Жаҳон | 17:30 / 19.12.2023
16023
8 дақиқада ўқилади

Ҳусийчилар юк кемаларга ҳужум қилмоқда, Пентагон халқаро коалиция тўплади

Қизил денгиз ҳудудида вазият хавфли тус олгани туфайли транспорт компаниялари дунёдаги энг асосий савдо йўлларидан бири бўлмиш Сувайш каналидан фойдаланишни тўхтатмоқда.

Дунёдаги энг йирик Mediterranean Shipping Company (MSC) кемачилик компанияси бошқа йирик юк ташувчилар қаторида ортиб бораётган ҳужум таҳдиди туфайли ўз кемаларини Қизил денгизни айланиб ўтишга йўналтирганини эълон қилди. Пентагон эса уларни муҳофазалаш учун халқаро коалиция тўпламоқда.

Фото: Getty Images

Аввалроқ бошқа йирик юк ташувчилар — французларнинг CMA CGM, Даниянинг Maersk гиганти ва Германиянинг Hapag-Lloyd транспорт компаниялари Қизил денгиз орқали рейсларни тўхтатган эди.

Бунга сабаб Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ансоруллоҳ» ҳаракати ҳусийчиларининг кемаларга ҳужумлари бўлмоқда.

Ғазо секторида Исроил билан жанг бошлангач, ҳусийчилар ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлашини айтганди. Вақт ўтиши билан ҳусийчилар Яман яқинидан ўтаётган хорижий компанияларга тегишли кемаларга дронлар ва ракеталар билан фаол ҳужум уюштира бошлашди.

«Ансоруллоҳ» ҳаракати шунингдек Исроил томонга ҳам дронлар ва ракеталар учирмоқда.

14 ноябр куни ҳусийчилар Исроилга йўл олган ҳар қандай кемага ҳужум қилишини эълон қилганди. Ўз ҳаракатларини улар «Ғазо секторидаги Америка-Исроил агрессиясига жавоб» деб атаган.

Декабр ойи бошларида қуролланган гуруҳ эгаси ким бўлишидан қатъи назар, Исроилга йўл олган барча кемаларга ҳужум қилиши билан таҳдид қилган.

Ўшандан буён бир нечта тижорий ва ҳарбий кемалар, жумладан Норвегия танкери ва Америка эсминеци ҳужумга дучор бўлган. Энг резонансли воқеа 19 ноябр куни Galaxy Leader юк ташувчи кемаси эгалланиши бўлганди. Ҳусийчилар уни Исроилга тегишли деб ҳисоблашмоқда, гарчи Исроил кема уларга тегишли эканини рад этган бўлса-да. Galaxy Leader Туркиядан Ҳиндистонга йўл олган бўлган, уни халқаро экипаж бошқаради ва улар орасида Исроил фуқаролари йўқ. Ҳусийчилар Galaxy Leader’ни Яман қирғоғи томон судраб кетишган. «Ансоруллоҳ» Исроил токи Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмас экан, экипаж аъзоларини озод қилмаслигини билдирган.

Бу орада шанба куни минтақада жойлашган Америка флотилияси Ямандан Қизил денгиз томон учирилган 14 та дронни уриб туширганини эълон қилди. Яна бир дрон Буюк Британия қироллик флоти кемаси ёрдамида уриб туширилган.

MSC компанияси ўз баёнотида нефт ва бошқа ёқилғиларни ташиш учун жаҳондаги муҳим йўналиш бўлмиш Қизил денгиздаги вазиятни ўта жиддий деб баҳолаган.

Компаниянинг хабар қилишича, жума куни унга тегишли MSC PALATIUM III контейнер ташувчи кемаси ҳужумга дучор бўлган. Гарчи кема экипажига заҳмат етмаган бўлса-да, кемани эксплуатациядан олиб ташлашга мажбур бўлишган.

Компаниянинг бошқа кемалари Африканинг энг жанубидаги Яхши умид бурни орқали сузишга йўналтирилган.

Жаҳондаги учинчи кема ташувчилик компанияси ҳисобланмиш CMA CGM ўз баёнотида контейнер ташувчиларига «зудлик билан хавфсиз ҳудудларга ўтиб туриш ва алоҳида топшириқ берилмагунча ҳаракатдан тўхташ»ни буюрганини айтган.

Дунёдаги иккинчи юк ташувчи Maersk компанияси вазиятни ўта таҳликали деб баҳолаган.

«Кеча Maersk Gibraltar кемаси билан содир бўлган воқеа ва бугун контейнер ташувчига кемага шу ҳудудда содир этилган ҳужумдан сўнг Биз Боб ал-Мандиб бўғози орқали юрувчи кемаларга навбатдаги билдиришномагача ҳаракатни тўхтатишни буюрдик», — деган компания жума куни.

Ўз навбатида, British Petroleum нефт ва газ компанияси «хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани» сабабли Қизил денгиз орқали нефт етказиб беришни тўхтатишини эълон қилди.

Жаҳондаги энг йирик тўртта компания бу минтақада ҳаракатни тўхтатгач, денгиз орқали юк ташиш бўйича экспертлар йўналишни ўзгартириш жуда қимматга тушишини таъкидлашмоқда.

«Қўшимча харажатлар — бу экипаж, кеманинг ўзи, шунингдек суғурта полислари учун хавфсизлик демак. Суғурта мукофотлари ҳозир жуда ошиб кетган, кемани суғурталаш жуда қийин бўлиб бормоқда, бу эса захиралар даражаси, харажатлар ва бутун етказиб бериш занжири динамикасига жиддий таъсир ўтказади», — деган BBC’га етказиб бериш занжирлари билан шуғулланувчи компанияларни тамсил этувчи Чартер логистика ва транспорт институти ходими Сю Терпиловски.

Экипаж, ёқилғи ва суғурта учун қўшимча харажатлар алал-оқибатда истеъмолчиларнинг гарданига юкланади, деган BBC бизнес-репортёри Вивиен Нунис.

Денгиздаги хавфсизлик бўйича таҳлилчи Иэн Ролби Sky News каналига берган интервюсида ҳусийчиларнинг кемаларга ҳужуми ортидан келаётган оламшумул машҳурлик уларни янада тажовузкор ҳаракатларга етаклаши мумкин, деган.

Унинг сўзларига кўра, Қизил денгиз орқали дунёдаги энергия ресурсларининг 10 фоизи, контейнер ташувларининг 30 фоизи ўтади, агар ҳусийчиларни тўхтатишнинг имкони топилмаса, ташувчи компаниялар ўз кемаларини Қизил денгизни айланиб ўтказишда давом этаверишади.

«Жаҳон иқтисодиёти товарларнинг Қизил денгиз орқали эркин оқимига жуда боғлиқ, агар ҳусийчиларнинг ҳужуми бунга монелик қиладиган бўлса биз глобал иқтисодий оқибатлар қаршисида қоламиз», — деган Ролби.

«Муаммони чигаллаштираётган нарса яна шундаки, ҳусийчилар бизнинг рационал фикрлаш тушунчамизга тўғри келмайдиган усуллардан фойдаланмоқда», — деган Ролби ва «улар хаос яратишни яхши машқ қилиб олишгани ҳамда вазиятни олдиндан айтиб бўлмаслигидан унумли фойдаланишаётганини қўшимча қилган.

Ҳусийчилар томонидан эгалланган Galaxy Leader кемасининг сунъий йўлдошдан туширилган тасвири. 2023 йил 28 ноябр.
Фото: Maxar / Getty Images

Унинг айтишича, бу гуруҳ денгизчилар ва денгиз савдоси учун жуда катта хатар ҳисобланади: ҳусийчилар юқори технологияли қурол-яроғларга эга ва ундан тижорат кемалари қутулиб қололмайди. Бу уларни сомалилик қароқчилардан ҳам кўра жиддийроқ таҳдидга айлантиради.

Қизил денгизда кемаларни муҳофаза қилиш учун Вашингтон максимал даражада кенг халқаро коалиция тўплашини эълон қилди.

Пентагон ҳусийчиларнинг савдо кемаларига ҳужумлари фонида Қизил денгизда кўпмиллатли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга кўра, 10 давлатдан иборат коалициянинг «Фаровонлик соқчилари» операцияси ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги «мулоҳазасиз ҳужумлари»га жавоб беради.

Остиннинг маълум қилишича, АҚШ бошчилик коалицияга Буюк Британия, Италия, Баҳрайн, Канада, Франция, Нидерландия ва Норвегия аъзо бўлган. «Фаровонлик соқчилари» операциясида Қизил денгиз жанубидаги Адан қўлтиғида кема қатновлари муҳофазага олинади.

Ҳозирча Қизил денгизга ёндош Миср ва Саудия Арабистони халқаро коалицияда иштирок этмаслигини маълум қилган. Миср Эрон ва Яман ўртасида Қизил денгизда хавфсизликни таъминлаш борасида доимий алоқаси борлиги сабабли ҳусийчиларга қарши коалицияда иштирок этиш ниятида эмаслигини билдирган бўлса, Bloomberg хабарига кўра, Саудия Арабистони икки давлат ўртасида яна можаро келиб чиқиши важидан Яман муаммосини ҳал қилишда АҚШ билан ҳамкорлик қилишни истамаяпти.

«Кўзёши дарвозаси» номи билан машҳур Баб-ал-Мандиб бўғози Арабистон яриморолидаги Яман давлати ҳамда Африкадаги Жибути ва Эритрея ўртасидаги кенглиги 32 км бўлган каналдан иборат.

У орқали кемалар энг йирик кемачилик йўналиши бўлмиш Сувайш каналига чиқа олишади. Бўғозни айланиб ўтиш учун кемалар Африканинг жанубий қисми орқали 15 минг мил (24 минг км) зиёдроқ масофа босишади. Бунга эса қўшимча уч ҳафта вақт кетади.

Ҳар йили бўғоз орқали 17 мингта кема ёки жаҳондаги савдо айланмасининг 10 фоизи ўтади. Сувайш канали ёки Ҳинд океанига йўл олган ҳар қандай кема бўғоз орқали юришга мажбур. 

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди