Ўзбекистон | 11:56 / 27.01.2024
1417
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси UNIDO ҳузурида аккредитациядан ўтди

Фото: Dunyo

Ўзбекистоннинг БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO)даги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ташкилот бош директори Герд Мюллер билан учрашув ўтказди ва унга ўзининг ишонч ёрлиғини топширди.

«Дунё» хабарига кўра, суҳбат чоғида UNIDO томонига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Томонлар саноатни ривожлантириш бўйича республикада амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида фикр алмашди.

Ҳозирги кунда UNIDO Ўзбекистонда текстил саноатини модернизация қилиш, эко-саноат паркларини ривожлантириш, энергетика соҳасида иқлим ўзгариши таъсирини ва сув танқислигини камайтириш ҳамда Орол денгизи ҳудудларини тиклаш ва муҳофаза қилиш учун географик ахборот тизимларини қўллаш каби лойиҳаларини амалга оширмоқда.

«Яшил» энергетика, экология, агробизнес ва тоғ-кон саноати соҳаларида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрилмоқда.

Мулоқот натижасида томонлар ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди.

2023 йил 21 ноябр куни Ўзбекистоннинг янги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Австрия президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Мавзуга оид