тадбиркорлар фаолияти ноқонуний текширилган — Бизнес-омбудсман

Бунга йўл қўйган мансабдор шахслар маъмурий жаримага тортилган. 

Қашқадарё вилояти Давлат молиявий назорати бошқармаси (ҳозир Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилган) томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширишлар бўйича 50 дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман хабар берди. 

Қайд қилинишича, бошқарма бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Ф.Т. томонидан қабул қилинган буйруқлар асосида тадбиркорлик субъектларида ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда ноқонуний текширишлар ўтказилган. Бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ўтказилмаган бўлса-да, бошқарма бошлиғи Ф.Т. томонидан уларда текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқлар қабул қилинган. 

Шунингдек, айрим тадбиркорлик субъектларида текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқларда тадбиркорлик субъектларининг номи қайд қилинмаган, буйруқ билан теширув дастури тасдиқланмаган. Натижада аксарият текширишлар саволномасиз амалга оширилган. 

Бундан ташқари, текшириш ўтказиш давомида тадбиркорлик субъекти раҳбарига текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари тақдим қилинмаган. 

Шу билан бирга, текширувларда Савдо-саноат палатасининг вакиллари ёки тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг вакиллари, солиқ маслаҳатчилари, таржимон ва (ёки) адвокатлар жалб қилиш ҳуқуқи борлиги тадбиркорларга ёзма равишда тушунтирилмаган. 

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан бошқарманинг 7 нафар мансабдор шахсига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241.2-моддаси билан маъмурий жарималар қўлланган. Мансабдор шахсларнинг исми-шарифи ва жарима миқдори хабарда келтирилмаган.

Мавзуга оид