Жамият | 14:18 / 02.11.2019
221882
8 дақиқада ўқилади

«22 йилдан бери Африкадаман» — «Суюнчи»даги Назира билан суҳбат

Ўлмас фильмлар режиссёри Мелис Абзалов томонидан 1982 йилда суратга олинган “Суюнчи” картинаси ўзбек киносининг олтин фондидан муносиб ўрин эгаллаган. Дурдона киноасарлардан бири саналган ушбу фильм мана қарийб 40 йилдирки, томошабинлар учун ҳамон севимли ва қадрли.

Kun.uz’да янги ташкил қилинган “Унутилаётган чеҳралар” лойиҳасининг бу галги иштирокчиси мазкур фильмда Назира ролини гавдалантирган 56 ёшли Шаҳноза Шамсиева (Ҳамроева) бўлди. Узоқ йиллардан буён Африка қитъасидаги Замбия Республикасида яшаб келаётган Шаҳноза опа билан интернет орқали боғланиб, суҳбатлашишга муяссар бўлдик.

– Шаҳноза опа, сизни излаб топиш мақсадида сўраб-суриштириб, Замбиядалигингизни билдик. Она юртингиздан анча олисдаги бу мамлакатга қачон ва нима мақсадда кетгансиз?

– Аввало, суҳбатлашиш ниятида боғланганингиз учун катта раҳмат. Замбияга 1997 йилнинг апрелида турмуш ўртоғим билан бирга келганмиз. Мен шифохоналардан бирида педиатр бўлиб ишлайман. Бу ерда кўплаб ўзбекистонлик оилалар бор. Барчамизнинг муносабатларимиз жуда илиқ, тез-тез йиғилиб турамиз. Улар Назира ролини ижро қилганимни яхши билишади.

Ўзбекистонга охирги марта ўтган йили бориб, келгандим. Худо хоҳласа кейинги йил яна боришни режалаштиряпман.

– “Суюнчи”даги биргина ижронгиз туфайли томошабинлар назарига тушгансиз. Фильмга қай тариқа келиб қолганингиз кўпчилик учун қизиқ.

– Барчаси тасодифан юз берган. Ўшанда 17 ёшда эдим. Укам Улуғбек Ҳамроев фильмларда роллар ўйнаб юрарди ва у паспорт ёшига етмаганлиги боис гонорарлари менинг номимга ёзиларди. Бир куни одатдагидек Улуғбекнинг пулини олиш учун “Ўзбекфильм”га бордим. Мени у ерда раҳматли режиссёр Мелис Абзалов кўриб қолиб, қисқа суҳбатимиз мобайнида анчадан бери Назира ролига мос келадиган актриса қидириб тополмаётгани ва мени шу ролга муносиб кўрганини таъкидлади. Уларга дадамдан сўраб кўришимни айтиб, хайрлашдим. Уйга бориб отамни Мелис аканинг таклифидан бохабар қилганимда, қатъий рад этган. Орадан маълум вақт ўтиб, Мелис Абзалов ёрдамчиси билан уйимизга бориб, бир амаллаб дадамнинг розилигини олишган.

– Кинодаги қайси саҳнани суратга олиш жараёни сиз учун қийин кечган?

– Камера қаршисида илк бор гапирганим боис бошида бу ҳолат менга қизиқ туюлган. Аммо сира қийинчиликлар бўлмаган, мен қатнашган кадрлар осон тасвирга туширилган. Фақат қаҳрамоним ўсма қўядиган саҳна бир неча марта дубл қилинишига тўғри келган. Чунки қошимни хунук қилишни истамаганман. Мелис ака “Айтганимдек қош қўйсанг янада кулгилироқ ва қизиқарли чиқади”, дея мени кўндирган.

– Шаҳноза ва Назира ўртасида қандай ўхшашликлар мавжуд?

– Иккиси ҳам кўп жиҳати билан бир-бирига ўхшайди. Назира образи каби ҳаётда ҳам жуда шартаки, қайсар ва дилидаги тилида бўлган аёлман. Бу фикрни раҳматли қайнотам ҳам кўп гапирарди. Фильмда боримча намоён бўлиб, роль ўйнаганман.

– “Суюнчи” катта экранларга чиққач, анча шов-шув бўлганингиз шубҳасиз.

– Ҳақсиз. Фильм оммага ҳавола қилинганидан сўнг кўча-кўйда кўпчилик таниб қолиб, “Ана Назира, уф-уф, чой”, дейишарди. Тошкентга ташриф буюрганимда ҳам юртдошларимиз орасида ҳануз мени танийдиганлар кўплигидан хурсанд бўламан.

– Картинадаги актёрларнинг қайсилари билан муносабатларингиз ҳозиргача сақланиб қолган?

– Афсуски, ҳеч қайсиси билан алоқа қилмаймиз. Тошкент педиатрия институтида ўқиганим туфайли бошқа нарсаларга чалғимасдим, вақтим ҳам бўлмасди.

– Нима учун “Суюнчи”дан кейин қайтиб киноларда кўринмадингиз?

– Таклифлар жуда кўп бўлган. Лекин дадам рухсат бермаган. “Битта роль етади, санъат ҳақида ўйламай, ўқишингни ўқи”, дерди. “Келинлар қўзғолони”даги Нигорани ҳам менга топширмоқчи бўлишганида отам кўнмаган. Ўзимда санъатга қизиқиш кучли бўлса-да, аммо уйдагиларнинг қаршилиги сабаб роса иккиланганман ва охири ўқишимни устун билдим. Ота-онам хоҳлагандек, болалар шифокори бўлдим. Институтни битиргач, Тошкент шаҳридаги 1-болалар шифохонасида ишладим. Бир неча йил тиббиёт коллежида ўқувчиларга дарс бердим. Кейин Замбияга келишга қарор қилдим.

– Мусофир юртда ватан соғинчини қандай енгасиз?

– Киндик қонинг тўкилган юрт соғинчи жуда оғир ва уни босиш ҳам осон эмас. Ёшликдаги дугоналарим, қариндош-уруғларим билан интернет орқали суҳбатлашиб, бироз бўлса-да, ўзимни Ўзбекистонга бориб келгандек ҳис қиламан.

Хонадонимизда она юртимни ёдга солувчи нарсалар кўп. Қозон, пахта гулли ўзбек чойнак-пиёласи, ўзбек ҳунармандлари тайёрлаган пичоқ каби буюмларга ҳар гал кўзим тушганида Ўзбекистонни эслайман.

Норин, чучвара, ош, мошкичири, мошхўрда, мастава сингари миллий ўзбек таомларини деярли ҳар куни пишириб, оилавий дастурхон атрофида Ватанда кечган дамларни ширин хотиралар билан қумсаймиз.

– Африка кўпчиликнинг тасаввурига сувсиз, қурғоқчилик авж олган жой шаклланади. Аслида ҳам шундайми?

– Барча ҳудудини ҳам бундай деб бўлмайди. Замбия тез ривожланаётган республика ҳисобланиб, мен яшайдиган Ливингстон ҳам жуда чиройли ва туристик шаҳар. Бу кентда Виктория шаршараси ҳам жойлашган. Хонадонимизга Ўзбекистондан келадиган меҳмонлар “Биз Африкани бундай тасаввур қилмагандик, яйраб дам олдик”, дея ҳайратланиб фикр билдиришади.

– Фильмни интернет орқали кўрганингизда хаёлингизда қандай хотиралар уйғонади?

– Аслида кичик роль билан мухлисларнинг тилига тушишни тасаввур қилмаганман. Ҳалигача ижром ҳақида илиқ фикрлар айтишса, қувонаман.

Фильмни кўрганимда ёшлик пайтларим, ўқувчилик даврларим ёдимга тушади. Кино Тошкент вилоятидаги қишлоқларнинг бирида суратга олинган. Съёмка жараёнлари якунига қадар устоз санъаткор Зайнаб Садриева билан бир хонада яшаганман. Улар ўз набирасидек яқин олиб, ҳам ҳаётий, ҳам санъатга оид маслаҳатлар берарди. Қаттиққўл, тартиб-интизомли аёл сифатида хотирамда қолган.

Тасвирга олишда қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Айниқса, Абдурайим Абдуваҳобов ҳиндча қўшиқлар куйлаб, бизни роса кулдирарди.

– Қандай оилада дунёга келгансиз?

– Тошкент шаҳрида зиёли оилада туғилганман. Дадам Наримон Ҳамроев асли наманганлик бўлиб, машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг ўғли бўлади. Онам Муҳаббатхон ая эса бухоролик. Ҳозир 78 ёшда, кексалик гаштини суряпти.

Оилада икки фарзандмиз: мен ва укам. Улуғбек бугунги кунда кинооператор сифатида фаолият юритади.

– Шахсий ҳаётингиз тўғрисида ҳам гапириб берсангиз?

– Умр йўлдошим билан касбдошмиз. У – кўз шифокори. Уч нафар фарзандимиз, икки нафар неварамиз бор. Тўнғич ўғлим Шерзод оиласи билан Францияда яшайди. Қизим Райҳонни ҳам узатганман, у Замбияда истиқомат қилади. Кенжам Шуҳрат эса Жанубий Африкадаги олийгоҳларнинг бирида таҳсил олади.

– Суҳбат учун катта раҳмат.

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери