Тезликка оид жарима баённомалари нотўғри расмийлаштирилмоқда. Бу уларни судда бекор қилиш учун далил бўла олади
Тезлик оширилиши билан боғлиқ қоидабузарликлар учун расмийлаштирилаётган баённомаларда белгиланган қоидаларга зид ноаниқлик бор.
Албатта, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси бу ўринда бор, лекин истаганлар бу ноаниқликлар учун судга бериб, жарима қўллаш ҳақидаги маъмурий баённома (қарор)ни бекор қилдириш мумкин.
Ўзимдан мисол келтираман. Сўнгги марта 2023 йил 15 декабрда Лойиш шаҳарчасида 60 km/h билан чегараланган жойда 66 km/h тезлик билан келибман. 1 БҲМ жаримага тортилганим тўғрисида қарор келди (жариманинг 50 фоизини тўлаб, ёпдим).
Лекин негадир расмий қарорда тезлик ўлчов бирлиги км/с шаклида келтирилган. Олдинроқ келган қарорларни ҳам кўриб чиқдим — барчасида км/с!
Энди, буни ИИВ ДЙҲХХда ҳеч ким билмаслиги мумкин, лекин км/с секундига (сониясига) фалон километр дегани. Физика дарсидан маълумки, космик тезликлар шунақа ўлчов бирлигида ифодаланади. Ликбез:
Биринчи космик тезлик — 7,91 км/с: бунда ракета ернинг сунъий йўлдошига айланади;
Иккинчи космик тезлик — 11,2 км/с: бунда ракета Ер орбитасидан чиқиб, Қуёш системасига парвоз;
Учинчи космик тезлик — 16,65 км/с: — ракета Қуёш системасини тарк этади.
Баённомаларимизда ифодалаётган 66 км/с, 76 км/с каби тезликлар тўртинчи космик тезликка сал етмайди. Чунки Қуёшнинг Сомон йўли галактика марказига нисбатан орбитал тезлиги 217 км/с ни ташкил этади.
«Нега бошни қотиряпсан, муаммо нимада?» дейишингиз мумкин.
Гап шундаки, автомобилнинг тезлиги соатига километрда ўлчанади ва у кирилл имлосидаги ўзбек ёзувида км/соат шаклида ифодаланиши керак.
Ҳамма нарсани Россиядан кўчирувчи ва Россия ИИВга таассуб қилувчи Ички ишлар вазирлигимиз рус тилида вақт ўлчов бирлиги “секунда” ва “час”га қараб, тезликлар км/с ва км/ч тарзида ифодаланиши, ўзбек тилида вақт ўлчов бирлиги сония ҳам, соат ҳам «С» ҳарфидан бошлангани учун км/соат тарзида ёзилиши кераклигини билмайди. Бу ўринда км/с хато экани кундек равшан, лекин км/соат деб ёзиш ҳам хато!
Ҳайдовчиларга юборилаётган жаримага тортиш тўғрисидаги қарор расмий ҳужжат ва унда физик катталик — тезлик қандай ифодаланиши кераклиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикасида катталик бирликларини қўллаш тўғрисида»ги 21-сонли қарорида ифодалаб қўйилган.
Қарор иловасидаги катталик бирликларини ёзиш ва қўллаш қоидаларига кўра, тезлик «метр тақсим секунд»да ифодаланади ва халқаро СИ бирликлар тизимига мос ҳолда лотин ёзувидаги m/s кўринишида ифодаланади.
Бинобарин, километр — km, соат эса h тарзида ифодаланади ва тезликнинг километр/соатдаги ифодаси km/h кўринишида ёзилиши шарт!
Мана бу — ҳақиқий ноаниқлик ва ҳукумат белгиланган қоидага риоя этмаслик, аслида! Мана шу ноаниқликларни дастак қилиб, бемалол судда ютиш мумкин. Чунки баённома нотўғри ифодаланяпти. Қандай ифодалаш кераклигини ҳукумат белгилаб қўйган.
Конституциямизнинг 20-модда 5-бандига асосан, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилишини таъкидлаган.
Қолаверса, кирилл ёзуви аллақачон амалдан чиқиб бўлган. Давлат баённомалари лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосида ифодаланиши керак. Бу қанақаси бўлди: ҳайдовчининг исм-фамилияси, отасининг исми, машинасининг ранги ва давлат рақами, яшаш манзили базада лотин алифбосида киритилган, уни рус ёзувига асосланган ўзбек алифбоси билан расмийлаштирилган баённомага айнан кўчириб (копия қилиб) қўйиляпти?! Цирк!
Қайд этувчи мосламага манзил лотин ёзувидаги ўзбек тилида киритилгани ҳолда қолган бошқа техник кўрсаткичлар рус тилида эканини энди гапирмай қўя қолай. Рус тили бизда давлат тили эмас. Ҳеч қандай расмий мақомга ҳам эга эмас. Нега тезлик ўлчовчи дастурлар рус тилида қилиняпти? Бу саволга ҳам ИИВ ЖХД ДЙҲХХ тайинли жавоб бериши керак: асосли бўлса бу тушунтириб берилиши, фикрларимиз тўғри бўлса хато дарҳол тузатилиши шарт.
Буларни ёзишимдан мақсад, айрим блогер ва юристларга ўхшаб қоидабузарлар тарафига ўтиб олиб, ҳайп кўтариш эмас, асло. Мен қоидабузар ҳайдовчиларни жуда ёмон кўраман ва уларни аёвсиз жазолаш тарафдориман.
Бироқ ҳаммаси белгиланган қонун-қоидаларга мувофиқ бўлиши керак деб ҳисоблайман. Токи, ҳеч кимда ортиқча савол қолмасин. Ноаниқликлар бартараф этилиши керак.
Қолаверса, жарима солиш тўғрисидаги қарорга ҳам қаерда қандай ускуна ёрдамида тезлик қайд этилгани ҳақидаги маълумотни қўшиб қўйиш керак. Юристларимиз ҳам беҳудага ҳайдовчиларнинг бошини айлантирмасин.
Эслатма: мақоладан кейин жарима устидан судга мурожаат қилиш ниятига тушиб қолганлар, унутмангки, судга жаримага тортилганингиз ҳақида хабар топганингиздан 10 кун ўтиб кетмаган бўлиши керак.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид

19:33
TikTok Европада 530 млн евро жаримага тортилди

17:47 / 23.04.2025
Наманганда радарлар машмашаси: ким ҳақ?

18:38 / 21.04.2025
“Фуқароларга зарар келтирмоқда” – Наманган шаҳар ҳокими вилоят ЙҲХБдан ноқонуний радарларни олиб ташлашни сўради

20:14 / 13.04.2025