Жаҳон | 07:58 / 23.02.2023
10964
1 дақиқада ўқилади

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 50 мингдан ошди

Туркияда 6 февралдаги кучли зилзилалар 43 556 кишининг ҳаётига зомин бўлди, деди ички ишлар вазири Сойлу. Сурияда фаоллар 6 747 кишининг ўлимини қайд этган.

Фото: AP

Туркияда 6 февраль куни Сурия чегарасида содир бўлган кучли зилзилалар қурбонлари сони 43 556 нафарга етди. Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу 22 февраль, чоршанба куни шундай маълумот берди.

Шу билан бирга, қўшни Сурияда ҳалок бўлганлар сони 6 747 кишига етди, дея маълум қилди ўша куни Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича маркази (SOHR). Шундай қилиб, ҳукумат назорати остидаги ҳудудларда 2 226 киши, исёнчилар назорати остидаги Суриянинг шимоли-ғарбий ҳудудларида эса 4 521 киши ҳалок бўлди.

6 февраль куни Туркия-Сурия чегарасида содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила натижасида ўн минглаб одамлар жароҳат олиб, шифохоналарда қолмоқда. Қишда кўп фуқаролар бошпанасиз қолиб, инсонпарварлик ёрдамига қарам бўлиб қолган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, табиий офатдан 23 миллионгача киши жабр кўрган. Табиий офат бўйича экспертлар зилзиладан кўрилган иқтисодий зарарни 20 миллиард доллардан (18,8 миллиард евро) ортиқ деб ҳисоблаяпти.

Мавзуга оид