Жаҳон | 12:40 / 30.04.2025
2307
2 дақиқада ўқилади

Трамп Карнини Канададаги сайловлардаги ғалабаси билан табриклади

Доналд Трамп ва Марк Карни Қўшма Штатлар ва Канада учун «мустақил, суверен давлатлар» сифатида ҳамкорлик қилиш муҳим деган фикрга келди, деб хабар берди Канада бош вазири идораси.

Фото: Justin Tang/The Canadian Press/AP/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трамп Канада бош вазири Марк Карнини телефон орқали мулоқотда мамлакатдаги навбатдан ташқари парламент сайловларида Либерал партиясининг ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда 29 апрель, сешанба куни Канада бош вазири идораси маълум қилди.

Хабарда таъкидланганидек, ҳар икки етакчи АҚШ ва Канада ўртасидаги ҳамкорлик «мустақил, суверен давлатлар сифатида» жуда муҳим, деган фикрга келган. Шу билан бирга, Трамп ва Американинг амалдаги президентининг ашаддий танқидчиси Карни «яқин келажакда» шахсий учрашув ўтказиш истагини билдирди.

Канадада 28 апрель куни АҚШ билан муносабатларнинг ёмонлашуви, Вашингтоннинг Канада экспортига юқори тарифлар жорий этиши, Доналд Трампнинг қўшни давлатни АҚШнинг 51-штатига айлантириш таҳдиди фонида муддатидан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтди. Марк Карни ўз партиясининг сайловдаги ғалабаси ҳақидаги нутқида Трампнинг агрессив сиёсатига қарши қатъий позицияда туришга ваъда берди.

Овозларнинг 99,9 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг, Канада Либерал партияси сайловда 169 ўринга эга бўлди ва шу тариқа деярли мутлақ кўпчиликни қўлга киритди, бунинг учун 172 ўрин зарур эди. Айни пайтда, бу ҳисоб-китобларга кўра, Пер Пуальевр бошчилигида сайловларда иштирок этган Канаданинг мухолиф Консерватив партияси 144 та парламент ўрнини олади.

30 апрель куни эрталаб Марк Карнини сайловдаги ғалабаси билан Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам табриклади.

Мавзуга оид