Жаҳон | 18:17 / 25.02.2023
34201
10 дақиқада ўқилади

Зилзиладан омон қолиш рекордлари: вайроналар орасида паймонаси тўлмаганлар

Туркияда 6 февралда содир бўлган даҳшатли зилзиладан 384 соат, яъни роппа-роса 16 кун ўтиб икки киши қутқарилди. Аммо бу вайроналар орасида тирик қолиш бўйича дунё рекорди эмас.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

16 кун давомида 33 метр баландликда...

Фото: Sabah

Қаҳрамонмараш шаҳри марказида жойлашган 14 қаватли уй ер қимирлашидан жиддий зарар кўради. Уйнинг 11-қаватидаги квартираларнинг бирида 70 яшар Ҳанифа Оқкун тўқсонни қоралаган онаси Гулли Оқкун билан қолиб кетади. Ўғил оғир хаста ва тўшакка михланган онани ташлаб кетмайди. Икковлон 16 кун давомида уйда бор егулик билан жон сақлашади.

Фото: Cumhuriyet

Ташқаридан бинойидай кўринса-да, кўп қаватли уйнинг деворлари дарз кетган, кучли зилзила натижасида зиналари қулаб тушганди. Шу омил ҳам она-боланинг бинони тарк этишига имкон бермаган.

Улуғ ёшдаги онахон ва унинг нуроний ўғли кран ёрдамида қутқарилди. Турк нашрлари она-бола нима учун ичкарида қамалда қолиб кетгани ҳақида ҳеч кимга хабар бера олмагани ҳақида ёзишгани йўқ. Уларнинг тириклиги ҳақида маҳалла оқсоқоли хабар бергани айтилмоқда.

Фото: Cumhuriyet

Касби ўқитувчи бўлган Ҳанифа Оқкун журналистларга 6 феврал тонгидаги ва пешиндан кейин содир бўлган ҳар икки даҳшатли зилзилани бошдан кечиришганини сўзлаб берган. Гарчи мураккаб шароитда қолган бўлса-да, ўғил хаста онасига етарлича ғамхўрлик кўрсата билган.

Она ва ўғил Малатя вилоят шифохонасига ётқизилган.

Фото: Sondakika

Бунгача 6 февраль куни содир бўлган зилзилада омон қолиш рекорди 12 кун 8 соатга тенг бўлганди.

Антакядаги Қанотли турар жой мажмуаси вайроналари орасидан 49 ва 45 ёшдаги эр-хотин зилзиладан 296 соат ўтиб қутқарилган, бироқ уларнинг 12 яшар ўғли қутқарилганидан сўнг жон берганди. Даҳшатли ер қимирлаши вақтида жуфтликнинг яна икки фарзанди (бир қиз ва бир ўғил) ҳалок бўлгани аниқланган.

Салкам бир ойдан сўнг тирик топилган эркак

2010 йили Кариб денгизида жойлашган Ҳаитида рўй берган 7 ҳамда 5,9 балли вайронкор зилзилалар 222 мингдан зиёд инсоннинг ёстиғини қуритган, 311 минг киши жароҳат олган, 900 га яқин одам бедарак йўқолганди.

Ер силкинишидан энг кўп мамлакат пойтахти зарар кўрган бўлиб, умумий ҳисобда мамлакат бўйлаб 250 мингдан зиёд уй вайрон бўлган, айниқса, бундай пайтда энг зарур бўлган шифохоналар ҳам бир уюм харобага айланган. Зилзила вақтида Миллий сарой, кўплаб вазирликларнинг бинолари ҳам кунпаякун бўлган. Табиий офат оқибатида етган зарар 5,6 млрд долларга баҳоланган.

Фото: Michael Themaven

28 яшар Эванс Монсиньяк Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренсдаги озиқ-овқат бозорида гуруч сотган. У зилзилалар вақтида вайроналар остида қолиб кетади ва қутқарувчилар томонидан 27 кундан сўнг тирик топилади.

Бу вақтга келиб Ҳаити ҳукумати қутқарув ишларини расман тўхтатганига икки ҳафта бўлганди. Шу сабабли унинг тирик топилиши дунё матбуотида шов-шувларга сабаб бўлади.

Шифокорлар қарийб бир ой оч-наҳор қолган эркакнинг ҳаддан зиёд ҳолдан тойгани, ташналик оқибатида унинг танаси сувсизлангани, ер қимирлаши пайтида оёғидан олган жароҳатлари йиринглаб кетганини қайд этишган. 

Фото: Reuters

Эванс вайроналар остида ётганида кимдир унга сув келтириб берганини таъкидлайди. Аммо шифокорлар буни галлюцинация деб ҳисоблайди. Экспертлар унда қанчадир миқдорда ичимлик суви захираси бўлгани, шу омил унинг 27 кун давомида жон сақлашига ёрдам берганига ишонишади.

Қанчалик ғалати эшитилмасин, ҳаитилик гуруч сотувчи зилзиладан сўнг омон қолиш бўйича дунё рекордчиси ҳисобланади.

Зилзиладан 64 кун ўтиб...

2005 йилнинг 8 октябр куни эрталаб Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмида 7,6 магнитудали зилзила рўй берган, у 85 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлганди. Яна 70 мингдан кўпроқ киши жароҳатланган. Охирги юз йилликда Жанубий Осиё тарихидаги энг вайронкор зилзила экани айтиладиган табиий офат оқибатида 32 мингдан зиёд бино ер билан яксон бўлган, Покистон ҳукумати талафот миқдорини 12 млрд долларга баҳолаганди.

Қутқарувчилар Музаффаробод яқинидаги Қамсар қочқинлар лагери [ушбу лагер 1990 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кескинлик кучайиб, чегаралар ёпилиб, аросатда қолиб кетган Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида яшовчи одамлар учун ташкил этилган – таҳр.] вайроналари орасидан жасадларни қидириб юрган вақтда тирик одамга дуч келишади. Бу вақтга келиб зилзила содир бўлганига 64 кун тўлганди.

Топилган вақтда 40 ёшдаги Нақша Биби жуда ҳолсиз бўлгани, организми ҳаддан зиёд сувсизланиб кетгани айтилади. Тезда тиббиёт муассасасига олиб борилган аёлни кўздан кечирган шифокорлар унинг бирор ери ҳатто тилинмагани, аммо мушакларининг 80 фоизи қуриб қолганини аниқлашади.

Нақша Биби тирик топилган вақтда Фото: CNN

Аёл чириган озиқ-овқат ва ёмғир суви ёрдамида 2 ойдан зиёдроқ жон сақлагани тахмин қилинади. Вазни 35 кг бўлиб қолган аёлни топиб олган қариндошлари аввалига уни ўлган деб тахмин қилишади. У кўзларини очгандан кейин сув ва овқат таклиф қилишади. Бироқ аёл етарлича реакция кўрсата олмагач тинчгина ўлиши учун чодирга киритиб қўйишади.

Орадан икки кун ўтгач ҳудудга даниялик шифокорлар келади, шунда аёлнинг қариндошлари ҳалигача жони узилмаган Нақша Биби ҳақида уларга айтиб беришади. Шундан сўнг аёл зудлик билан Покистон ислом тиббиёт академиясига олиб кетилади.

Нақша Биби шифокорлар назоратида Фото: Getty Images

Аёлни даволаган шифокорлардан бири доктор Абдул Ҳамид у қандай қилиб шунчалик узоқ вақт давомида тирик қолгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, “тиббиёт буни қабул қилишга қийналиши мумкин, лекин дунёда мўъжизалар содир бўлиб туради”, дея жавоб қилган.

Бошқа рекордлар

Гарчи омон қолиш бобида Нақша Бибидан ўтадигани бўлмаса-да, зилзиладан сўнг ўн кундан кўпроқ вайроналар остида қолиб кетганига қарамай тирик топилганлар талайгина.

Фото: Getty Images

2003 йил декабрида Эроннинг қадимий Бам шаҳрини ер билан яксон қилган, 40 минг инсон ҳалокатига сабаб бўлган зилзиладан 13 кун ўтиб 57 яшар эркак тирик топилганди.

Педрито Дэй Фото: CNN Filippin

Жумладан, Педрито Дэй 1990 йилги Филиппин зилзиласидан сўнг омон қолганлардан. У вайроналар орасида 14 кун қолиб кетганидан сўнг қутқарилганди.

Дарлен Этьен Фото: The San Diego Union-Tribune

17 яшар Дарлен Этьен исмли қиз 2010 йилги Ҳаити зилзиласидан 15 кун ўтиб тирик топилган. Шифокорларга кўра, қизнинг чап оёғи синган ва танаси жуда сувсизланган эди.

Ган Ю Фото: China Daily

Хитойнинг Сичуан провинциясидаги ГЭС ходими Ган Ю 2022 йил 5 февралда содир бўлган 6,8 магнитудали зилзиладан 17 кун ўтиб тирик топилган. Бедарак йўқолгач, ўлгани гумон қилинган эркакнинг бир неча суяклари сингани аниқланган. Маҳаллий матбуотга кўра, у 17 кун давомида ёввойи мевалар ва сув ёрдамида жон сақлаган.

Фото: BBC

2013 йилнинг май ойида Бангладешда саккиз қаватли завод биноси қулаганидан 17 кун ўтиб, унинг вайроналари остида бир аёл омон қолганди. Гарчи ушбу воқеа зилзила билан боғлиқ бўлмаса-да, тирик қолганларнинг ҳолати деярли бир хил. Ушбу воқеада завод ишчилари аёлнинг ёрдам сўраб бақирган овозини эшитиб қолишади ҳамда видео ва аудио аниқлаш ускунасидан фойдаланган ҳолда у ётган жойни аниқлаб, вайроналар орасидан олиб чиқишади. У журналистларга кун давомида қуритилган овқат еб жон сақлагани, сўнгги икки кунда эса фақат сув ичганини айтиб берган.

Одамзод оч-наҳор ҳолатда қанча вақт жон сақлаши мумкин?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вайроналар орасида омон қолиш бир қанча омилларга боғлиқ. Жумладан, жабрланувчиларда сув бўлиши ва нафас олиш учун ҳаво етарли бўлиши лозим.

Вайроналар остида жароҳатланган одамлар учун вазият қийинроқ. Дастлабки воқеадан омон қолган баъзи одамлар сиқилиш синдромидан азият чекишади, бу эса уларни ҳаракатлантира олмайди. Чекланган майдонда қолиб кетиш, шунингдек, ҳароратнинг кўтарилиши ва карбонат ангидриднинг кўпайишини англатади, агар у жуда юқори даражага етса, бўғилишга олиб келиши мумкин.

Буюк Британияда жойлашган Халқаро қутқарув корпуси (ИРС) координатори Жули Раянга кўра, вайроналар остида қолиб кетганда жиддий жароҳатлар бўлмаслиги ҳам жуда муҳим. Йўқса бу қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради, аксар ҳолатларда тирик қолиш имкониятини кескин тушириб юборади.

Абдулалим Муайни Туркиянинг Ҳатой шаҳрида 6 февраль куни рўй берган зилзила вайроналари остидан қутқариб олинди Фото: Reuters

Инсонлар намликсиз қанча вақт яшаши мумкинлигини айтиш қийин: баъзи ҳисоб-китобларга кўра, одамзод оч-наҳор қолганидан сўнг ўртача уч кундан етти кунгача омон қола олади. Аммо бу ерда кўп нарса жабрланувчи қамалиб қоладиган жойнинг ҳароратига боғлиқ: Яъни терлаш орқали қанча суюқлик йўқотаётгани ва жисмоний ҳолати ҳам вайроналар орасида қолиб кетган шахснинг омон қолиш имкониятини белгилаб беради.

Профессор Ричард Эдмон Муннинг таъкидлашича, одатда катта ёшли одам 21 даражагача бўлган ҳароратга дош беради ва организм иссиқликни сақлаб қолиш хусусиятини йўқотмайди. Лекин совуқ ва иссиқда вазият ўзгаради. Совуқ ҳавода қолганларнинг жойи етарлича изоляция қилинмаган бўлса улар гипотермияга дучор бўлиши мумкин. Агар ҳаво иссиқ бўлса, вайроналар остида қолганларнинг танаси тез сувсизланиб, омон қолиш имконияти камайиб кетади.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид