Муҳаммад Юсуф уй-музейи учун ажратилган жой тадбиркорга бериб юборилган. Чигаллик қаердан келиб чиқди?
Ўзбек миллатининг шоирлардан тақчиллиги бўлмаган. Яхши шоирларимиз кўп. Муҳаммад Юсуф эса уларнинг энг яхшиларидан.
Ўзбекистон халқ шоири номи билан боғлиқ зиддиятли муаммони ёзишдан олдин кўп ўйландик. Такрор мурожаатлардан сўнг, таҳлилий-танқидий мақоламиз том маънодаги эл суйган шоир хотираси, унинг оиласи ҳурмати, обрўсига путур етказмаслиги масъулиятини ҳис этган ҳолда масалани ўрганишни бошладик.
Балки, муболаға бўлиб кўринар, лекин Муҳаммад Юсуф қолдирган адабий мерос учун ҳар қанча эътибор оз.
Мақола орқали марҳум адибнинг ҳурмати учун амалга оширилган самарали ишларга соя солмоқчи эмасмиз. Андижон шаҳрида унинг номи билан аталган гўзал хиёбон қурилгани, Муҳаммад Юсуф ижод мактаби фаолият юритаётгани таҳсинга лойиқ иш.
Бугунги мақола эса бироз дилингизни хира қилиши мумкин. Марҳум шоирнинг аёли Назира опа бизга Марҳамат тумани ҳокимлиги томонидан шоир уй-музейи учун ажратилган ер майдони тадбиркорга ноқонуний тарзда бериб юборилаётгани ҳақида шу йилнинг июль ойи телефон орқали мурожаат қилган эди. Биз воқеа чигаллашишини истамай, ўша пайтнинг ўзида туман ва вилоят мутасаддиларига бу муаммони етказдик.
Бироқ, ўтган уч ой давомида масала ижобий якун топмади.
Эзгу ният ортидан келган муаммо
Шоир Андижон вилояти Марҳамат тумани Қовунчи қишлоғида туғилган. Марҳаматликлар «Машҳур шоир бизнинг тумандан», дея фахрланадилар. 2016 йил май ойида туман ҳокимининг 240-14 сонли қарори билан «Қорақўрғон» МФЙ ҳудудидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг уй-музейи қурилиши учун 15 сотих ер майдони ажратилади. Аҳоли ва шоирни йўқлаб келувчи ихлосмандлар бу воқеани катта хурсандчилик билан қабул қилишди. Уй-музей қурилишига ажратилган майдон зўр танланган. Андижон-Марҳамат асосий йўлининг Қовунчи қишлоғига бурилиш жойи.
Муаммолар орадан уч йил ўтиб бошланди. Шоир Муҳаммад Юсуфнинг қизи Мадина Юсупова Kun.uz сайтига юборган мурожаатида шундай дейди: «Ўзбекистон халқ шоири, менинг отам Муҳаммад Юсуф номи билан юритиладиган фонд ихтиёрига Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғи, «Тош йўли» МФЙ ҳудудидан туман ҳокими Х.Султоновнинг қарорига асосан 15,4 сотих ер майдони уй-музей қуриш учун ажратилган эди. Аммо, туман ҳокими ўзгаргач, халқ ҳашари йўли билан қурилиши керак бўлган объект қурилмай қолиб кетган.
Бу ҳақда айни пайтдаги Марҳамат тумани ҳокими Шуҳрат Қамчиевга бир неча бор мурожаат этдик. У фонд ерига ҳеч ким дахл қила олмаслигини айтиб, бизни ишонтирди.
Аммо фондга тегишли ер 2019 йилнинг февраль ойида, Россияда ишлаб юрадиган ака-ука Фарҳод ва Фурқат Йўлдошевга маҳаллий ҳокимият томонидан бизни огоҳлантирмай, уй-музей учун чиқарилган қарор бекор қилинмай туриб бериб юборилган.
Биз еримизни фондга қайтариб олиш учун Тошкент-Андижон-Марҳамат ўртасида 4,5 ойдан бери сарсонмиз. Аммо ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Муаммо бўйича вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга ҳам мурожаат этганмиз.
Бу орада юрак хуружи билан касалхонада узоқ даволаниб чиққан онам Андижонга жуда кўп марта қатнашга мажбур бўлди. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига нисбатан ҳурматсизлик, ноҳақликлар, бизга бўлган ёмон муносабат онамнинг соғлиги ёмонлашишига олиб келди.
Опам Нозима фонд ерига ноқонуний қурилиш қилаётган Йўлдошевларга хатти- ҳаракатлари ноқонуний эканини тушунтиришга уринганида, улар опамга «Бизга бу ерни вилоят ҳокими берди. Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди!», деб жавоб берган.
Ушбу ноқонуний ҳаракатлар бугунги кунда президентимиз томонидан отамизнинг меҳнатларини зўр эътибор билан қадрлаб турганларини кўра-била туриб қилинаётганига ҳайронмиз. Бу ҳолатни - Андижон вилояти ва Марҳамат туман раҳбарлари томонидан отамиз Муҳаммад Юсуф ва бизнинг оиламизга ҳамда эл суйган шоирнинг пок номига қилинган ҳурматсизлик деб баҳолаймиз».
Муҳаммад Юсуф оиласи вилоят ва туман мутасаддиларига кўп бор мурожаат қилган.
Ўзбекистон президенти порталига қилинган икки мурожаатдан бири Марҳамат тумани ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, аризачига жавоб хати ҳам жўнатилади.
Туман ер ресурслари Давлат кадастр бўлими бошлиғи С.Бўтаев томонидан юборилган ўрганиш натижаларини «топишмоқ хулоса», деб аташ мумкин. Кадастр раҳбари жавоб хатида, уй-музейга ажратилган жойда қурилиш қилаётган тадбиркор ўрганиш давомида мутасаддига ҳеч қандай қарор ва лойиҳа тақдим қила олмаганини айтади. Хатда «Муаллиф жавобдан қониқмаса, яна юқори турувчи бошқармага мурожаат қилиши мумкинлигини билдираман», деган якун ҳам бор.
Марҳамат туман ҳокимлигида
Июль ойи охирларида худди шу муаммо билан туман ҳокими Шуҳратбек Қамчиевга боғланганимизда, муамммолар ҳал бўлиши, шоирнинг оиласи ва тадбиркорни келиштириб қўйишини айтганди. Айнан «келиштириб қўйиш» иборасига қуйида тўхталамиз.
Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Марҳамат туманига бордик. Мақсадимизни эшитган туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Исроилжон Тешабоев ҳокимлик юристи Муҳаммаджон Аҳмедов ва архитектор ёдамчиси Ортиқали Эргашевни чақирди.
Ҳоким ўринбосарининг талаби билан ташкилий-назорат бўлими ходимлари бизга туман ҳокимининг 2016 йил 2 май санаси билан қабул қилинган «Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг уй-музейи халқ ҳашари йўли билан қурилиши учун «Қорақўрғон» ҚФЙ ҳудудидан ер участкаси танлаб ажратиш тўғрисида»ги қарори, шу қарорга асосан тузилган далолатнома ва ер майдони кўрсатилган харитани тақдим қилишди. Барча ҳужжатлар туман мутасаддилари томонидан муҳр ва имзо қўйиб тасдиқланган. Қоғозлар ер участкаси қонунан уй музей учун берилганини кўрсатиб турибди. Қарорнинг 7- бандида қарорнинг тасдиғи вилоят ҳокимлиги вилоят ҳокимлиги Ер масалалари билан фойдалануви комиссиясидан сўралсин, дея кўрсатилган.
Мутасаддилар билан биргаликда уй-музей қурилиши учун ажратилган жойга бордик. Қорақўрғон қишлоғидаги ер майдонида тадбиркор Юлдашев Миркомилжон томонидан маиший хизмат кўрсатиш бинолари қад ростлаб, иккинчи қаватида ишлар кетяпти.
Мутасаддининг тушуниб бўлмас изоҳи
Маълум муаммо ҳақида туман ҳокими ўринбосари Исроилжон Тешабоев билан ўша жойнинг ўзида суҳбатлашдик.
«Марҳамат тумани маркази ва учта қишлоқда катта кўламда ишлар олиб бориляпти. Агар вақтингиз бўлса ана шундай бунёдкорлик ишлари кетаётган учта катта қишлоқни айланамиз. Айнан мана шу жойдаги қурилиш ишларига тўхталадиган бўлсак, бу ерда тадбиркор 15 сотих майдонда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектини қуришни бошлаган. Барча ҳужжат, лойиҳалари бор. Қолган ўн беш сотихида Муҳаммад Юсуф уй-музейи қурилиши режалаштирилган.
2016 йилда уй-музей қурилиши учун ер участкаси ажратилган бўлсада, уч йил давомида қурилиш бўлмагани, яъни ер бекор ётгани учун тадбиркорга бердик. Тадбиркор ҳозир бу жойда савдо, маиший хизмат объектларини қуряпти. Шу билан бирга, тадбиркор мана шу жойдан зал ажратиб шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг кичик музейини очишини билдирди. Яна ҳайкалини ўрнатадиган бўлди. Тадбиркор уй-музей экспонатлари учун етарли саҳн ажратади», дейди мутасадди.
Муҳаммад Юсуф фонди аъзолари ва тадбиркор ўртасидаги тортишув ечими ҳақида мунозарага Исроилжон Тешабоев «уларни келиштириб қўямиз», дея изоҳ берди.
Мана шу жойда мутасаддига, «Муаммо пайдо бўлганидан бери 6 ой ўтган бўлса, тадбиркор томонидан уй-музей ташкил қилиниши ҳақида айтилмаган эди. Тадбиркорга берилган ҳужжатлар билан танишсак бўладими?», деган саволни бердик.
Ҳоким ўринбосари ҳужжатларни тадбиркор кўрсатишини айтди.
Бу орада тадбиркор Миркомил Юлдашевнинг иш юритувчиси келиб, бизга ўзида мавжуд туман ҳокимининг қарори, далолатнома ва қурилиш учун ҳудуд кўрсатилган харитани тақдим қилди.
Биз ҳужжатлар кўздан кечириб туман архитектура ходими Отабек Ҳамроқуловга қўлимиздаги ер майдони кўрсатилган харита билан юзландик.
Мутахассис қарорга илова қилинган қишлоқ хўжалик харитасидаги жой иккала қарорга асосан бир хиллигини тасдиқлади.
Қарангки, туман ҳокимининг 2016 йилги қарори бекор қилинмасдан айнан ўша ер майдонига иккинчи қарор чиқарилибди(!).
Тадбиркор: «Бизга ер майдонини фонд раҳбари, яъни Муҳаммад Юсуфнинг аёли сотамиз, деган!»
Тадбиркор Миркомил Юлдашевнинг иш юритувчисининг сўзларини тингладик.
«Биз қурилишни ўзимизча бошлаганимиз йўқ. Ўша пайтда шоир Муҳаммад Юсуфнинг хотини келиб бизга бу жойни сотамиз деган ва 30 минг долларга келишганмиз. Қўлига минг доллар ҳам берганмиз. Улар бизга ер қарорини кўрсатамиз, деб ўйин қилишган. Орадан анча вақт ўтиб бизга муддати ўтиб кетган қарорни кўрсатишди. Биз қурилишни бошлаганимиздан кейин вилоят ҳокимининг ўзи келиб ишларимизни кўриб рухсат берган. Қайтариб айтаман, биз қурилишни ўзимизча бошламаганмиз. Шоиримизнинг аёли биздан пул олган. Кеча қизи яна телефонда мендан пул талаб қилди. Улар вилоят ҳокими ўринбосари билан келиб тазйиқ ўтказиб ҳам кўришди, қурилишимиз тўхтаб ҳам қолди. Кейин мана ёзув-чизувга ўтишди. Мақсадини биламиз.
Минг доллар берганимизнинг видеотасвирлари ҳам бор. Ҳозир видеолар Россиядаги акамда. Шунинг учун кўрсата олмайман. Ўша жараёнда шоирнинг холалари, аммалари, жияни ҳам бор эди. Сотаман дейишган, олганмиз. Биз ташландиқ жойни обод қиляпмиз. Улар барибир Марҳаматга келиб уй-музей қурмайди. Шу пайтгача ҳеч нарса қилишмади-ку?!
Қарорини кейин кўрсатишди. У эскирган қарор экан. Биз чиқиндихона бўлиб ётган жойни обод қиляпмиз. Бизга эътироз қилишлари қизиқ», дейди иш юритувчи йигит.
Тадбиркор шоирнинг оиласига берилган пул ҳужжатлаштирилмаганини айтди.
Тадбиркор ҳақми?
Туман ҳокимлиги ер майдонини тақдим қилиб, қарор чиқариб бергач, Миркомил Юлдашев қурилишни бошлаган. Айни пайтда бинонинг иккинчи қаватида иш кетяпти.
Тадбиркор ҳокимлик барча ҳужжатларни расмийлаштирганидан сўнг қурилиш бошлаган. Бошқа жойни беришса, савдо ва маиший хизмат биносини ўша жойга қурарди. Унинг шоир оиласи билан олди-бердиси эса алоҳида масала.
Марҳамат туман ҳокими Ш.Қамчиев ва бошқа мутасаддилар аввалги қарорни бекор қилмай, иккинчи қарорни чиқаргани тадбиркор ва фонд ўртасидаги муаммони келиб чиқарган.
Уй-музей учун ажратилган ерни ҳукуматнинг мақсадли фойдаланилмаётган, бўш турган ерларни тадбиркорларга ажратиб бериш тўғрисидаги қарорига асосан тадбиркорга берилгани тўғри қарормиди?
2016 йилги ҳоким қарорида уй-музейи халқ ҳашари йўли билан қурилиши кўрсатилган-ку?!
Демак, уй-музейи қурилишига Муҳаммад Юсуф фонди билан бир вақтда туман ҳокимлиги ҳам тенг масъул эди. Марҳамат туман ҳокимлиги тадбиркорга «бу қарорнинг муддати ўтган», дейиши ҳам нотўғри.
Фондда маблағ етишмагани сабаб қурилиш бўлмади. Халқ шоирининг уй-музейи қуриш учун ҳокимлик ва фонд хайрия ташкил қилганида ҳам маблағ йиғилган бўлар эди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳаматга келган вақтида туман ҳокимлиги мутасаддилари ер майдони уй-музей учун ажратилгани ҳақида батафсил тушунтириб айтишмаган деган тахмин ҳам бор.
Шундан сўнг Муҳаммад Юсуфнинг беваси, фонд раҳбари Назира ас-Салом билан гаплашдик.
«Шоир адабий мероси билан шуғулланиб, уни тўплаш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида 2003 йили мазкур фондни ташкил этгандик. 2013 йилда «Ёш таржимонлар маҳорат мактаби» номли лойиҳа бўйича давлат грантини қўлга киритдик. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Муҳаммад Юсуф ижодидан фойдаланиш асосий мақсадимиз.
Ер масаласида салкам бир йилдан бери курашиб келамиз. Аслида бу ерни Марҳамат туманининг олдинги ҳокими Хурсандбек Султонов ўз ташаббуси билан фондга ўтказиб берганди. Ўшанда 2016 йилнинг баҳори эди. «Опа, ҳар гал туманимизга келганингизда ҳали у қариндошникида, ҳали бу танишникида қоласиз. Фонд номига ер ажратиб, у ерга Муҳаммад Юсуф уй-музейи ва уни зиёрат қилувчилар учун иморат, ўзингиз учун уй қурсак. Сиз ҳам, меҳмонлар ҳам қийналмайди. Буларни халқ ҳашари асосида қурамиз, биздан яхши иш қолсин. Муҳаммад Юсуф юртига келганлар хурсанд бўлсин», деган гапларни айтди.
Ўша йилнинг май ойи бошида ҳокимнинг ер ажратиш бўйича қарори чиқди. Ер туман марказига кетаверишдаги касб-ҳунар коллежи олдида жойлашган бўлиб, 15,4 сотихдан иборат эди.
Орадан ҳеч қанча муддат ўтмай Хурсандбек ҳокимликдан бўшаб кетди. Бироз вақтдан кейин ҳозирги ҳоким Шуҳрат Қамчиевнинг олдига бордим. Янги ҳоким суҳбат давомида «Фондга берилган ерга ҳеч ким тегмаслиги, ҳокимлик қурилиш ишларида кўмаклаша олмаслиги, қачонлардир имкониятим бўлганида ўзим қураверишим мумкинлиги» ҳақида айтди. Шундан сўнг кўнглим хотиржам юравердим.
Шу йилнинг апрель ойида бир киши қўнғироқ қилиб бизга ажратилган ерда бегона кишилар юргани ҳақида хабар берди. Дарҳол Марҳамат туман кадастр бўлими бошлиғи Умиджон Қурбоновга алоқага чиқдим. У турли мужмал сўзларни айтиб, бу ишлардан бехабарлигини билдирди.
Бир ойдан сўнг Марҳамат туманига борганимизда фонд ерида икки йигит ва бир аёл бошчилигида усталар ишлаётгани устидан чиқдик. Улар ҳокимликдан қарор чиқарилганини айтишди. Қизим ва қайнсинглим ҳамроҳлигида туман ҳокими олдига йўл олдик. Тунги соат 22:00да ҳоким хонасида у билан учрашдик. Ҳоким туман архитектура бўлими бошлиғини чақиртирди. У бизнинг олдимизда ҳокимнинг қатор саволларига жавоб берар экан, орада фонд еридан бошқа шахслар учун ажратиш бўйича ҳокимнинг ўзи қарор чиқартирганини айтиб қўйди. Кейин архитектор туфайли бизнинг ердан тадбиркорлар учун февраль ойида 3,3 сотих ажратилгани ва ҳоким қарори қабул қилинганидан хабар топдик. Ҳокимга бор ҳолатни айтсак-да, фонд ерида қурилиш қилаётган тадбиркорларнинг иши тўхтатилмади.
Июнь ойи бошида яна Марҳаматга бордик. Бу сафар туман ички ишлар бўлими бошлиғига қўнғироқ қилдим. У қурилиш кетаётган жойга келишимни сўради. Фонд ерига боргунимизча туман ҳокими қурилиш ишларини тўхтатиб кетган экан. Биз борган жойга ҳокимнинг Исроилжон исмли ўринбосари (туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Исроилжон Тешабоев) ҳам келди. Унга ерга оид барча ҳужжатларни кўрсатдик. У мени бир четга олиб ўтиб, «ҳозир туман «Обод туман» дастурига тушгани, бу ерга бино қуришга фонддаги маблағ етмаслиги, кейинроқ қурилиш қилсам бошқа жойдан ер олиб, бошлайверишим мумкинлиги, шунинг учун бу тадбиркорлар билан келишиб олаверганим маъқуллиги»ни айтди.
Ваҳоланки, ўшанда тадбиркорлар эндигина ерни қазиб, бетон қуйишни бошлашган эди. Ҳали катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмаганди. Ҳоким ўринбосарига «бу ерга ўзимга уй ёки сотишга иморат қурмоқчи бўлмаётганим, шахсий манфаатим эмас, халқ манфаатини ўйлаётганим, ерни ҳеч кимга сотмаслигим»ни айтдим.
Эртаси куни қайнсинглимнинг уйига ака-ука тадбиркорлар келишди. «Опа, биз ер сизга тегишли эканини билмай қолибмиз. Анча иш қилиб қўйдик. Барибир маблағингиз йўқ экан, қурилишни давом эттиролмайсиз», дейишди. Улар ҳокимлик орқали мен ҳақимда барча маълумотга эга бўлиб, олдимга боришгани ажаблантирди.
Мен уларга Тошкентга қайтиб, ер масаласида қандай ҳуқуқларим борлигидан бохабар бўлиб, сўнг яна гаплашишимизни билдирдим. Аммо тадбиркорлар у десам у деди, бу десам бу деди. «Ерни бировга сотиб юборманг», дея қўлимга 1 минг АҚШ доллари тутқазиб, тезда машинага ўтириб кетиб қолишди. Ҳозир уларнинг пули менда турибди. Еримни қайтариб беришса, маблағини ҳам қайтараман.
Тадбиркорларни туман ҳокими, туман кадастр бўлими бошлиғи шу даражада қўллаб-қувватлаяптики, бизнинг 15,4 сотих еримиздан уларга 3,3 сотих ажратилса-да, улар қурилиш ишларини фонд еридан бошлашган. Ўзининг ерига қўшиб 15,4 сотихни ҳам шахсий мулкига айлантириб олишган. Тадбиркорлардан ерга оид ҳужжатларини сўрасак, негадир кўрсатишмаяпти. Бу ҳам бизда турли шубҳаларни уйғотяпти.
Марҳаматда юрган пайтим вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов туманда юрганидан хабар топиб, кўришиб дардимизни айтдим. Ҳоким 3-4 кун муддат ичида масалани ўйлаб кўришини билдирди. Лекин шу пайтгача улардан ҳам бирор фикр чиқмади, жим-житлик. Тадбиркорлар қайнсингилларимнинг фарзандларига машина, катта миқдорда пул берганмиз, дея турли асоссиз гап-сўзларни ҳам тарқатишди.
Фонд ери катта кўча бўйи, ҳар томонлама қулай жойда жойлашгани боис ундан воз кечгим йўқ. Бошқа ҳудуддан ер ажратиб беришса ҳам у ерда қурилиш қилмаймиз. Қисқаси, аввалги ҳоким иззат-икром билан ажратган ерни янги ҳоким юзимизга бир тарсаки тушириб тортиб олди. Энг қизиғи, бизни огоҳлантиришмади, еримиз ҳақидаги қарор бекор қилинмаганди.
Президентимиз Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш йўлида олиб бораётган шунча ислоҳотлар олдида бир туман раҳбари бундай иш қилиб турса, жуда хунук кўринаркан. Шу пайтгача бировнинг устидан ташкилотларга арз қилган эмасман. Ҳозир ҳам фондга берилган ер ўзимизга қайтишига ишонмайман. Туман ҳокимининг қандайлигига амин бўлдим. Унинг қандайлигини аҳоли ҳам билса, дейман. Халқ шоирининг ижодига унинг ўзи туғилиб, улғайган юрт амалдорларининг муносабатидан қаттиқ хафа бўлдим», дейди Назира ас-Салом.
О, ота маконим...
Йил давомида Марҳаматга суюкли шоирни йўқлаб, юртимизнинг турли бурчакларидан минглаб шеърият ихлосмандлари келади.
Улкан адабий меросга эга Муҳаммад Юсуфнинг уй-музейини ташкил қилиш наҳотки тадбиркорга қолган бўлса? Ўзбекистон халқ шоирини эл нақадар ҳурмат қилиши ҳақида такрорлаш ортиқча.
Қовунчи қишлоғи йўлида мактаб ўқувчиларини учратдик. «Қани эди шоирнинг уй-музейи бўлса», деган жамалак соч қизчалар унинг шеърларидан ёд айтиб беришди.
Уй-музей керак. Ва бу жуда долзарб.
Юқорида айтганимиздек, бизга келган мурожаатдаги муаммоли ҳолатни ўрганиш осон бўлмади. Мақоламиз эл суйган шоир хотираси, унинг оиласи ҳурмати - обрўсига путур етказмаслигини хоҳлардик.
Уй-музей масаласи эса ҳозирча очиқ қолади...
Элмурод Эрматов, Сарварбек Назаров
Kun.uz мухбирлари
тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов
Тавсия этамиз
«Баъзилар учун геноцид даромадли» — БМТ эксперти бутун дунёни Исроил билан савдони тўхтатишга чақирди
Жаҳон | 18:56 / 04.07.2025
40 даража иссиқ: бунақа пайтда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга?
Жамият | 17:15 / 03.07.2025
Иссиқдан қандай сақланиш керак? – ЖССТ тавсиялари
Ўзбекистон | 16:06 / 02.07.2025
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

17:09 / 25.01.2025
“Ўзбекистонда бунақаси битта”: Марҳаматдаги айлана кутубхонага саёҳат

17:17 / 10.01.2025
“Бувамнинг оиласини кичик фанлар академиясига ўхшатишарди” – невараси ёзувчи Ойбек ҳақида

18:35 / 04.01.2025
“Катта миқдорда маош берамиз дейишди” – Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

19:45 / 15.02.2024