KUN.UZ таҳририяти барчани Ҳайит байрами билан муборакбод этади

Фото: Kun.uz
Муқаддас Рамазон ойи ортда қолди. Бу ойда амалга оширилган барча яхши амаллар кейинги ойларда ҳам инсонга куч-қувват ва илҳом бағишлаб туради. Инсон йил давомида Рамазон ойидан олган маънавий фойдалари сабаб, ўз ҳаётида яхшиликларни кўпайтиради, ўзгаларга ҳам яхшилик улашишда бардавом бўлади.
Бугун бутун дунё мўмин-мусулмонлари қатори Ўзбекистон аҳли ҳам Ҳайит байрамини кутиб олди. Бу байрам мўминлар учун қувонч кунидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматга Исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар: “Аллоҳ таоло сизлар нишонлайдиган бу (жоҳилиятдан қолган) икки байрам ўрнига янада хайрлироғини – Рамазон ва Қурбон байрамларини ҳадя этди” (Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлик ахлоқига хос бўлган мусулмонлар билан саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини қутлаш, меҳр-оқибат ва саховат кўрсатиш каби фазилатлар ёрқинроқ намоён бўлади.
Бу кунда қилинажак ишларга Ҳайит намозидан сўнг ота-она ва фарзандларга совға улашиш, дўст-биродарларни байрам билан қутлаш, қариндошлар ҳолидан хабар олиш, беморларни йўқлаш, уларга байрам ҳадялари улашиш, хуллас, инсон кўнглини Аллоҳ розилиги учун кўтарадиган ҳар қандай яхши амаллар киради.
Аммо шуни унутмаслик керак-ки, Ҳайит байрамида кўнгилни хира қиладиган, кайфиятни тушурадиган, бидъат бўлган ишларни бажармаслик керак. Масалан, таъзия очиш, исрофгарчиликларга йўл қўйиш, никоҳ тўйлари ўтган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Унга кетадиган маблағларни ва неъматларни муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатиш энг хайрли иш бўлади.
Бу кун ўзгача кун. Бу кун кексаларнинг дуоси ила файзли, бу кун болаларнинг кулгиси ила қувончли, бу кун қилинган хайрли амаллар сабаб хотиржамликда. Мана шундай дамлар ватанимизнинг ҳар кунида яшасин, ҳар кунида балқ уриб турсин.
KUN.UZ таҳририяти барча юртдошларимиз ва хорижда юрган ўзбекистонликларни кириб келган Ҳайит байрами билан қутлайди. Юрт фаровонлиги давомийлигини, хонадонларда қут-барака, тинчлик-хотиржамлик бўлишини ва кейинги йил ҳам муқаддас Рамазон ойини эсон-омон кутиб олишликни тилайди. Ҳайит – барчага муборак бўлсин!
Мавзуга оид

17:44 / 25.03.2025
Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда жорий Рамазон ойи 29 кунда якунланиши кутиляпти. 30 март Ҳайит бўлиши мумкин

10:32 / 01.03.2025
Саида Мирзиёева Рамазон ойи муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади

22:08 / 28.02.2025
Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади

17:09 / 28.02.2025