“Каптарлар отаси” – қушларни севувчи нафақахўр
Бухоролик Жаъфар Ҳожиев – етмишга яқинлашиб қолган нафақахўр. У қушларни ўз яқинларидек парваришлайди. Айниқса, қўлдан дон ейдиган, одамлардан чўчимайдиган каптарлари машҳур.
Жаъфар Ҳожиев Бухоро шаҳридаги “Чор Бакр” тарихий-меъморий мажмуасида хўжалик ишларига қараб юради, ҳам азон айтади. Бу ерда ишлаётганига 7 йилдан ошган. У қушларни, жониворларни жуда яхши кўради. Ҳозир 15 турдан ортиқ қушлари бор, уларни кунига 2-3 маҳалдан ўзи овқатлантиради. Одамлар мажмуага, айниқса, қўлга ўрганган каптарларни кўриш учун келади.
Нафақахўр “Чор Бакр”га қушлар 3 йил олдин олиб келинганини айтади.
“Асли куёвим қушларга ишқибоз. У киши бизга 20 дона каптар келтириб берганди. Шундан кейин буларни аста-секин одамларга қўндирадиган даражада ўргатганман. Ўргатиш қийин эмас. Фақат 1-2 кун оч қолдириб, ўзингизга ўргатишингиз керак”, – дейди у.
Ҳозир бу ерда 50дан зиёд каптар бор. Уларга дон бермоқчи бўлсангиз, қўлингизга, бошингизга келиб қўниб олади.
“Каптарлар – тинчлик рамзи. Одамларга хурсандчилик улашади, одам беғам бўлиб, ҳамма ғамдан фориғ бўлиб кетади. Қўлингизга ушласангиз, баданлари иссиқ. Ўзингиз роҳат қиласиз”, – дейди Жаъфар ака.
Каптарлардан ташқари мажмуада олмахон, товус, қуён, укки, японка товуғи, ҳинд сесаркаси, каклик ва туяқушлар ҳам бор.
Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид

10:57 / 23.01.2025
Бухорода 33 ёшли аёл туғуруқхонада вафот этди

20:43 / 27.12.2024
Бухоро вилоятида зилзила содир бўлди

12:33 / 13.12.2024
Бухорода 2,6 млн долларлик криптоактивлар билан савдо қилган 17 ёшли ўсмир ушланди

10:24 / 02.12.2024