Бизнес юритиш, таълим имкониятлари – Бразилия ва Португалиядаги ватандошлар билан суҳбат
Uzbeklife хориждаги ватандошлар билан навбатдаги суҳбатни амалга оширди. Суҳбатдошларимиз Португалияда ўқиб вояга етган ака-сингил Жавоҳир Чоршанбаев ва Ширин Чоршанбаевалар.

Жавоҳир айни кунларда Бразилияда, Ширин эса Португалияда меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.
Жавоҳир Чоршанбаев 27 ёшда. “5 THOUSAND MILES” компаниясида 3 ярим йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. (Бразилия):
- Ўрта мактабни Португалияда тугатганман. Олий таълимнинг 3-йилини Испанияда олдим. Университетни битириш амалиётини Ўзбекистонда Савдо-саноат палатасида ўтадим. Португалияда мактабда ҳам, университетда ҳам ўқишга ҳеч ким мажбур қилмайди — на ота-она, на ўқитувчи. Улар фақат назорат қилиши мумкин. Бола ўзи хоҳламаса, синфдан синфга қолиб кетаверади. Боланинг ўзида хоҳиш бор бу ерда. Таълим бу ерда интерфаоллик билан олиб борилади.
Португалияда университетга кириш осон, битириш қийин. Бир вақтнинг ўзида 6 та олийгоҳга топшириш имкони бор. Қайси танлов юқори бўлса шунга қараб кирилади. Ўқишга кириш учун битирув балли ҳисобланади. Кириш имтиҳонлари йўқ, битирув имтиҳонлари бор. Ўша балл билан бир вақтнинг ўзида 6 та университетга кириш мумкин бўлади. Менинг Португалияга нисбатан кучли томоним Ўзбекистондан келганим эди. Бошқа давлатни таниганим, бошқа мамлакат фарзанди бўлганим, ўйлашимча. Жуда кам одам Ўзбекистонни билади. Имконият бор, ҳали ҳеч ким қилмаган экан, нега мен биринчи бўлиб қилмаслигим керак бу ишни. Бошидан ниятим шу эди: Ўзбекистон ва Португалия ўртасида қандайдир бизнес алоқа қуриш. Ота-онам билан маслаҳатлашиб маркетинг, халқаро бизнесни танладим. Келажакда ҳам юртимиз билан алоқа қилсам айнан шу соҳаларда ишламоқчиман.
Ширин Чоршанбаева — стоматолог. 8 ёшда Португалияга келган.
- Мен ўқийдиган курс 5 йилдан иборат. 3 йили бакалавр, 2 йили магистратура. 3 йил назарияга қаратилган, 2 йил амалиёт. Бу ерда 9-синфни битиргандан кейин ўқувчилар 4 та йўналишдан бирини танлайди. Шунда мен тиббиётни танлаганман. Бу йўналишда биология, геология, кимё, физика фанларини чуқурроқ ўқиш керак. Математика ва португал тилидан ҳам имтиҳон топширганман. Португал тили бўйича имтиҳон ҳамма йўналишда бор. Тиббиётни ёқтирардим. Қолаверса, бу ота касб. Бундан ташқари, бу соҳа дунёнинг қайси жойида бўлмасин, ўзгармайди. Қайси маънода, одам организми Ўзбекистонда ҳам, Португалияда ҳам бир хил. Бу касб эгалари ҳамма жойда керак. Мен 6 та университетга топширганда биринчи ўринда тиббиётни танлагандим, бу ерда йўналиш сифатида тиббиёт ва стоматология бироз фарқ қилади. 2-танловим стоматология эди. Келаси йил қайта топширишим ва тиббиёт бўйича таҳсил олишим мумкин эди. Лекин ўзим буни ёқтирдим. Чунки ҳам назария, ҳам амалиёт бирга олиб борилади. Сиз инсонлар чиройли табассум қилишларига ёрдам берасиз.
Жавоҳир Чоршанбаев (Бразилия):
— Компаниямизнинг қаерда офислари бўлса биз уларга ташқи бозорга чиқишга ёрдам берамиз. Маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашамиз. Маҳсулотларнинг каталоглари, тақдимотларини одамларга намойиш қиламиз. Умуман бошқа давлат бозорларига киришларини тезлаштириб берамиз. Бизнинг хизматлар улар учун қулай. Чунки бизнинг одамлар ўша жараён ичида. Мана шу соҳада ишлаб, аста кўтарилиб борганимдан кейин менга алоҳида департамент очишга имконият беришди. Business trip деган лойиҳада ишлай бошладим. Бунда ҳамма ўз қизиқишига кўра саволларига жавоб олиши мумкин. Ва яна имкониятларим ортиб борди. Ҳозирги янги лавозимим халқаро бизнес директори. Асосий биномиз Лиссабонда жойлашган. Ҳозир жамоани қайта ташкил қиляпмиз, яъни янги одамлар жалб қилиб, янги лойиҳалар билан Бразилиядаги жамоага ёрдам беряпман. Директор вазифасидаги инсон катта компаниялар билан шартнома тузади. Португалияда стартап учун жуда катта имкониятлар берилади. Ярмаркалар ўтказилади. Йирик инвесторлар келади. Уларнинг ўзлари пул тикиб, қўллаб-қувватлашади. Португалияда ҳозир технология ва туризм билан боғлиқ стартаплар тез ривожланяпти.
Бразилияда бир ярим йилдан буён ишлаяпман. Бразилия билан ишлаш жуда қийин. Чунки мамлакат жуда ривожланган. Халқининг характерига кўра, ўзларида бор маҳсулотни ташқаридан олишмайди. Ўзларида ишлаб чиқарилади. Ўзларига инвестиция киритишади. Бразилияда ишлашнинг энг қулай йўли — Бразилиядан маҳсулот олиш ёки шу ерда компания очиш. Халқи хушмуомала, одобли. Дастлаб хавфли деган тасаввур бўлган. Лекин бу ер тамоман бошқача. Одамлари сизга ёрдам беради. Бразилияда тиббиёт ва косметология соҳаси яхши ривожланган.
Ширин Чоршанбаева (Португалия):
— Мен ҳам Ўзбекистон билан ўз соҳамда алоқа ўрнатишга ҳаракат қилдим. Лойиҳам бўйича яқинда Тошкент стоматология институти ректори бошчилигидаги делегация Португалияга келиши керак. Ўзим таҳсил олган университетда шартнома имзоланади. Бу босқичга келгунча анча йўл босиб ўтилди. Бу ишга икки йил олдин киришгандим. Тошкент стоматология институти талабалари билан интернет орқали танишиб, ўзимизнинг таълим тизимимизни таништириб, ўхшашлик ва фарқлар, ютуқ ва камчиликларни ўргандим. Алмашинув шартномасини йўлга қўйишга ҳаракат қилдим. Ҳеч қандай дастурсиз икки университет ўртасида бирданига контракт тузишга ҳаракат қилдик. Ҳозирги дастурга кўра, 3 ёки 5 нафар талаба алмашиниб ўқиши мумкин бўлади. Бу магистратура ва ординатура талабалари учун. Бунга ҳисса қўшишимга сабаб синфдошларим, дугоналарим билан гаплашиб, фарқларни сезганим сабаб бўлди. Технологиялар, янги ишлайдиган техникалар биринчи Европада чиқади ва бизга тезроқ етиб келади. Мен хоҳладимки, мен оладиган таълимнинг барча яхши томонларини Ўзбекистонда ҳам олишсин.
Бу ерда бошқа юртни кўришлари мумкин. Акам каби мен ҳам Ўзбекистон билан қандайдир кўприк қуришни хоҳладим. Португалияда устоз билан талабада яхши алоқа бўлади, улардан қўрқмаймиз, эркин бўламиз. Ўзлари нима билса ҳаммасини ўргатишади. Факултетимиз шифохонанинг ичида жойлашган. Амалиёт жиҳатдан бу жуда қулай. Кўп талабалар алмашинув асосида келиб ўқишади. Таълим португал ва инглиз тилида олиб борилади.
Жавоҳир Чоршанбаев (Бразилия):
— Мен ўқиган университетда асосий таълим тили португал тили бўлган. Ва бошқа давлатлардан дастур асосида талабалар келишарди. Уларга ўқиш учун материал инглиз тилида юборилар эди. Имтиҳонлари ҳам инглиз тилида ўтказиларди. Биз эса португал тилида топширардик. Дарслар ҳам португал тилида эди. Португалияда инглиз тилини деярли ҳамма билади, тушунади. Халқи ҳам ёрдамсевар. Билмасангиз, тушунмасангиз, албатта, ёрдам қўлини чўзади. Ўқиган вақтим бир вақтнинг ўзида шанба-якшанба кунлари ишлардим ҳам. Ўқиб юрган вақтингизда ишласангиз, ойлик унчалик кўп бўлмайди. Ҳисоб-китобни белгилаб бориш керак.
Португалияда стипендия йўқ. 0 дан 20 гача бўлган даражада сизнинг баллингиз 16 дан баланд бўлса сизга рағбатлантириш берилади. Бу 1-семестрдан кейин тўланади. Хориждан келган талабалар контрактни ҳам кўпроқ тўлайдилар. Ётоқхоналар берилади, фақат унга аввалроқ ҳаракат қилиш керак бўлади. Португалияда аҳоли ўз шаҳридаги университетларга ўқишга кирмайди. Деярли ҳамма бошқа шаҳарлардаги университетларга кетади. Мен ва синглим ўзимизга кирдик. Португалияда мен ўқиган пайтлар платформа бўларди. Унда китоблар, манбалар жойланган. Кўп талабалар ишлаб ўқишга кела олмаслиги мумкин. Ана шундай талабалар учун бу жуда қулай. Барча тақдимотлар бор у ерда. Талаба устозлар билан алоқага чиқиб, фанларни ўзлаштириб бориши мумкин. Битта фандан икки марта дарс қолдириш имконияти бўларди. Икки мартадан кўп дарс қолдирсангиз, имтиҳон олинади. Ўта олмасангиз, ўша фандан қолиб кетасиз. Курсдан курсга қолмайсиз. Лекин келаси йили бу фанни бошқа фанлар билан бирга ўқишингизга тўғри келади.
Имтиҳон вақти кутубхоналар тўлиб кетади. Жой эгаллаш учун эрталабдан ҳамма кутубхона банд бўлади. Одатда, талабалар 16-18 ёшдан кейин ўқишга қизиқади. Ишлай бошлаганда ҳамма ўқишга қизиқади. Албатта, мен билганлар шундай бўлган. Ҳар хил китобларга қизиқишади. Университетда анъаналар бор. Формалар Harry Potter фильмидагидек бўлади. 1-2-йилларда китоб, ўқишга қизиқиш бўлмайди. 3-4-йилда ҳаммаси ўзгаради. Ўзининг билими, дунёқарашини бойитишга ҳаракат қилади. 3-йилда кўпчилик бошқа университетларда ўқишади. Келажакда Ўзбекистонга сентябрда бориш ниятим бор. Ўзим амалиёт ўтаган Савдо-саноат палатасига бориб Ўзбекистон билан ишлаш ниятидаман. Лекин у ерда қандайдир бизнес очиш фикрим аниқ тайёр эмас. Шундай ният бор, албатта.
Ширин Чоршанбаева (Португалия):
— Португалияда Европанинг бошқа давлатларига нисбатан тиббиёт соҳасида ўқиш арзон. Лекин 2 йил олдин 7 бараварга оширишди. 7000-8000 доллар тўлаб ўқиш мумкин. “Ишчи-талаба” режими мавжуд. Унда талабалар дарсларга бормаса ҳам имтиҳонларни топширади. Фанларни ўзлаштиради. Лекин бормагани учун ҳайдалмайди.
Факултетимиздаги бир устозим билан ассистент сифатида ишга олингандик — шу бўйича онлайн дарслар ўтказдик. Назария томони якунланди. Ёзда Ўзбекистонга бориб, амалиёт дарсларини ўтиш режалаштирилмоқда. Онам ўзбек тили ўқитувчиси бўлганлар. Улар бизга тилимиз эсимиздан чиқмаслиги учун болаликдан диктант ёздириб келадилар. Бy тилимизни унутиб юбормаслигимиз учун қилинган. Уйда ҳам ўзбек тилида гаплашишга ҳаракат қиламиз.
Дадам эса доим қаерда бўлманг, ўзбек эканингизни унутмай, ватанга ҳисса қўшсангиз, бу менинг энг катта инвестициям бўлади деб такрорлайдилар. Қаерда бўлмайлик, ўзбеклигимиздан фахрланамиз.
Тўлиқ видеони UzbekLife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.
Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди
Мавзуга оид

19:50 / 16.05.2025
Португалияда черковнинг қулаган деворлари орасидан 12 та скелет топилди

20:37 / 12.05.2025
Карло Анчелотти Бразилия миллий жамоасига бош мураббий бўлди

10:40 / 05.05.2025
Бразилия полицияси Леди Гага концертидаги терактнинг олдини олди

21:57 / 04.05.2025