Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автобус ва метрога Humo картаси орқали тўлов қилишда муаммо пайдо бўлди — бунинг сабаби нимада?
Тошкент жамоат транспорти учун Humo пластик картасидан қилинган тўловлар бир неча бор қайта ечиб олинган ёки блокланган ҳолатлари учрамоқда. АТТО ҳамда Humo раҳбарлари техник носозлик сабаб шундай вазият юзага келаётганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ
Ўзи нима бўляпти?
Жамоат транспортларига ўрнатилган валидаторга Humo картаси билан тўлов қилинганда балансида маблағ бўлса-да, хатолик бўлаётгани, сабабсиз бир неча маротаба пул ечиб олиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида йўловчилардан Kun.uz’га мурожаат келиб тушди.
“21 июн куни Humo картаси орқали тўлов қилганимда автобусдаги махсус ечиб олиш учун қўйилган Atto қурилмаси экранида техник хато (ошибка) кўрсатилди. Аммо пластик картамдан кетма-кет равишда 9 марта, яъни 1 минг 400 сўмдан жами 12 минг 600 сўм ечиб олинди.

Бу каби ҳолатлар охирги икки кун ичида Тошкент шаҳридаги йўловчилар орасида кўп учраяпти. Аслида валидаторга карта урилганида “галочка” белгиси чиқиши керак, лекин охирги кунларда фақат хатолик чиқяпти. Кейин қарасам, бирин-кетин пул ечилгани ҳақида смс келяпти.
Ўзи бу масала анча олдин Мирзо Улуғбек метро станциясига тушгандимда бошланганди. Ўша ерда ишловчи қизлардан сўраганимда, улар қурилма ишламаётганини айтишганди. Кейин нақд пулда чек олишга мажбур бўлгандим.
Ўша куни кечроқ картамга қарасам умуман қолдиқ сумма ҳам қолмаган, доим 20 минг сўм атрофида қолдиқ маблағ турарди, метрога тушган куним шу пуллар йўқ бўлиб қолди. Қолмагандир-да, деб Humo картамга 14 минг сўм ўтказдим, кейин яна метрога тушдим. Яхши ишлади. Кейин кечроқ Чилонзордан 8-сонли автобусга чиққандим, ўшандан яна “ошибка” беришни бошлади”, – дейди таҳририятга мурожаат йўллаган Жамшид Ҳасанов.
Ҳолатни ўрганиш учун Kun.uz мухбири Twitter’да кичик сўровнома ўтказди, аксарият муштарийлар жамоат транспортидан фойдаланишда Humo картаси билан муаммо бўлаётганини, уларда ҳам валидаторга урилганида карта ишламай қолаётганини маълум қилди.
“Одатда Humo картасидан муаммосиз пул ечиб олинарди. Лекин сешанба куни Космонавтлар метро бекатида биттада ечолмади. Бекатдаги навбатчи қизнинг айтишича, бунақа ҳолатлар тез-тез бўлиб туради. Нима сабаб бўлаётганини эмас, ечимини айтди — АТТО картадан фойдалан деб”,– дейди бир респондент.
“Humo карта ишлатаман. Бир кун аппарати (валидатор) икки марта автобусда қизил кўрсатиб қолди. Лекин телефонимга пул ечилгани тўғрисида хабар келди. Бугун яхши ишлаяпти”, – дейди яна бир фуқаро.
Сўровноманинг яна бир иштирокчиси эса метрода Humo картадан фойдалангани ва балансидаги пуллар сабабсиз ечиб олинганини айтди.
“Humo картамнинг ичида 20 минг пули бор эди, Сергели 2-бекатда 3 та валидаторга уриб кўрдим “отказ” берди, чиқиб роса навбатда туриб чек билан кирдим ва энди эскалатордан тепага чиқишим билан смс келди. Қарасам биттада 10 марта 1 минг 400 сўмдан ечиб олибди”,– дейди у.

Kun.uz ҳолат юзасидан “Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори” МЧЖ (АТТО) бош раҳбари Даврон Шоякубов ҳамда “Миллий банклараро процессинг маркази” (Humo) директори Шуҳрат Қурбонов билан боғланди.
“Humo ҳамда АТТО ўртасида техник носозлик бўлган”
Даврон Шоякубовга кўра, Humo тўлов тизими ҳамда АТТО ўртасида техник носозлик кузатилгани сабаб бир ҳафтадан бери шу муаммо кузатилмоқда.
“Ҳозиргача тўланмаган қатновлар учун маблағлар ундириляпти. Humo ҳамда АТТО ўртасида техник носозлик бўлган, мазкур муаммонинг ечими учун 3-4 кун вақт кетган. Шунинг ҳисобига аҳоли юриб қўйган 5-6 кунлик тўловларини биттада ечиб олишни бошлаганмиз.
Биз юрилмаган, кўрсатилмаган хизмат учун пул ечиб ололмаймиз. Тизимнинг бундай хусусияти мавжуд эмас. Фақатгина фойдаланилгани учун тўлов ундирилади. Дейлик, Humo картаси 3 ой фойдаланилмай, шунча вақтдан кейин валидаторга теккизилса ҳам қачондир фойдаланилган, аммо техник масала сабаб тўланмаган пул ундирилади. Ўртадаги тизимларда ўзгариш бўлиб туриши нормал ҳолат”, – дейди АTTO раҳбари.
Шоякубовнинг тушунтиршича, техник сабаблар туфайли йўловчилар юрган қатновлари учун тўлов қилмай, турникетдан ўтиб кетаверган. Балансдаги сумма эса ўзгаришсиз қолган. Бир неча кундан сўнг техник муаммолар бартараф этилгач барча қатновларнинг пули битта қилиб ечиб олинган.
“Аслини олганда, Humo умуман бошқа тизим, биз бу пластик карталардан тўғридан тўғри пул еча олмаймиз. Масалан, фуқаро Humo картасини метрополитен ёки автобусдаги валидаторга урганида шу теккизганлик ҳақидаги маълумот банкка юборилади. Бу вақтда банкдан пул ечилиши мумкинлиги ҳақида қайтариб жавоб ололмасак, картадан пулни еча олмаймиз. Яъни банкка юборилган маълумотлар қайта ишланиб, бизга пул ечилиши мумкинлиги тўғрисида хабар келиши керак. Унгача тўлов ечиб олинмайди. "Хўп",– деб шу билан ярим ёки 1 соат, бир кундан кейин яна шу картада “пул борми?”– деб сўров юборамиз, тизим шундай ишлаши учун техник созланган. Шу вақт мобайнида картанинг ичида пул пайдо бўлмаса, биз картани шунчаки блоклаб қўямиз, кейинги сафар пул ташлашмагунча ёки ундан фойдаланмагунча биз у картани эсламаймиз ҳам. Чунки тизимда карталар урилгани ҳақидаги маълумот жуда тез айланади.
Аслида Humo картани терминалга уриб бирданига пул ечиб олиш мумкин, аммо АТТО ундай хизмат эмас, бизда бирданига картадан маблағни ечиб олишга имконият йўқ. Бизда банк картасининг балансини кўришга имконият ҳам йўқ, ҳатто”,– дейди Шоякубов.
Унинг қўшимча қилишича, ўртада Humo ҳамда АТТО тизимларини бир-бирига боғлаб турувчи яна бир тизим бор, қайсидир томонда муаммо бўлса, шу муаммо бартараф этилмагунча бундай ҳолатлар кузатилиб тураверади. Бу муаммолар қачон тўлақонли бартараф этилиши эса номаълум.
Шуҳрат Қурбоновнинг айтишича, қисқа муддат давомида метро ва автобусларда АТТО томонидан Humo карталаридан йўлкиралар ечиб олинмаган.
“Яъни одамлар текинга ўтган. Буни АТТО аниқлагандан кейин ҳар битта қатнов учун 1 минг 400 сўмдан асосан кечаси ечиб олишган. АТТО берган маълумотига асосан, ҳар битта тўловнинг орқасида қатновлар борлиги аниқ. Агарда фуқаролар АТТО’нинг call-марказига қўнғироқ қилишса, уларга бу бўйича тўлиқ маълумот берилади.
Энди блокдаги карталарга келадиган бўлсак, транспорт тизими шундай ишлайдики, балансда пул бўлмаганида йўловчилар биринчи мартасига бепул ўтиб кетиши мумкин. Лекин бу умуман бепул бўлади дегани эмас, биринчи маротабаси учун ҳам 1 минг 400 сўм маблағ ундирилади. Агарда ўша 1 минг 400 сўм ечиб олинмаса ёки маблағи етмаса, транспорт тизими бу картани қора рўйхатга киритиб қўяди, яъни блоклайди. Буни блокдан ечиш учун ATTO.uz'нинг сайтига кириб, "картани блокдан чиқариш" деган менюси орқали муаммони ҳал қилишлари мумкин”,– дея жавоб қилди у.
Қолаверса, Қурбонов Humo тўлов тизими фақатгина картадан пулни ечиш ёки тушириш имкониятини беришини, бунда фуқароларнинг нима учун пул сарфлаётганини кўра олмаслигини, хусусан, улар ҳақиқатан метрога тушганини ёки автобусга чиққанини билиш имконсиз эканини қайд этди.
Маълумот учун, 2020 йил январ ойидан бошлаб пойтахт жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари бошланганди. Ўша вақтдан эътиборан, йўловчилар АТТО транспорт карталаридан фойдаланиши йўлга қўйилди. Кейинроқ эса тўловни контактсиз банка карталари орқали ҳам амалга ошириш имконияти яратилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрел ойидан Тошкентда автобус ва метродан фойдаланиш учун мослашувчан янги тарифлар жорий этилиши, тўлов нархлари ўзгариши керак эди. Бироқ депутатлар кенгашининг қарори сабаб бу ишлар ҳанузгача кечикмоқда.
Дилшода Шомирзаева, Kun.uz
Тавсия этамиз
Германияга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди
Жамият | 15:33 / 23.07.2025
Ўзбекистонда iPhone нархлари қимматлашди. Нега?
Иқтисодиёт | 21:38 / 22.07.2025
Тошкентда беморга шилқимлик қилган шифокор 5 суткага қамалди
Жамият | 15:28 / 22.07.2025
Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди
Жамият | 09:27 / 22.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Малайзия Ўзбекистон тоғли ҳудудларида кичик ва ўрта гидроэлектр станцияларини қуриши мумкин
Ўзбекистон | 10:37
-
Нурафшон кўчасида бетон устунга бориб урилган "Спарк" ҳайдовчиси вафот этди
Жамият | 10:02
-
“Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ бошлиғи интизомий жавобгарликка тортилди
Ўзбекистон | 09:55
-
ЕИ ва Хитой иқлим бўйича яқинроқ ҳамкорлик қилмоқчи
Жаҳон | 09:54
Мавзуга оид

17:25 / 02.04.2025
Автобусда йўл ҳақини тўламаганларга рейд бошланди, 56 киши жаримага тортилди

16:02 / 11.03.2025
Шуҳрат Қурбонов Humo бошқаруви раиси лавозимидан кетди

18:42 / 27.01.2025
“Аввал ойига 20-25 мингта карта сотилган, январда эса кунига шунча харид қилинди” — АТТО ижрочи директори

15:30 / 01.09.2024