ЕИ фаластинликларга ёрдам кўрсатишда давом этади
Еврокомиссия Европа Иттифоқининг Фаластин халқига инсонпарварлик ёрдами давом этишига ишонтирди, аммо бошқа лойиҳалар кўриб чиқилади. Тегишли таҳлил тугамагунча, ҳамма нарса аввалгидек қолади.

Фото: EPA
Европа комиссияси Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами «зарур бўлгунча» давом этишини тасдиқлади. Бу ҳақда Еврокомиссия матбуот котиби Балаш Уйвари 10 октябр, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда шундай деди: «Бу жабҳада ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Ҳуманитар ёрдам операцияларимиз давом этмоқда».
Унинг ҳамкасби Эрик Мамернинг қўшимча қилишича, Еврокомиссия фаластинликларга молиявий ёрдамнинг бошқа турлари бўйича муҳокамани бошлаган, аммо унинг натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, инсонпарварлик ёрдами кўрсатилади. Унинг тушунтиришича, бир кун аввал Европа комиссари Оливер Вархейининг баёноти ҳуманитар ёрдамга тааллуқли эмас.
Европа Иттифоқининг инсонпарварлик ёрдами ҳеч қачон ҳокимиятга ўтказилмайди, балки лойиҳаларни жойларда амалга оширувчи ҳамкорлар томонидан тақсимланади, дея таъкидлади Балаш Уйвари, булар халқаро ҳуманитар ташкилотлар, БМТ агентликлари ёки ННТдир. 2023 йилда Еврокомиссия фаластинликларга ушбу ҳуманитар ёрдам учун 27,9 миллион евро ажратди.
Европа комиссиясининг иккала вакили ҳам фавқулодда ёрдам учун масъул бўлган бошқа Квропа комиссари, инқирозларни бошқариш бўйича Янез Ленарчичнинг баёнотига ишора қилди.
Ленарчичнинг сўзларидан олдин Европанинг Кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича комиссари Оливер Вархейи Брюссел жами 691 миллион евро миқдоридаги ёрдам портфелини кўриб чиқиши ҳақида твит ёзган. «Исроил ва унинг халқига қарши шафқатсизлик кўлами бурилиш нуқтасига етди», деб ёзган Вархейи ва одатдагидек ишлаш энди мумкин эмаслигини қўшимча қилган. Бундан кўплаб сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари Европа Иттифоқи ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужуми фонида Фаластин миллий маъмуриятига ёрдамни тўхтатмоқда, деган хулосага келди.
Ёрдамни тўхтатиш тўғрисидаги баёнот келишиб олинмаган
Бу баёнот келишиб олинмаган ва «Европа комиссиясининг бирон бир аъзоси билан маслаҳатлашувлар ўтказилмаган», деди Эрик Мамер. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу мавзу аллақачон Европа комиссияси доирасида муҳокама қилинмоқда ва «жойдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, Фаластинга кўрсатилаётган ёрдам қайта кўриб чиқилиши керак». Ушбу кўриб чиқиш тугагунига қадар ҳеч қандай тўловлар тўхтатилмайди, деди у. Шу билан бирга, айни пайтда, Фаластин маъмуриятидаги ҳар қандай акторларга ҳеч қандай ҳолатда тўловлар режалаштирилмаган.
Мамернинг таъкидлашича, Европа комиссияси молиявий ёрдамни қайта кўриб чиқишни бошлашга қарор қилди, чунки жойлардаги вазият доимий равишда ўзгариб туради, бундан ташқари, «бундай шароитларда алоҳида эҳтиёткорлик талаб этилади».
Қанча маблағ ҳақида гап боряпти?
ЕИ ўнлаб йиллар давомида озиқ-овқат, ижтимоий ва таълим дастурлари, шунингдек, муҳтож бўлган фаластинликларнинг тиббий ёрдами учун пул тўлаб келади. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазонинг 2,1 миллион аҳолисидан 1,5 миллионга яқини ҳуманитар ёрдамга боғлиқ.
Европа комиссиясининг 10 октябр куни хабар беришича, Фаластин маъмуриятига 2021 йилда 316 миллион евро, 2022 йилда 283 миллион евро, 2023 йилда эса бошқа дастур учун 82 миллион ва алоҳида 10 миллион ажратиш режалаштирилган эди, бироқ баъзи қарорлар ҳали ҳам қабул қилинмаган. Бу суммалар биргаликда 691 миллион еврони ташкил этади, деб бир кун аввал ёзганди Вархейи.
Ўтган 30 йил ичида, яъни 1993 йилдан бери Исроил ва Фаластин вакиллари «иккита давлат» яратиш бўйича музокаралар олиб борганида, Европа Иттифоқи, Европа комиссиясига кўра, Ғарбий соҳил ва Ғазо секторига жами 8,5 миллиард евро ўтказган. 2007 йилдан бери ЕИ ҲАМАС ҳаракати назоратидаги Ғазо сектори маъмурияти билан тўғридан тўғри алоқага эга эмас. Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини инкор этувчи ҲАМАС Европа Иттифоқида террорчи ташкилот сифатида кўрилади.
Мавзуга оид

12:09
ЕИ Украинага яна 1 млрд евролик навбатдаги траншни тўлади

09:22 / 08.04.2025
Европа Иттифоқи Трамп божларига икки босқичда жавоб қайтаради

22:18 / 07.04.2025
Франция, Миср ва Иордания етакчилари Ғазо бўйича келишувни тиклашга чақирди

10:47 / 07.04.2025