Илон Маскдан янги СИ, “арзон” iPhone 16 ва актёр робот — ҳафта технодайжести
Илон Маск Grok 3ни тақдим этиб, уни “дунёдаги энг ақлли сунъий интеллект” деб атади. iPhone 16нинг 599 долларлик версияси сотувга чиқиш арафасида. Ақлли роботлар спектаклларда бош рол ижро этишни ҳам бошлаб юборди. Тунни бедор ўтказиб, кундузи ухлашга жой излаб юрадиганлар учун – японлардан махсус ихтиро. Сўнгги бир ҳафтада технологиялар оламида кузатилган янгиликлар – Kun.uz технодайжестида.
Сунъий интеллектдаги янги давр
Дунёнинг энг бой одами Илон Маск ўзига тегишли Grok номли нейротармоқнинг 3-версиясини тақдим этди. xAI томонидан ишлаб чиқилган бу чатботни Илон Маск “Ер юзидаги энг ақлли сунъий идрок” деб таърифлаяпти.
Муаллифларнинг айтишича, Grok-3’нинг кучли томони – у мураккаб саволларга аниқроқ жавоб бериш учун илғор фикрлаш имконига эга. Сунъий интеллект саволларга жавоб беришдан олдин уларни кичик вазифаларга бўлиб, ўз жавобларини текшириб кўриш орқали аниқроқ ва ишончли натижа тақдим этиши айтиляпти. Бундай “юқори даражада фикрлашга асосланган” моделлар OpenAI, Google ва Deep Seek каби компаниялар томонидан ишлаб чиқилган нейротармоқларни ортга қолдириши даъво қилинмоқда.
Илон Маск Grok-3ʼни “максимал даражада ҳақиқатни изловчи сунъий интеллект” деб атади. Унга кўра, бу модел баъзан ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ноқулай бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилади. Эслатиб ўтамиз, хAI илгари Grok чатботининг олдинги версиялари сайловларга алоқадор айрим мавзулар бўйича нотўғри маълумот тарқатгани ва тасвир яратиш функциясида назорат сустлиги учун танқидга учраганди. Ҳозирда OpenAI ва бошқа компаниялар сунъий интеллектнинг “ҳақиқатни излаш” жараёнини назорат остида ушлаб туриш муҳимлигини таъкидламоқда.
Grok-3ʼдан фойдаланиш ҳозирча бепул. Grok.com сайтига кириб, рўйхатдан ўтмасдан ҳам чатботни ишлатиш мумкин. Шундай қилиб, машҳур чатботлар сони яна биттага кўпайди: Chatgpt, Claude, Gemini, Copilot, Deep Seek… Сиз қайси чатботларни ишлатяпсиз?
“Арзон” iPhone 16
Apple компанияси iPhone менга қимматлик қилади дейдиганлар учун нисбатан ҳамёнбоп нархдаги моделини тақдим этди. iPhone 16е деб ном берилган ихчам смартфоннинг нархи 599 доллардан бошланади. Гаджет 2022 йилда чиқарилган бошқа бир “ҳамёнбоп” iPhone SE’нинг ўрнини эгаллайди. Қурилма такомиллаштирилиб, “уй” тугмаси олиб ташланди ва FaceID’ли каттароқ экран қўшилди. Янги модел бошқа iPhone 16ʼлар каби тез ишлайдиган А18 чипига эга ва Apple Intellegence сунъий интеллектини қўллаб-қувватлайди. Орқа панелда эса битта камера бор: 48 megapiksel ва 2х яқинлаштириш функциясига эга камерада 4К сифатидаги видео олиш мумкин.
Бундан ташқари, Янги iPhone 16е сўнгги premium моделлар каби созланадиган Аction тугмаси, офлайн режимда СМС юбориш ва фавқулодда хизматларга кириш учун сунъий йўлдош тармоқларига уланиш имкониятига ҳам эга.
Appleʼнинг айтишича, янги гаджетнинг батарея қуввати барча авлод iPhone SE’ларига қараганда 12 соатгача узоқроқ ишлайди. Янги қурилма 128, 256 ва 512 гигабайтли оқ ва қора рангли версияларда тақдим этилади. Янгиланиш доирасида iPhone SE ва iPhone 14 моделларининг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди.Нима деб ўйлайсиз, арзонроқ нархга яп-янги iPhone 16 олган яхшими ёки унинг пулига, масалан, ишлатилган iPhone 14 Pro Max олган бўлармидингиз?
Актёр робот
Дунёда илк бор робот ит театрда бош ролни ижро этди. Ню Йорк театрларининг бирида сунъий интеллект ёрдамида яратилган Unitree Go2 номли робот ит “Робот, жосус ва сунъий интеллектнинг муҳаббати” номли спектаклда тўрт оёқли олапар образида дебют қилди. Спектакл сюжети илмий фантастикани комедия тарзида намойиш этишга мўлжалланган.
Unitree Go2 Pro роботи Хитойнинг Unitree компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг нархи 1600 доллардан бошланади. Корпуси алюминий ва муҳандислик пластигидан тайёрланган. Роботнинг оғирлиги тахминан 15 кг бўлиб, 3D лидар, кенг бурчакли камера, Wi-fi 6, Bluetooth 5.2 va 8000 mA/s сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган.
Спектаклда дебют табиий чиқиши учун оператор робот ҳаракатларини махсус илова орқали бошқаради ва 90 фоиз ҳаракатлар қўлда амалга оширилади. Роботнинг сакраши ва панжалар ҳаракати каби мураккаб элементлар эса аввалдан дастурлаштирилади. Кўппакка реал вақт режимида актёр овоз бериб туради. Go2 Pro’нинг кучукларга хос ҳаракатлардан ташқари, салто қилиш ва рақсга тушиш каби ҳунарлари ҳам бор.
Робот итнинг спектаклдаги дебюти – технологиянинг борган сари театрларни ҳам буткул ўзгартириб юборишидан дарак бераётгандек. Ҳали келажакда сценарийсини сунъий идрок ёзган, актёрлар таркиби тўлиқ роботлардан иборат спектакллар ҳам бизни кутаётган бўлса керак. Сиз бунақа спектаклга тушган бўлармидингиз?
Уйқу курткаси
Япониянинг ZZZN компанияси исталган шароитда ухлаш имкониятини берувчи “Сеҳрли” курткани тақдим этди. Sleep Apparel System номли янги инновацион пахмоқ куртка билан энди дуч келган жойда ухлаб кетавериш мумкин. Масалан, уйқучи талабалар ўқишида, тунни рилс кўриб ўтказган ходимлар иш жойида, арзон чипта олиб уйқусиз юрадиган саёҳатчилар эса аэропортда қулай тарзда мизғиб олиши мумкин.
Куртка иссиқлик ва юмшоқликдан ташқари, одамнинг биометрик маълумотларини кузатиш, овоз тизими, ёритиш тизими ва турли шароитларга мослашувчанлик каби функцияларни ҳам бажаради.
Масалан, куртка комплекти ичида “ақлли” узук бўлиб, у фойдаланувчининг барқарор уйқу ҳолати, стресс даражаси ва юрак уриш тезлигини кузатиб туради. Овоз тизими эса бош қисмига ўрнатилган қулоқчинлар ёрдамида тез ва чуқур уйқуга кетишни таъминлаб беради. Ва уйқу пайтида одамни ташқи овозлардан изоляция қилади. Энг қизиғи, куртканинг бош ва капучон қисми кетма-кет ёпилади ва ҳатто ўтирган ҳолатда ҳам ухлаш имконини беради.
Sleep Apparel System курткаси 2025 йилда 13 апрелдан 13 октябргача Осака шаҳрида бўлиб ўтадиган Expo кўргазмасида намойиш этилиши режалаштириляпти. Қачон ва қанча нархда сотувга чиқиши – номаълум. Сиз бунақа курткани қанча нархга сотиб олган бўлардингиз?
Гавҳар Зиёдуллаева тайёрлади.
Мавзуга оид

19:09 / 10.03.2025
Apple энг кутилган янги маҳсулотини чиқаришни кечиктирди

22:28 / 09.03.2025
Йил бошидан бери Илон Маскнинг бойлиги 100 млрд долларга камайди

16:11 / 09.03.2025
Илон Маск украиналик 10 нафар олигархга қарши санкциялар жорий этиш таклифини берди

20:30 / 08.03.2025