Марсда топилган сув манбалари, робот-адвокат ва смартфондан ҳам ингичка ноутбук — ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Робот-адвокат

Тарихда биринчи марта суд мажлисида робот-адвокат ишлайди. У мунозара пайтида ўз мижозига нима дейиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар беради.
Маълум қилинишича, робот одамларнинг гапларига дарҳол муносабат билдирмайди, балки муҳокама тугагач, фикр-мулоҳазаларни таҳлил қилгандан кейин ечимни тақдим этади.
Робот ихтирочиси Жошуа Браудер сўзларига кўра, у келажакда адвокатлар ўрнини бемалол эгаллайди.
Қайд қилиш жоизки, суд жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳолати биринчи марта юз бермаяпти. Аввалроқ, Хитой дунёда биринчи бўлиб суд залида сунъий интеллектдан фойдаланди. 2022 йил июл ойида мамлакатда суд тизимини «такомиллаштириш» мақсадида ушбу технологиядан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Бунда сунъий интеллект қонунларни тавсия этади, ҳужжатларни тузади ва қарорларда «инсоннинг эҳтимолий хатоси» ҳақида огоҳлантиради.
Энди хитойлик судьялар ҳар бир ҳолатда сунъий интеллектга мурожаат қилиши керак, агар улар сунъий интеллект тавсияларини бузса, сабабларини ёзма равишда тушунтириши лозим.
Танадаги алкогол миқдорини аниқловчи ақлли соат

Хитойнинг энг машҳур автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияларидан бўлган BYD ноодатий функцияга эга бўлган ақлли соатни патентлади.
Қайд этилишича, ақлли соат фойдаланувчи организмидаги алкоголь миқдорини аниқлай олиш функциясига эга. Бундан ташқари, янги қурилма қон босими, қондаги кислород миқдори, тана ҳарорати, ЭКГ натижаларини ҳам тақдим эта олади.
Марсда топилган сув манбалари
Curiosity марсюрари томонидан 10 йил давомида Марсни ўрганиш натижасида тўпланган маълумотлар Қизил сайёрада катта ҳажмдаги опал конлари борлигини аниқлаш имконини берди. Келажакдаги колонистлар учун опал заргарлик буюми сифатида эмас, балки кафолатланган сув манбаи сифатида қизиқарли. Бу Марсдаги келажак базаси тақдири учун муҳим кашфиёт.
Марсда опал конлари борлиги 2008 йилда Reconnaissance Orbiter аппарати томонидан аниқланган эди. Зонд Қизил сайёранинг бир қанча ҳудудларида кремний диоксиди конлари билан боғлиқ бўлган катта доғларни топди. Кремний диоксиди гидрати айнан опал бўлиб, у кремнийга бой жинсларнинг сув билан парчаланиши жараёнида ҳосил бўлади. Эритма ёриқлар ва бўшлиқларга киради ва қаттиқлашиб, миллионлаб йиллар давомида қимматбаҳо минералга айланади.
Опал таркибидаги сув кристаллга айланмайди, балки минерални майдалаш ва иситиш жараёнида яна суюқлик ҳолатига келади. Curiosity маълумотлари таҳлилига кўра, узунлиги 1 м ва чуқурлиги 30 см бўлган коннинг ҳажми 5,7 литргача сувни ўз ичига олиши мумкин. Марсюрар йўналиши бўйлаб бундай конлар жуда кўп миқдорда аниқланган.
Смартфондан ҳам ингичка ноутбук
LG компанияси Gram Ultraslim дея номланувчи 15,6 дюймли дисплей диагоналига эга ноутбукини тақдим қилди. Унинг вазни 998 граммни, қалинлиги эса атиги 10,99 ммни ташкил этади.
Gram Ultraslim модели жуда ингичка ишланган бўлса-да, Full HD экрани ва Intel Raptor Lake процессори билан жиҳозланган. Аккумулятор сиғими 60 Вт•с, Оператив хотираси ҳажми 32 ГБ, 1 ТБгача бўлган SSD дискка эга.
Шунингдек, ноутбукда учта USB-C порти мавжуд бўлиб, улардан иккитаси Thunderbolt 4’ни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча Gram Ultraslim’нинг нархлари бўйича маълумотлар йўқ.
АҚШдаги энг харидоргир автомобиль

Ford F-Series автомобиллари оиласи 2022 йилда Қўшма Штатларда энг кўп сотилган пикап мақомини сақлаб қолди. Компания маълумотларига кўра, 2022 йилда ушбу пикаплардан 640 мингтаси сотилган, яъни ҳар 49 сонияда битта машина.
Маълумот учун, Ford F-Series 46 йилдан буён АҚШда энг харидоргир автомобил модели бўлиб қолмоқда.
Компютерда ишлаш учун мўлжалланган машқ велосипеди

Consumer Electronic Show 2023 (CES 2023) технокўргазмаси доирасида Acer компанияси бир вақтнинг ўзида спорт билан шуғулланиш ва компютерда ишлаш имконини берувчи ноодатий машқ велосипедини тақдим этди.
eKinekt BD 3 дея номланган янги технология иш столи билан бирлаштирилган велотренажёрдан иборат. Шунингдек, унда стакан қўйиладиган жой, сумка ёки рюкзак учун илгак, компютер ёки бошқа гаджетни зарядлаш учун USB Type-A ва USB Type-C улагичлари бор. Эътиборга лойиқ жиҳати – машқ пайтида eKinekt BD 3 электр энергияси ҳам ишлаб чиқариши мумкин.
Ноодатий тренажёр велосипед 2023 йилнинг ёзида сотувга чиқарилади. Acer янги маҳсулотини 999 долларга баҳоламоқда.
Twitter сиёсий рекламаларга тақиқни бекор қилди

Twitter 2019 йилда сиёсий рекламаларга қўйилган тақиқини бекор қилади, деб хабар берди ижтимоий тармоқнинг ишонч ва хавфсизлик бўлими раҳбари Элла Ирвин.
«Биз контекстли реклама муҳим мавзуларнинг жамоатчилик муҳокамасига ҳисса қўшишига ишонамиз. Бугун биз Қўшма Штатларда контекстли реклама бўйича сиёсатимизни юмшатамиз. Шунингдек, яқин ҳафталарда рухсат берилган сиёсий рекламани кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз», – дейилади хабарда.
Элла Ирвин тақиқ олиб ташланадиган рекламалар орасида иқлим ўзгариши, ҳукумат дастурлари, аҳоли ва сайловчиларни рўйхатга олиш ҳақидаги рекламаларни айтиб ўтди.
Мавзуга оид

14:18 / 02.03.2025
Янги “аждарҳо жангчиси”, космосга туристик парвоз ва “ақлли” ғилоф — технодайжест

12:08 / 23.02.2025
Илон Маскдан янги СИ, “арзон” iPhone 16 ва актёр робот — ҳафта технодайжести

10:49 / 09.02.2025
Кучайган Gemini, ваъдасидан воз кечган Google ва янада очилган ChatGPT — технодайжест

18:05 / 29.12.2024