Спорт | 14:37 / 13.12.2023
47028
17 дақиқада ўқилади

«МЮ»да ҳалокат, «Севиля» ўйинида драма. ЕЧЛда тур якунлари

Ди Мария ақл бовар қилмас гол урди, испанларни Рамоснинг рекорди ҳам қутқара олмади. Чемпионлар лигасида сешанба оқшомида ўтказилган 6-тур учрашувлари, ўйинлардаги голлар ва гуруҳлардаги якуний вазият.

Фото: Global Look Press

А гуруҳи

Данияликларнинг муваффақияти

«Манчестер Юнайтед» — «Бавария» 0:1
Гол:
Коман (71). 
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Варан (Майну, 80), Магуайр (Эванс, 40), Шоу (Уан-Биссака, 46), Фернандеш, Амрабат, Мактоминей, Антони (Пеллистри, 75), Гарначо (Межбри, 74), Ҳойлунд.
«Бавария» – Нойер, Мазрауи (Лаймер, 46), Упамекано, Ким, Дэвис, Горетцка, Киммих, Коман (Тел, 77), Сане (Геррейру, 90), Мусиала (Мюллер, 67), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Антони (53), Амрабат (61), Горетцка (88).

«МЮ» ва «Бавария» дам олиш кунларини жуда ёмон ўтказганди: «Юнайтед» ўз майдонида «Борнмут»га ютқазди – 0:3, «Бавария» «Айнтрахт»да қақшатқич зарбага учради – 1:5. Шу туфайли икки жамоа учун ҳам ЕЧЛ ўйини мухлислари қаршисида ўзини оқлаш учун имконият эди. Фарқи шуки, «Бавария» аллақачон гуруҳ масаласини ҳал қилган ва ҳатто биринчи ўринни кафолатлаган, «МЮ»га эса иккинчи ўринга кўтарилиш учун мўъжиза талаб этиларди.

Тен Ҳаг сўнгги вақтларда захира ўриндиғига михланиб қолган Варанни бошланғич таркибда тушириб кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Лекин биринчи бўлимда «МЮ»нинг бошқа бир марказий ҳимоячиси диққат марказида бўлди.

17-дақиқада Магуайр ўз жамоаси жарима майдони ичида Мусиалани қўли билан ушлаб қолди ва у йиқилиб пеналти сўради. Норвегиялик бош ҳакам Эспен Эскос кураш рухсат берилган қоидалар доирасида бўлган деб ҳисоблади. VAR ҳам майдондаги арбитрнинг қарорига қарши бўлмади ва ўйин давом этди.

Кейинроқ «МЮ» футболчилари ҳам пеналти сўрашди – тўп Ким Мин Жэнинг қўлига теккани учун. VAR бу ҳолатда ҳам вазият 11 метрлик жарима зарбаси қўйишга тортмайди, деб топди.

Бўлим охирида Магуайр газонга ўтирди ва аввалига шифокорлар ёрдами, кейин эса алмаштиришни сўради, унинг ўрнига Эванс туширилди. Аммо «МЮ» ҳимоясида муаммолар барҳам топмади. Люк Шоу ҳам шикастланди ва танаффусдан майдонга қайтмади. Натижада тен Ҳаг Далотни чап қанотга ўтказиб, ўнгга Ван-Биссакани туширишига тўғри келди.

Ўйиннинг ўзи эса нисбатан тенг ва тартибли кечди, лекин дарвозабонларга иш қолмади деб бўлмайди. «Бавария», кутилганидек, тўпга кўпроқ эгалик қилди ва кўпроқ вазиятлар яратди, аммо «Галатасарой» билан кечган ўйинларга солиштирилганда, бу ўйин анча босиқ кечди. Меҳмонларда тўлиқ куч билан олдинга ташланиш учун мотивация йўқ эди, мезбонлар эса очиқ ўйин намойиш этишга қўрқишди. Ва якунда дарвоза соҳасига тўғри борган атиги бир зарба бўлди (у ҳам жарима майдони ташқарисидан).

71-дақиқада томошабинлар барибир гол кўришди. Коман Онана билан яккама-якка ҳолатга чиқиб боришди ва осонлик билан дарвозани ишғол этди. Кейн бу вазиятда бутсасининг ташқи қисми билан берилган ассист муаллифига айланди. Бу ушбу англиялик ҳужумчи 2023 йилнинг ўзида «МЮ»га қарши ўйинларда учинчи бор голли узатма бериши бўлди. У биринчи даврадаги ўйинда ва АПЛнинг ўтган мавсуми иккинчи даврасида ҳам бу ишни амалга оширганди.

Шу тариқа, плей-оффни орзу қилган манкунианликлар ҳатто Европа Лигасига ҳам ўта олмади ва Англияда янги антирекорд ўрнатди. Бунгача АПЛнинг бирор вакили гуруҳ босқичида 15 гол ўтказиб юбормаган, шунингдек икки бор гуруҳда охирги ўринни эгалламаганди. Жамоа биринчи бор Алекс Фергюсон ва ёш Роналду билан — 2005/06 йиллар мавсумида ҳам охирги ўринда қолиб кетганди.

«Бавария» эса — гуруҳ турнирларида ҳақиқий қирол эканини яна бир бор намойиш этди. Жамоа турнир гуруҳ босқичида 40 учрашувдан буён мағлуб бўлмаяпти ва қаторасига тўққиз сафар учрашувида ғалаба қозонган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Копенҳаген» — «Галатасарой» 1:0
Гол:
Лерагер (58). 
«Копенҳаген» – Грабара, Анкерсен, Вавро, Дикс, Йелерт, Фалк, Лерагер, Гонсалвеш (Корнелиус, 67), Элюнусси (Ҳойлунд, 90+3), Классон, Ашури (Бойлесен, 81).
«Галатасарой» – Муслера, Боэ, Бардакчи, Санчес, Анхелино (Йилмаз, 77), Айхан (Мертенс, 61), Торрейра (Оливейра, 78), Заа (Бакамбу, 65), Оқтуркўғли, Тете (Зиёш, 61), Икарди.
Огоҳлантиришлар: Йелерт (37), Заа (56), Лерагер (85).
Четлатиш: Лерагер (90).

B гуруҳдаги иккинчи жамоа эса «Копенҳаген» бўлди. Олдинги турда немислардан очко ололган данияликлар клуби бу турда Лерагернинг голи эвазига ўз майдонида «Галатасарой»ни мағлуб этиб, саккиз очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Аслида «Копенҳаген»ни дуранг ҳисоб ҳам қониқтирарди. Бу гуруҳ босқичига қуръа вақтидаёқ тўртинчи саватчада бўлган жамоалар учун тарихий натижа бўлди. «Копенҳаген»нинг ўзи ҳам тарихида илк бор Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичига чиқди.

В гуруҳи

Рамос ижросида тарихий паненка

ПСВ — «Арсенал» 1:1
Голлар:
Вертессен (50) — Нкетиа (42). 
ПСВ – Бенитес, Тезе, Рамальо, Обиспо, Мауро Жуниор, ван Анҳолт, Тиллман (Тил, 82), Сайбари (Дест, 74), Бакайоко (Бабади, 74), Вертессен (Оппегор, 90), Пепи.
«Арсенал» – Рэмсдейл, Соареш (Райс, 62), Габриэл, Салиба (Уайт, 62), Кивер, Ал Ненни (Эдегор, 62), Жоржинио, Ҳавертц (Смит-Роу, 89), Троссар, Нелсон (Жезус, 89), Нкетиа.

Охирги тур арафасида бу турда қайси жамоалар плей-оффга қайси ўринларда чиққанигача маълум эди. «Арсенал» биринчи ўринни, ПСВ — иккинчини кафолатлаганди. Бу жамоалар сўнгги турни Эйндҳовендаги ўзаро учрашув билан ўтказишди. Табиийки, икки мураббий ҳам майдонга асосий таркибни туширмади. Масалан, «Арсенал» дарвозасини Аарон Рамсдейл эгаллади, унинг учун бу Чемпионлар лигасидаги дебют бўлди.

Биринчи бўлимда ушбу дарвозабон рақиб ҳужуми вақтида шикастланиб, газонга ўтириб олди. «Арсенал» мураббийлар штаби асосий дарвозабон Давид Райяни чигалёзди машғулотларига ҳам юборишди, аммо шифокорлар унинг майдонга тушишига ҳожат қолдиришмади. Ўйиннинг биринчи бўлими бироз абсурд кўриниш олди. Вазиятларни ПСВ яратди, голни эса «Арсенал» урди. Бўлим охирида меҳмонларнинг чиройли ҳужуми Эдди Нкетианинг билярд услубидаги зарбаси билан якунланди.

Мезбонлар эса иккинчи бўлим бошида жавоб голини уришди. Бу эпизодда барча ўз ишини аниқ бажарди ва якунда Йорбе Вертессен узоқ бурчакка айланма зарба берди. Якунда ўйин мантиғига мос дуранг ҳисоб сақланиб қолди.

«Ланс» — «Севиля» 2:1
Голлар:
Франковски (63, пеналти), Фюлжени (90+6) — Рамос (79, пеналти).
«Ланс» – Самба, Агиляр, Гради (Ҳусанов, 90+8), Данзо, Медина, Франковски, Менди (Эл Энауи, 24), Абдул-Самад, Давид Кошта (Фюлжени, 72), Сотока, Ваи (Гилавоги, 72).
«Севиля» – Дмитрович, Рамос, Салас, Гудел, Педроса, Хуанлу Санчес, Ракитич, Оливер Торрес (Рафа Мир, 70), Соу, Сумаре, Ан Носири.
Огоҳлантиришлар: Эл Энауи (37), Сумаре (61), Салас (65), Медина (75), Рамос (80), Фюлжени (85), Рафа Мир (90+9), Данзо (90+9).

Бу гуруҳдаги ягона интрига Европа Лигаси йўлланмаси кимга насиб қилиши билан боғлиқ эди ва тур арафасидаги вазият Лансдаги ўйин характерини белгилаб берди. Дуранг ҳам қаноатлантирадиган мезбонлар шунга монанд йўл тутишди ва дастлабки 45 дақиқаликда рақиб жарима майдонида бирор марта ҳам тўп билан муомила қилишмади. Жароҳатлар туфайли кучсизлашган «Севиля» имкон қадар босим уюштирди, аммо биринчи бўлимда фақат Ракитич узоқдан зарба йўллаганида голга яқин келди, тўсин остидан кириб келаётган бу зарбани Самба бартараф этди. Ва умуман олганда, андалусияликлар уругвайлик Диего Алонсо бош мураббийликка тайинланганидан буён нима учун ғалаба қозонишни унутиб қўйгани аён бўлди. Бу ҳолатда Севиляда бу мавсумда ҳам ўтган мавсумдаги каби учинчи бор мураббий алмаштиришга тўғри келади.

Жамоалар энг қизиқ вазиятларни иккинчи бўлимга олиб қўйгани маълум бўлди. Бўлим «Севиля» ҳимоячиси Педросанинг тўсинга борган зарбаси билан бошланди. «Ланс» қарши ҳужумда пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди, Медина ишлаган бу жарима зарбасини Франковски аниқ ижро этди — бу мезбонларнинг меҳмонлар дарвозаси соҳасига аниқ йўлланган илк зарбаси эди. Меҳмонлар ҳам 11 метрдан зарба бериш ҳуқуқига эга бўлишди, Серхио Рамоснинг зарбасини Самба қайтарди. Аммо дарвозабон чизиқдан эртароқ ҳаракатланганди, шу туфайли иккинчи уринишга эга бўлган Рамос паненка услубида аниқ зарба йўллади ва ЕЧЛдаги голлари сонини 17 тага етказиб, Жерар Пике ва Роберто Карлосни ортда қолдирган ҳолда турнир тарихидаги энг яхши тўпурар ҳимоячига айланди.

Ҳисоб тенглашгач интрига қўшимча дақиқаларда ҳам сақланиб қолди, испанлар яна бир гол билан гуруҳдаги вазиятни ҳам ўз томонига оғдириши мумкин эди. «Севиля» рақибга қараганда анча яхшироқ ўйнади, тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунлик қилди (38 фоизга қарши 62), дарвозага кўпроқ зарбалар берди (3 тага қарши 10), дарвоза соҳасига аниқ йўлланган зарбалар (2 тага қарши 4) ва «Ланс»ни xG бўйича ҳам ортда қолдирди (1,16 га қарши 1,35).

Аммо иккинчи гол барибир урилмади, Рамос жарима майдони марказида қулай вазиятда тўпни юқорилатиб тепиб юборди, мезбонларнинг қарши ҳужумида эса Анжело Фюлжини турнирдаги энг ёмон гуруҳ босқичини ўтказган «Севиля»га ҳукм ўқиди. Энди бу жамоа ўзи учун севимли бўлиб қолган Европа Лигасида ҳам қатнаша олмайди — бу турнирда бошқа жамоа ғолиб бўлади.

С гуруҳи

Бенуқсон «Реал»

«Наполи» — «Брага» 2:0
Голлар:
Саатчи (9, автогол), Осимҳен (33). 
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус (Эстигор, 73), Рраҳмани, Натан, Лоботка (Гаэтано, 69), Зелински (Каюсте, 61), Замбо-Ангисса, Политано (Элмаз, 60), Кварацхелия, Осимҳен (Распадори, 69).
«Брага» – Матеус, Виктор Гомес (Мендес, 81), Фонте, Саатчи, Борха, Моутинио (Андре Орта, 81), Пицци (Руис, 46), Саласар (Ал Мусрати, 68), Брума, Рикарду Орта (Рони Лопеш, 88), Банза.
Огоҳлантиришлар: Банза (19), Мендес (83).

Португаллар Неаполда ҳеч қандай мўъжиза кўрсата олмади. Италия чемпионлари амалда ўйин бошидаёқ интригага барҳам берди, Политанонинг қанотдан узатмаси меҳмонлар ҳимоячиси ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйишига олиб келди.  Бўлим давомида ҳимоячи Натан Осимҳенни қулай вазиятга чиқаргач, «Наполи» плей-офф йўлланмасини амалда ҳал қилди. Италянлар қолган вақт давомида осонлик билан ҳисобни сақлаб қолишди, португаллар эса фақат параллел учрашув натижасига кўра Европа Лигаси йўлланмасига эга бўлишди.

«Унион» Берлин — «Реал» 2:3
Гол:
Фолланд (45+1), Крал (85) — Ҳоселу (61, 72), Себаллос (89). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Модрич (45). 
«Унион» – Реннов, Юранович (Триммел, 82), Кнохе, Йеккел (Беккер, 75), Лейте, Руссийон, Гозенс (Лаидуни, 75), Хедира (Крал, 75), Ҳаберер, Фолланд (Ааронсон, 82), Беренс.
«Реал» – Аррисабалага, Алаба (Рюдигер, 71), Начо, Гарсия, Модрич, Себаллос (Паз, 90), Валверде (Кроос, 46), Беллингҳэм, Васкес, Родриго (Диас, 80), Хоселу.
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм (35), Хедира (35), Алаба (55), Лаидуни (76).

Дарвозасига Кепа қайтган «Реал» ўз тарихида учинчи бор гуруҳ босқичини бирорта очко йўқотмасдан ўтказишни уддалади, аммо бу сафарги ўйинда осон бўлгани йўқ. Мадридликлар учун дастлабки огоҳлик қўнғироғи дебютдаёқ чалинди, жароҳатдан энди тузалиб қайтган дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатиб тўпни тўсин остидан қайтариб юборишга улгурди. Қолаверса, Карло Анчелотти жамоасида бу мавсумда ҳайратланарли муаммо кузатилмоқда. Футболчилар пеналтидан гол уришни унутиб қўйишган.

Бунгача Испания чемпионати ўйинларида Родриго ва Ҳоселу ўз уринишларида хато зарба берганди. Энди эса тажрибали Модрич ҳам ишончсиз ҳаракат қилди, у тўпни марказга йўллаганди ва Реннов тўпни оёқлари билан қайтариб юборди. Мезбонлар дарвозабони шундан кейин куражни ушлади ва «Унион»нинг голига ҳаммуаллифлик қилди. Даниялик посбоннинг тўпни куч билан олдинга тепиши берлинликларга рақиб жарима майдони остонасида тўп учун курашишига имкон берди, Алабанинг хатоси эса Фолландга ҳисобни очишда ёрдам берди. Бу гол туфайли ўтган ҳафта охирида 28 августдан буён илк ғалабасига эришган берлинликлар танаффусга Европа Лигаси йўлланмаси эгаси мақомида йўл олди.

Аммо иккинчи бўлимда Ҳоселу Родриго ва Фран Гарсиянинг узатмаларидан кейин икки бор бош билан гол уриб, «Унион»ни бу мақомдан маҳрум этди. Ўйин охирида Крал узоқдан йўллаган зарбаси билан мувозанатни тиклаганди, аммо Берлин «Реал»нинг Дани Себалос муаллифлигидаги учинчи голи туфайли ҳатто таскин берувчи натижага ҳам эриша олмади.

D гуруҳи

Ди Мариядан мўъжизавий гол

«Залцбург» — «Бенфика» 1:3
Голлар:
Сучич (57) — Ди Мария (32), Р.Силва (45+1), Кабрал (90+2). 
Зальцбург – Шлагер, Байду, Павлович, Пионтковски, Дедич, Бидструп (Шимич, 90+5), Сучич, Гурна-Дуат, Глух (Камери, 82), Доржелес (Койта, 55), Ратков (Педро, 55).
Бенфика – Трубин, Отаменди, Араужу, Морато, Ди Мария, Жоау Мариу (Кабрал, 90+1), Рафа Силва (Флорентину, 90+4), Кёкчи (Гедеш, 68), Невеш, Эурснес, Тенгстедт (Муса, 46).
Огоҳлантиришлар: Гурна-Дуат (10), Морато (45), Ратков (51), Муса (72), Камери (82).

«Бенфика» Залцбургдаги ўйинда икки тўп фарқи билан ғалаба қозониши талаб этиларди ва бу вазифа Ди Мариянинг хизматлари эвазига биринчи бўлимдаёқ уддаланди. У танаффус арафасида лиссабонликларнинг ҳисобдаги устунлигини оширган Рафа Силвага ассистентлик қилишдан олдинроқ бурчакдан тўғридан тўғри дарвозага зарба йўллаш орқали оқшомнинг энг чиройли голини урди. Чемпионлар лигасида йигирма йилдан ортиқ вақт давомида бундай гол бўлмаганди. Аниқроқ айтганда — 2001 йилдан буён, ўшанда ҳам аргентиналик футболчи Клаудио Лопес шундай трюкни бажара олганди.

Фақат танаффусдан кейин Сучичу рикошет орқали ҳисобни қисқартириши меҳмонларнинг ҳолатини оғирлаштириб қўйди. Ди Мариянинг айланма зарбаси устунга бориши эса футболчилар ва мухлисларни янада асабийлаштирди. «Бургутлар» фақат қўшимча дақиқаларда Артур Кабралнинг товони билан урган голи эвазига драматик тарзда Европа Лигаси плей-офф босқичига йўлланма ололди. «Бенфика» ЕЧЛ тарихидаги энг ёмон мавсумини шундай голлар ва ягона ғалаба билан безай олди.

«Интер» — «Реал Сосиедад» 0:0
«Интер» – Зоммер, Дармиан, Ачерби, Аугусто, Димарко (Бастони, 77), Куадрадо, Мхитарян (Барелла, 65), Чалхонўғли (Аслани, 82), Фраттези, Санчес (Мартинес, 65), Тюрам (Арнаутович, 65).
«Реал Сосиедад» – Ремиро, Траоре, Ле Норман, Субельдия (Элустондо, 77), Муньос (Тирни, 86), Кубо (Фернандес, 86), Мерино, Субименди, Захарян (Магунаселайя, 77), Содиқ (Турриентес, 61), Ойарсабаль. 
Огоҳлантиришлар: Субелдия (21), Захарян (44), Мартинес (75), Кубо (76), Элустондо (85).

Кун статистикаси

  • ПСВ 1997 йилдан буён 1-марта гуруҳ босқичида фақат бир бор мағлубиятга учради. Ўшанда эйндҳовенликлар жамоасига Гуус Ҳиддинк устозлик қиларди.
  • «Севиля» Испаниянинг гуруҳ босқичини бирорта ғалабасиз ўтказган 5-жамоаси бўлди. Бунгача бундай ҳолат «Депортиво», «Атлетико», «Вилярреал» ва «Реал Сосиедад» клублари билан ҳам кузатилганди.
  • «Реал» футболчилари ЕЧЛда 9 йилдан буён пеналти ижро этишда хатога йўл қўйймаяпти. Сўнгги хато 2014 йил октябрида кузатилган, ўшанда «Лудогорец» билан ўйинда Криштиану Роналду зарбада адашганди.
  • Серхио Рамос асосий еврокубокда 142 ўйин ўтказди ва «Реал» афсонаси Раул билан тенглашиб олди. Бу турнир тарихидаги саккизинчи натижа, рекорд эса Криштиану Роналдуга тегишли (183 ўйин).
  • «Бавария» дарвозабони Нойер клуб миқёсидаги 700-ўйинини ўтказди.

Мавзуга оид